islomkarimov.uz, islamkarimov.uz сайти ишга туширилди
  • 27 Октябрь 2017

islomkarimov.uz, islamkarimov.uz сайти ишга туширилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси расмий веб-сайти — islomkarimov.uz, islamkarimov.uz ишга туширилди.

Ўзбек, рус ҳамда инглиз тилларида фаолият олиб бораётган мазкур сайт “Uzinfocom” компьютер ва ахборот технологияларини ривожлантириш ҳамда жорий қилиш маркази мутахассислари томонидан яратилди.

Ушбу сайт буюк давлат ҳамда сиёсат арбоби, мустақил давлатимиз асосчиси, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳаёти ва фаолияти ҳақида интернет фойдаланувчиларини таништириш мақсадини кўзлайди.

Веб-сайтдан Ислом Каримовнинг таржимаи ҳоли, давлат мукофотлари, асарлари, Ватанимизнинг мустақиллик солномаси, жамият ҳамда давлат бошқарувининг турли соҳаларидаги ўзгаришлар ва ислоҳотларга оид материаллар ўрин олган. Хусусан, унинг “Хотиралар” бўлимида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ижроия қўмитаси раиси — Ижрочи котиби Сергей Лебедевнинг эсдаликлари келтирилган. Унда, жумладан, шундай дейилади: “Менинг қалбимда бу меҳрибон ва атоқли инсон, Ўзбекистоннинг ҳақиқий етакчисига нисбатан юксак ҳурмат туйғуси ҳамон сақланиб турибди. Унинг ўзини тутиши, хатти-ҳаракатлари ўз халқининг эҳтиромига сазовор давлат раҳбари эканлигини намоён қиларди. Ислом Каримов ўз қарашлари ва фаолиятида қатъий эди. Бу қатъият унинг принципиал характерга эга эканлигини кўрсатар ҳамда мамлакат аҳолиси ва ўз атрофидагиларда чуқур ҳурмат туйғусини уйғотарди. У халқаро майдонда, энг аввало, МДҲда тан олинган нуфузли етакчи эди”.

Сайтда медиатека ҳам мавжуд бўлиб, унда фото ва видеоматериаллар билан танишиш мумкин.

Шунингдек, интернет фойдаланувчилари виртуал саёҳат асносида Ислом Каримовнинг пойтахтимиздаги ҳайкали ҳамда унинг атрофини томоша қилиш имкониятига ҳам эгадирлар.

Веб-сайтда Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси ва Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди томонидан ўтказиладиган турли тадбирлар ҳақида мунтазам ахборот бериб борилади.

О. ЛУТФУЛЛАЕВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn