Хайрли ишлар ташаббускори эди
  • 14 Октябрь 2017

Хайрли ишлар ташаббускори эди

Қарши шаҳрида атоқли давлат арбоби Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигига бағишланган хотира кечаси бўлиб ўтди.

Унда Шароф Рашидов ҳаёти ва фаолияти ҳақидаги китоб муаллифи Саидакбар Ризаев, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Сайёра Рашидова, таниқли фан ва адабиёт намояндалари, меҳнат фахрийлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди. Тадбир аввалида Шароф Рашидов ҳаёти ҳақида ҳикоя қилувчи ҳужжатли фильм намойиш этилди. 

Қашқадарёликлар у кишининг раҳбарлигида амалга оширилган жуда катта бунёдкорлик ишларини яхши эслашади. Хусусан, Қарши чўлини ўзлаштириш лойиҳалари айнан Шароф Рашидов ташаббуси билан амалга оширилган эди. Яъни Қарши ва Шўрсув сув тармоғи қурилиши, 1,8 ҳамда 2 миллиард кубометр сув сиғимига эга бўлган “Толимаржон” ва “Шўрсой” сув омбори қурилиши натижасида Қарши даштида 905 минг гектарга яқин янги ерлар ўзлаштирилди. Амударё сувини 152 метр баландликка кўтариб берувчи 6 та насос станцияси қуриб битказилди. Қолаверса, Қарши чўлининг ўзлаштирилиши муносабати билан айнан у кишининг саъй-ҳаракати туфайли 1964 йилда Қашқадарё вилояти қайтадан ташкил этилди.

Ўша даврларда Муборак газни қайта ишлаш заводи республикадаги ягона ва илк газни қайта ишлаш заводи сифатида иш бошлади. Унинг негизида Муборак газчилар шаҳарчаси вужудга келди. Қарши шаҳри эса йирик саноат ишлаб чиқариш марказига айланди. 

— 1976 йили Ҳисорак сув омбори қурилишига Шароф Рашидов биринчи тамал тошини қўйганди, — дея хотирлайди меҳнат фахрийси Комил Амиров. — Бу жуда мураккаб иншоот ҳисобланади. Унда 4 километр ер ости тоннели қазилган. Сув омбори қурилиши натижасида Шаҳрисабз, Китоб, Яккабоғ туманларида 50 минг гектар ернинг сув билан таъминланиш даражаси яхшиланди. 20 минг гектар янги ерлар ўзлаштирилди. Бу қишлоқ хўжалиги учун жуда катта аҳамиятга эга. Айтмоқчиманки, Шароф Рашидов қашқадарёликларнинг турмуш фаровонлиги йўлида ана шундай кўплаб хайрли ишларни амалга оширди.

Хотира кечасида Ш. Рашидовнинг ўз даврида вилоятга ташрифлари акс эттирилган фотокўргазма намойиш қилинди.

Тадбирда Қашқадарё вилояти ҳокими З. Рўзиев сўзга чиқди.

Аҳад МУҲАММАДИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn