Бир ариқдан сув ичиб...
  • 11 Октябрь 2017

Бир ариқдан сув ичиб...

Икки маҳалла — икки хил манзара. Кеч кириши билан кўчалардан одамлар қадами узилади. Борлиқни тун эгаллайди. Бу одатий ҳолат бўлишига қарамай, жажжигина Муслиманинг юракчасини сиқади. Ўзини уйга сиғмаётгандек ҳис этади. Шунинг учун у тунда ҳам қуёш нур сочишини истайди...

 

Излаган имкон топади

Хўжаобод — Андижон вилоятининг саноати ривожланган туманларидан. Бу ерда “Нил Гранит” масъулияти чекланган жамияти томонидан “Samo” бренди остида йилига 5 миллион дона тайёр кийим ишлаб чиқарилмоқда. 480 киши меҳнат қилаётган корхона маҳсулотлари Россия, Украина, Молдова, Қозоғистон, Қирғизистон каби мамлакатларга экспорт қилинаяпти. Ҳудудда катта-кичик корхоналар кўп. Айниқса, давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 1 июнида Хўжаободга ташриф буюрганидан сўнг ҳудуд янада ободликка юз тутди. Ўнлаб ишлаб чиқариш объектлари фойдаланишга топширилди. Шулар қаторида “Навигул” қўшма корхонаси ҳам фаолиятини бошлади.

— Маҳалламизда 11 трикотаж фабрикаси фаолият юритади, — дейди “Жоме” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Убайдулла Матисаев. — Мазкур корхоналарда 230 нафар аҳоли меҳнат қилаётир. Маҳалламиз қизлари тиккан кийим-кечаклар харидоргир. Миллий ҳунармандлик, хусусан, мебель, эшик-ром, уй ва ишхона учун жиҳозлар тайёрлаш тобора ривожланаяпти. Айни пайтда Бахтиёр Ниёзов, Музаффар Исмоилов каби дурадгор усталар ёрдами билан 6 та мебель цехи иш бошлади.

Бу ерда қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Тажрибали деҳқон Акмал Усмонов барпо этган иссиқхонада ҳар йили лимондан мўл ҳосил олинаяпти. Бу йил Акмал ака 2 сотихлик иссиқхонада лимон кўчати етиштиришни ҳам йўлга қўйди. Унинг тажрибаси ён-атрофдаги қўни-қўшнилар орасида оммалашиб бормоқда.

 

Етакчининг сири нимада?

Маҳаллада эҳтиёжманд оилалар сонини камайтириш мақсадида янги иш ўринлари яратиш, ўз бизнесини йўлга қўйиш истагидаги фуқароларга сармоя ажратилишига кўмаклашиб келинаяпти. Ёш йигит-қизлар касб-ҳунар ўрганиши учун тадбиркорлар ва ҳунармандларга бириктирилмоқда. Натижада шу йилнинг ўзида коллежни битирган 30 нафардан зиёд ёшларнинг бандлиги таъминланди.

Йил бошида маҳаллада 12 та кам таъминланган оила рўйхатга олинган бўлса, бугун улар сони 9 тага камайди. Бунга ёрдамчи хўжаликлардан оқилона фойдаланиш, аҳолига тадбиркорлик юзасидан маслаҳатлар бериш орқали -эришилаётганлигини айтиш зарур.

Маҳаллага бой ҳаётий тажрибага эга, кўпчиликни ўз ортидан эргаштира оладиган, тадбиркор ва ташаббускор инсон раислик қилса, ҳудуд янада тараққий этиши, аҳоли турмуши фаровон бўлиши бор гап. Маҳалла раиси Убайдулла Матисаев ана шу фазилатларни мужассамлаштирган. Таниқли фермер, эл назаридаги бу инсон аҳолини бир мақсад йўлида жипслаштира олди. Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида йиғин фаоллари томонидан 70 марта сайёр қабул ўтказилгани, 300 нафар фуқаронинг ариза ва шикоятлари тўлиқ ўрганилиб, 60 та масала ижобий ҳал этилгани бунинг исботидир.

 

Уч чақирим нарида...

Қурама маҳалласидаги аҳвол бунинг тамомила акси. Жажжи Муслима сингари ўнлаб мурғак гўдаклар ҳар оқшом қуёшни соғиниб, тунни бедор ўтказишга мажбур. Нега дейсизми? Бу ҳақда сал кейинроқ.

Бу ерда бир муаммо ортидан бошқасини етаклаб келганлигига гувоҳ бўласиз. Маҳалла аҳолиси, ҳатто, мобиль телефонига маблағ тушириш учун уч чақирим йўл босишига тўғри келади. Ҳудудда талаб даражасидаги на новвойхона, на сартарошхона ва на маиший хизмат шохобчаси бор. Кексалар, ёш болалар, туғуруқ ёшидаги аёллар 7 километр наридаги қишлоқ врачлик пунктига қатнашга мажбур.

Тадбиркорлик ривожланмаган, томорқадан унумли фойдаланиш ҳақида ҳеч ким ўйлаб кўрмайди. Бир-иккита фермерни айтмаганда, деярли, бизнес билан шуғулланувчилар йўқ ҳисоби. Аёллар тадбиркорлиги ҳақида-ку, гапирмаса ҳам бўлади. Аслида, Қурамада тадбиркорлик учун шароит қўшни маҳаллаларга қараганда анча яхши. Сув муаммоси деярли йўқ.

 

“Фаол”ларни ким уйғотади?

Маҳалла маслаҳатчиси Мунисхон Маматова бир неча марта аҳолидан тушган таклифларни ўрганиб, аҳволни яхшилашга уриниб кўрган. Аммо якдиллик, ҳамжиҳатлик бўлмагани сабабли бир кишининг саъй-ҳаракати сувга тушган тош каби йўқолган-қолган. Йиғиннинг собиқ раислари одамларни ягона мақсад сари бирлаштириш салоҳиятига эга эмаслиги боис маҳалла ана шундай муаммолар гирдобида қолиб кетаверган.

Табиийки, бундай шароитдан халқ рози бўлмайди, бошқа жойлардан иш излашга ҳаракат қилади. Шундан бўлса керак, бугун маҳалланинг ташқи миграция рўйхатида турадиганлар сони талайгина.

Жажжи Муслиманинг ота-онаси Умид Назаров ва Малика Эгамбердиева ҳам шулар қаторида. Улар ёш фарзандини қариндошлар қарамоғига қолдириб, хорижга кетишганида қизи олти ёш эди. Ота-она меҳрига қонмаган мурғак қалб ҳозирдан армонга лиммо-лим. Яқинда мактаб остонасига илк қадамини қўйди. Тенгқурларини ота-оналари етаклаб келаётганини кўрган қизча қай аҳволга тушгани фақат ўзига маълум. Илк таассуротларини ким билан баҳам кўрди экан?..

Агар бошқалар ота-онанинг ўрнини босганида, ўзга болалар каби Муслима ҳам қуёш ботишини ҳайрат билан кузатган, ҳар тонгни завқ билан кутиб олган бўларди.

Фарҳод ЭРКИНОВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn