Фидойилик (Очерк)
  • 14 Октябрь 2017

Фидойилик (Очерк)

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ижодкор зиёлилар вакиллари билан учрашувда адибларимизни мамлакатимиздаги, жойлардаги улкан юксалишлар, замонамиз қаҳрамонлари тўғрисида асарлар яратишга даъват қилган эди. Бундан ўзгача бир масъулият ҳис этдик.

Бугун олиб борилаётган ислоҳотларга монанд равишда шиддат билан ривожланиб, кун сайин кўркамлашиб бораётган Фарғона вилоятида Олтиариқнинг ўзига хос ўрни бор. Айниқса, йилига уч марталаб ҳосил олиб ҳам тупроқни “озитмаслик” сирларини пухта ўзлаштирган, қайси мева, қайси сабзавот учун тумандаги қай бир ҳудуд ерлари мос эканлигини олимлардан кам билмайдиган миришкор томорқачиларининг довруғи жуда баланд. Бу омил йил сайин қад ростлаб бораётган фермерчилик учун дорилфунун вазифасини ўтаб келаётгани, шубҳасиз.

Биргина пахта билан ғалланинг пулига кўз тикиб ўтирмай, хўжалигини кўп тармоқли қилиб бораётган фермерлар сони тобора ошаётгани қисқа муддатдаёқ ўз самарасини кўрсатаётир. Зеро, Президентимизнинг шу йил 10 октябрдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мазкур йўналишдаги ишларни янги босқичга олиб чиқади. Ташаббускор фермерлардан ҳисобланмиш Исоқжон Бойматов ҳамда Икромали Холмуродов бу жабҳада кўп касбдошларига ўрнак бўлмоқда. Ушбу хўжаликларда ҳар қачонгидан мўлроқ пахта ҳосили етиштирилди. Шартнома режалари ошириб бажарилаётгани учун хирмонлар юксалиб, ишчиларга бири 62 тонна буғдой, 40 тонна картошкани, иккинчиси 65 тонна буғдой, 20 тонна картошкани қўшимча рағбат сифатида тақсимлаб берди. Ҳар бирида 120 нафар атрофида ишчи бор, уларнинг ўртача ойлик маоши 650 — 700 минг сўмни ташкил этаяпти.

Исоқжоннинг хўжалигида бу йил 150 тонна узум, 450 тонна сабзавот етиштирилган, бир қисми экспорт қилинган, наслли қорамоллардан кунига 650 литрдан зиёд сут соғиб олинаётган, мева-сабзавот сақлаш учун 300 тонналик совиткичли омбор қурилган бўлса, Икромалининг хўжалигида 175 тонна узум, 325 тонна сабзавот етиштирилди, уларнинг бир қисми ўзи қурган 400 тонна сиғимли совиткичларга босиб қўйилди, қўйлар сони юзтага, хориждан келтирилган соғин қорамоллар сони 120 бошга етди, кунига 700 литргача сут сотилмоқда, ўрдак-товуқларни кўпайтиришга киришилди. Даромад ортгани сайин ишчиларнинг иссиқ-совуқ маъракаларига кўмак маблағи ажратиш, хайриялар қилиш учун кенг имкон туғилмоқда. Исоқжон маҳаллани ободонлаштиришга кўпроқ эътибор қаратаётган бўлса, Икромали кам таъминланган иккита оилага намунали уйлардан олиб берди.

Ютуққа эришмоқнинг иккитагина асосий синоати бор: бири — ишнинг кўзини билиш, иккинчиси — ғайрат. Ўн тўрт ёшидан миробликни бошлаб, пенсияга чиққунга қадар Катта Фарғона канали тармоғида хизмат қилиб келган, ҳозир шу канал ёқасида катта боғ яратиб, 85 ёшида ҳам ғайратда айрим ёшларга ўрнак бўлаётган Тожиали ота Тожидавлатов шу янглиғ уддабурон, тиниб-тинчимас кишилардан бири. У боғбонлик билангина чекланиб қолмай, бу ерда канал тарихи музейини яратишга-да вақт топа олгани кишини ҳайратга солади.

Дарҳақиқат, мазкур масканда замон илғорликларига эргашувчан, шижоатли, топқир, ишбилармон инсонлар кўп. Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалик ходими, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби, аёл боши билан неча йиллардан буён Марказий Фарғонанинг қумлоқ ерларида деҳқончилик қилиб, хўжаликни республикада тилга тушган жамоага айлантира олган таниқли фермер Лолахон Муродова ана шундай омилкорлар сирасига киради.

* * *

Лолахон ҳунар-техника билим юртини тугатгач, ўзи ўқиган 31-мактабда юқори синфларга бошланғич тракторчиликдан дарс бера бошлади. Бир куни ўқувчилар ғўзани яганалаш учун колхоздаги бригадалардан бирига сафарбар этилди. Бригаданинг тракторчиси армияга олиниб, трактор эгасиз қолган экан, бригадир: “Тракторчи топилгунча шуни миниб турсанг-чи”, деб қолди Лолахонга. Қизнинг юраги потраниб кетди, дадасига маслаҳат солди. Ялина-ялина розилигини олгач, “Наҳот энди ўз-ўзимнинг тракторим бўлса?!” деб суюнганидан тун бўйи ухлолмай чиқди. Қатор ораларига ғўзаларни шикастлантирмай ишлов бериш учун тракторчидан тузуккина тажриба талаб қилинади. Лолахон эса, дадасининг бир-икки кунгина ўргатишидан кейиноқ ишни бемалол эплаб кетди.

— Ҳар бир ишнинг туғма устаси бўлади, — деб қувонди бригадир. — Бу қиз туғма тракторчи! Туғма далачи!

Куз келди. “Энди менга терим машинаси беринглар, пахта тераман”, деган истакни билдирди Лолахон. Трактор парки бошлиғи: “Бу жуда оғир юмуш, мавсум қизиганида кечқурунлариям теришга тўғри келади”, дея аввалига тихирлик қилса-да, шу ерда механик бўлиб ишловчи отаси Неъмат аканинг ҳурмати тош босиб, “Майли, бир уриниб кўр, чидолмасдан ишни ташлаб қочмасанг бас”, деб охири унга агрегат берди.

Ташлаб қочиш нимаси? Аксинча, баъзи эркакларни ҳам доғда қўйиб, биринчи йили 90 тонна пахта терди. Кейинги йили эса, ундан ўтадигани бўлмади, 130 тонна териб барчани соясида қолдирди, қўша-қўша мукофотлар олди, донғи ёйила борди. Бу ютуқнинг сирини сўрасангиз, Лолахон соддагина жавоб қилади:

— Қанақа сир? Мен уйдан овқат олиб келиб, пахтазорнинг уватида шоша-пиша еб олардим-у, шпинделларни эринмасдан тозалаб, яна ишга киришардим. Эркак шерикларим эса тушликка чиққанича икки соатлаб йўқ бўлиб кетарди. Вақтни бой бермасликка ўрганган одам бошқаларга қараганда ўз-ўзидан сал олдинроқда юраверади. Фурсатни қадрлаш керак, ҳозир қилиш зарур бўлган ишни заррачаям орқага сурмаган яхши.

Буни ўзига нисбатан талабчанлик, ўз шахсини ҳурматлаш дейдилар. Мана шунда гап кўп.

* * *

Хўжаликларда ёшларнинг алоҳида бригадасини тузиш урфга кирган даврлар эди... “Бу қиз пахта ўстиришнинг ҳадисини ёдлаб бўлди”, дея 1984 йили Лолахонни ана шундай бригадага бошлиқ этиб тайинлашди. Қаторасига тўрт йил режаларни ошириб бажариб, етакчилик маҳоратини кўрсатавергач, ерларининг талай қисми янгитдан ўзлаштириб келинаётган чўл зонасидаги бўлимни бошқаришга йўлламоқчи бўлишди. Лолахоннинг капалаги учиб: “Бормайман! Нима, келиб-келиб қиз болани саҳрога сургун қилмоқчимисизлар?” дея оёқ тираб туриб олди. Бу ишга туман раҳбарлари ҳам аралашиб, ўзимиз ёрдамлашамиз, деб ваъда беришгандан сўнг уларнинг раъйини қайтаролмади.

Дастлабки уч йил машаққатли кечди. Лолахон ишни қумлоқ ерларнинг юзасини техника кўмагида қирдириб ташлаб, тупроқни маҳаллий озуқалар билан тўйинтиришдан бошлади. Кўпинча кечқурунлари ҳам ҳали у бригада, ҳали бу бригада ерларидаги ишларни назорат қилиб юрар, баъзан уйга қайтишга ҳоли етмай, дала шийпонида тунаб қоларди. Шу зайл ерлар эпақага келиб, тўртинчи йилдан эътиборан режалар ошириб бажарила бошланди, олти йил ўтгач эса, хўжаликдаги пешқадам бўлимга айланди. Туман раҳбарлари бунга тан бериб, “Очиғини айтсак, бунчалик ўзгаришлар қила олишингизга бошида ўзимиз ҳам унча ишонмагандик”, дея уни астойдил олқишлашди.

Қийинчиликлардан қўрқмасликка, ҳар қандай ғовни енгиб ўтиш мумкинлигига ўзини ишонтира олмоққа қодир инсоннинг обрўси ҳам, мартабаси ҳам ошиб бораверади. Айниқса, юрт мустақилликка эришгач, тажрибали кадрлар янада қадрланиб, Лолахон ширкат хўжалигига раис этиб сайланди. Шу лавозимда етти йил енг шимариб ишлади.

Аммо эски тузумдан қолган ишлаб чиқариш усуллари ўзини яхши оқлолмаётгани тобора аёнлашаётганди. Шу боис ширкат хўжаликлари тугатила бориб, жаҳон андозасига монанд бўлган фермерликка кенг йўл очилаверди.

* * *

Ширкат хўжалигининг экинзорлари 2007 йили фермерларга тақсимлаб берилаётганида, тақдирни қарангки, ўзи бир пайтлар бўлим бошлиғи бўлиб ишлаган чўл зонасидаги ерлар яна Лолахоннинг чекига тушди. Мана, ҳозирги кунга қадар шу ўрамда деҳқончилик қилиб келмоқда.

Бошқарувнинг янгича усули! Бунда ўзинг агроном, ўзинг ҳисобчи, ўзинг иқтисодчи, ўзинг ирригатор. Ўзинг югурасан, ўзинг топасан, ўзинг тақсимлайсан. Шу сабабданми, бошқарувга кўникмаси йўқлар даставвал жуда қийналишди, айримлар бунақа бошоғриқдан бутунлай воз кечди. Лолахон янгича тизимни ҳам тез ўзлаштирди, ишни 121 гектар ерга эгалик қилишдан бошлаган бўлса, вазифасини уддалай олмаган қўшни фермерларнинг ерларини-да бирма-бир ўзиникига қўшиб олавериб, умумий экинзори 473 гектарга бориб етди. Шу аснода ташвиш устига ташвишлар қўшилаверди. Силласи қуриган ерларни яхшилаб тўйинтириш, техника ҳамда ускуналар харид қилиш, экин зараркунандаларига қарши кимёвий ишлов бериш, керак бўлса, қўшимча одам ёллаб, кўсак қуртларини қўлда тердириш сингари юмушларга прессланган сомонларни пуллаб ҳам маблағи етавермагач, мукофотга олган “Нексия”сини сотиб, ишни давом эттирди.

* * *

Энг зарур техникаларга эга бўлмаган фермер бировдан бигиз сўраб ишлаётган этикдўзнинг ўзгинаси. Лолахон эришаётган муваффақиятларда хўжалигини техникалар билан бойитиб бораётганининг аҳамияти беқиёс. Ҳозир унинг ихтиёрида “Клаас орион” ҳайдов трактори, “Беларусь” чопиқ трактори, зараркунандаларга қарши ишлов берувчи ОВХ, экинларни бир йўла ўғитлаб кетувчи замонавий культиваторлар бор. Бу йил қарзни етти йилда узиш шарти билан “Клаас доминатор” русумли серунум комбайнни лизингга харид қилди.

— Буғдой ўримида четдан комбайн ёллаб, ҳар йили саксон миллион сўмгача ҳақ тўлардик, — дейди Лолахон дурустгина иқтисодчи ҳам бўлиб қолганини кўрсатиб. — Энди йилига ўша саксон миллионни лизинг идорасига тўлаб борсак, етти йилдан кейин комбайн ёнимизга қоларкан. Бу орада ўрим мавсумида қўшниларга кўмаклашиб, қўшимча пул ишлаб ҳам оламиз.

Маблағ қанча кўпаймасин, Лолахон ўзи учун данғиллама уй қуриш, кўримлироқ енгил автомашина сотиб олиш, ҳатто ялтир-юлтир кийинишни хаёлигаям келтирмайди. Қачон қараманг, биз далага борганимизда кўрганимиздек, оёғида этик, белига чит белбоғ ўралган одми кийимда юради. Топганини хўжаликни тиклашга, янги техникалар олишга, қурилишлар қилишга, 108 нафар ишчининг моддий аҳволини ўнглаб боришга, қўшимча тарзда рағбатлантириб туришга, эҳтиёжманд-ларга кўмаклашишга сарфлайди.

Жазирама қуёш таъсирида бошидаги рўмолининг гуллари унниқиб, қўллари тугул ёноқлари ҳам пўрсиллоқлана бошлаган бу аёлга зимдан тикиларканман, миямда ўз-ўзидан шеърий сатрлар потрана бошлайди:

Гоҳо жуда танишга ўхшар

Рўмолига чатиш ҳар тола.

Шу толага ишқ қўйиб яшар

Миллион ғўза ичра бир Лола...

“Замонамиз қаҳрамони” деган нишон йўқ, аммо Лолахон тимсолидаги бу номга муносиб инсонлар нишонсиз ҳам яққол ажралиб тураверади.

* * *

Жорий йил жамоа учун чакки бошланмади. Давлатга шартномавий режадаги минг тонна ўрнига бир ярим минг тонна буғдой топширилди, ортган 250 тоннаси ишчиларга тарқатилди, 50 тоннаси уруғлик учун ажратилиб, шинам шийпон ортига қурилган янги омборга босиб қўйилди. Бунинг сабаби бор: уруғчилик идораси ҳар гектар ерга 250 килограмм атрофида уруғлик беради. Лолахоннинг хўжалиги чўл жойда экани туфайли, қаттиқроқ шамол турса, экилган буғдойнинг бир қисмини учириб кетади. Шунақада яна уруғлик сўраб, идорама-идора югурмасдан, ўз захирангни ишга солаверасан. Ҳаммасини олдиндан ўйлаб қўйган маъқул-да.

Буғдойдан бўшаган майдонларнинг 25 гектарига сабзи, 20 гектарига шоли, 10 гектарига картошка, 7 гектарига соя экилди. Хўжаликда боқилаётган қўйлар, ишчиларнинг чорваси учун озуқабоп экинларга ҳам ер ажратилди.

Йилига олти марта насл бериб, икки насли бошқа экинларга, тўрт насли, асосан, ғўзага зарар етказувчи кўсак қурти билан куну тун олиша-олиша ҳосилнинг катта қисмини сақлаб қолишгани сабабли ишчиларнинг руҳи баланд, боши осмонда. Улар режадаги 27 ўрнига гектаридан 40 центнердан хирмон кўтаришни дангалига башорат қилишаяпти.

* * *

Президентимиз шу йилнинг ёзида Фарғонага ташриф буюриб, орада Боғдод туманида фермерлар билан суҳбат ўтказганида, Лолахон ҳам иштирокчилар сафида бўлди. Йиғилишга бораётган чоғида бир тўп аёл уни йўлда тўхтатиб, “Биламиз, Юртбошимиз билан бўладиган учрашувга кетаяпсиз, агар гаплашиб қолсангиз, айтиб қўйинг, бизга кўп енгилликлар яратиб бераётгани учун у кишидан мингдан-минг марта розимиз, кексаю ёш тинмай дуо қилиб юрибмиз”, дейишибди.

— Давлатимиз раҳбари Президентлик фаолиятининг дастлабки кунлариданоқ нуқул элнинг дуосини олиб келаяпти, — дея энтикиб сўз қотди Лолахон. — Қадоққўл меҳнатчиларнинг дуосида эса хосият кўп. Бу фақат яхшиликдан дарак беради.

Ҳар бир гапга фаришталар “Омин!” деб тураркан.

Анвар ОБИДЖОН,

Ўзбекистон халқ шоири.

 

* * *

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 декабрдаги “Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшган юртдошларимиздан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ Олтиариқ туманидаги “Нурли обод” фермер хўжалиги бошлиғи Муротова Лола Неъматовна “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирланди. 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn