Ҳақиқат эгилди, аммо синмади...
  • 14 Октябрь 2017

Ҳақиқат эгилди, аммо синмади...

Баъзида ҳақиқат излаб, бир неча йилларни бой берасан. Энди умид узай, деб турганингда, қаердандир ёруғлик пайдо бўлади-да, ишинг юришади, ҳақиқат қарор топади. Бўз туманидаги “Бўстон” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи 82 ёшли Қобилжон ота Мадаминов 9 йил давомида адолат излади. Ниҳоят, суд томонидан унинг муаммоси ижобий ҳал этилди. Бу ҳақда сал кейинроқ...

Дарҳақиқат, ҳозирги пайтда судларнинг инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги ўрни ҳамда аҳамияти ортмоқда. Президентимизнинг 2016 йил 21 октябрдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бу борада янги босқични бошлаб берди. Зеро, мазкур ҳужжатга кўра, жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб қамоқ тарзидаги жиноий жазо тури тугатилиб, унинг ўрнига озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазонинг муқобил турлари қўлланилаётир. Жиноят содир этишда гумон қилинган шахсларни ушлаб туриш муддати 72 соатдан 48 соатга, қамоққа олиш ва уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораларини қўллаш ҳамда жиноят ишлари бўйича дастлабки терговнинг энг кўп муддатлари 1 йилдан 7 ойга қисқартирилди. Бу ўзгаришлар фуқароларнинг эркинлигини асоссиз чеклаш ҳолатларидан ҳимоя қилади.

— Фуқаролик иши бўйича суд қарорини назорат тартибида қайта кўриб чиқиш имконини берувчи муддат 3 йилдан 1 йилга қисқартирилиши ҳуқуқий муносабатларнинг барқарорлиги, фуқаролик процесси иштирокчиларининг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашда айни муддаодир, — дейди Фуқаролик ишлари бўйича Андижон вилояти суди раиси ўринбосари Фахриддин Ҳайдаров. — Халқимизнинг инсонпарварлик тамойилларига мос келувчи ярашув институтини жиноят процессида қўллаш доираси тобора кенгайтирилаётир. Бу содир этган қилмишидан пушаймон бўлиб, етказилган зиённи қоплаган фуқароларни жавобгарликдан озод этиш имконини бермоқда. Буни жорий йилнинг 9 ойи давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси ҳамда Халқ қабулхоналари орқали Андижон вилоятидан 2986 та мурожаат қабул қилиниб, шундан 2813 таси суд томонидан ижобий ҳал этилганидан ҳам билса бўлади. Айни чоғда 509 нафар юртдошимизнинг бевосита суд маҳкамасига қилган мурожаати ижобий ечим топди. 

— Ҳақиқат эгилади, аммо синмайди, — дейди Қобилжон ота Мадаминов қувонч билан. — Уй-жой билан боғлиқ 9 йилдан буён поймол қилиб келинаётган ҳуқуқимни суд орқали тиклашга муваффақ бўлдим. Бу масала бўйича бормаган жойим қолмаганди. Қурилиши тугалланмаган тураржойни икки марта бузишимга тўғри келди. Сўнгги илинж билан фуқаролик ишлари бўйича вилоят судига мурожаат қилдим. Иш адолатли кўриб чиқилди ва фойдамга ҳал этилди. 

Суд фаолияти билан танишар эканмиз, мурожаатларнинг аксарияти уй-жой, ер ва битимларга доир низолар эканига гувоҳ бўлдик. Бу, ўз навбатида, одамларнинг ҳуқуқий билимларини оширишни талаб этади. Шундан келиб чиқиб, суд томонидан учрашув ва давра суҳбатлари ўтказилаяпти. Қолаверса, жойларда ташкил этилган сайёр судлар аҳолининг қонунбузарликларнинг салбий оқибатлари ҳақидаги тасаввурларини бойитмоқда.

Булар, ўз навбатида, фуқароларнинг судларга бўлган ишончини мустаҳкамламоқда.

Саминжон ҲУСАНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn