Мустаҳкам ҳуқуқий асос мажбурий меҳнатга йўл қўйилмаслигини кафолатлайди
  • 10 Октябрь 2017

Мустаҳкам ҳуқуқий асос мажбурий меҳнатга йўл қўйилмаслигини кафолатлайди

 

Олий Мажлис Сенатининг шу йил 4 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига ва халқаро меҳнат стандартларига мувофиқ фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлашга доир чора-тадбирларни кучайтириш тўғрисида”ги қарорида жойларда меҳнатга доир қонун ҳужжатлари сўзсиз ижро қилинаётганлиги устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, аҳоли ўртасида ушбу масалалар юзасидан кенг ахборот-тушунтириш ишларини ўтказиш ҳамда бошқа тадбирларда нодавлат нотижорат ташкилотларининг, фуқаролик жамияти бошқа -институтларининг иштирокига алоҳида аҳамият қаратилган.

Дарҳақиқат, Президентимиз Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида қайд этганидек, мамлакатимизда Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга -барҳам бериш бўйича таъсирчан чоралар кўрилди. Ўзбекистон Халқаро меҳнат ташкилотининг (ХМТ) аъзоси бўлгани ҳолда, мазкур ташкилотнинг 14 та конвенциясини, шу жумладан, болалар меҳнатига ҳамда мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик тўғрисидаги конвенцияларни ратификация қилди. Ушбу конвенцияларнинг қоидалари миллий қонун ҳужжатларимизга босқичма-босқич имплементация қилинди.

Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида таъкидланганидек, айрим халқаро ташкилотлар томонидан бир томонлама ахборот тарқатилиши юртимизнинг имиджига салбий таъсир кўрсатиб келаётган эди. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т. Нарбаеванинг айтишича, мазкур йўналишда қатор камчиликлар кўзга ташланиб қолганди. Халқаро меҳнат ташкилоти билан фаол иш олиб борилмаган, ушбу ташкилотга керакли маълумотлар сифатли етказиб берилмаган. Оқибатда бошқалар бу ҳақда нохолис ахборот бера бошлади. 2013 йилдан эътиборан Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорлик алоқалари фаоллик ва изчиллик касб этди. Кейинчалик мазкур жараёнга Жаҳон банки экспертлари ҳам жалб қилинди. Натижада халқаро ҳамжамият Ўзбекистонда мажбурий меҳнат ҳамда болалар меҳнатига барҳам берилганига гувоҳ бўлди ва бу юксак минбарларда эътироф этилмоқда.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда Болалар ва мажбурий меҳнат масалалари бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш самарали фаолият кўрсатиб келаяпти. Ушбу йўналишдаги ишларнинг аҳволини мониторинг қилиш давлат органлари билан бир қаторда, инсон ҳуқуқлари бўйича фуқаролик ҳамда миллий институтлар томонидан ҳам амалга оширилмоқда. Кўрилган чора-тадбирлар ижобий натижаларга эришиш имконини берди. Жумладан, мамлакатимизда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат батамом тугатилди. ХМТ конвенцияларига риоя этиш борасида жиддий камчиликлари бўлган давлатлар рўйхатида Ўзбекистон номи 2014 йилдан бери тилга олинмаяпти.

Мажбурий меҳнат хавфига, айниқса, қишлоқ хўжалигида йўл қўймаслик мақсадида қишлоқ хўжалигини модернизациялаш, аграр секторни механизациялаш даражасини ошириш, бу соҳага инновацион технологияларни жорий қилиш бўйича қатор долзарб -вазифаларни ҳал этиш зарур бўлади. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, “Ўзагротехсаноатхолдинг” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси 

Н. Отажоновнинг билдиришича, пахта теримини механизациялаш бўйича аниқ дастурлар ҳаётга татбиқ қилинаяпти. Сўнгги ҳисоб-китобларга кўра, 15 мингдан ортиқ пахта териш машиналарига эҳтиёж борлиги аниқланган. Келгуси йилдан бошлаб 3 минг дона атрофида пахта териш машиналари ишлаб чиқарилади.

Маълумки, Президентимизнинг Америка Қўшма Штатларига ташрифи давомида нуфузли компаниялар билан қишлоқ хўжалиги техникалари, хусусан, пахта териш машиналари ишлаб чиқариш бўйича битимлар имзоланди. Масалан, “John Deere” компанияси билан ер ҳайдайдиган техникалар, ғалла ўриш комбайнлари ҳамда пахта териш машиналари ишлаб чиқариш режалаштирилган. Яқин вақт ичида бу жараёнга киришилади.

Парламент юқори палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси З. Низомхўжаевнинг билдиришича, Сенат қарорига мувофиқ, Фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш масалалари бўйича Парламент комиссияси тузилди. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашларига тегишли ҳудудий комиссиялар тузиш тавсия этилди. Улар фаолиятининг аниқ йўналишлари белгилаб олинди. Парламент комиссияси фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш, шу жумладан, мажбурий меҳнатдан фойдаланишнинг олдини олиш ва унга йўл қўймаслик билан боғлиқ Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари ҳамда халқаро шартномаларини бажариш юзасидан марказда ва жойларда давлат органлари, бошқа ташкилотлар раҳбарлари фаолиятини ўрганиш натижалари тўғрисида мунтазам равишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ялпи мажлиси муҳокамасига ахборот киритиб боради.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари ҳамда халқаро меҳнат стандартларига асосан, фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар мажмуи тасдиқланди. Унда қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, ХМТнинг ратификация қилинган конвенциялари бажарилиши устидан мониторинг олиб бориш, ХМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик ўрнатиш, давлат органлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари салоҳиятини мустаҳкамлаш, ушбу соҳада ахборот-тушунтириш ишларини олиб бориш бўйича қатор тадбирлар назарда тутилган.

Жаҳон банкининг ижтимоий ривожланиш бўйича катта мутахассиси Нина Колибашкинанинг айтишича, мазкур халқаро молия институти Ўзбекистонда замонавий бозор муносабатларини шакллантириш саъй-ҳаракатларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди. Қишлоқ хўжалигини модернизациялаш, пахта етиштиришнинг изчил такомиллаштирилиши мажбурий меҳнат хавфини бартараф этишга хизмат қилади. Аграр соҳани, хусусан, мева-сабзавотчиликни ривожлантириш, унинг натижадорлигини ошириш эса соҳада барқарор иш ўринлари яратиш имконини беради. Болалар ва мажбурий меҳнат масалалари бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш самарали фаолият юритмоқда. Парламент комиссиясининг тузилиши ушбу фаолиятни янада юқори босқичга олиб чиқади.

ХМТ Меҳнаткашлар бюроси Европа ва Марказий Осиё сектори мудири, эксперт Сергеюс Гловацкас Ўзбекистонда тарихий жараёнларга гувоҳ бўлаётганини алоҳида эътироф этди. “Мен бугун Халқаро меҳнат ташкилотининг конференциясидан Тошкентга келдим. Мазкур анжуманда бир неча маротаба Ўзбекистон номи янгради. Тилга олинганда ҳам, фақатгина ижобий нуқтаи назардан айтиб ўтилди”, дейди эксперт.

Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси, сенатор Баҳодир Юсуповнинг таъкидлашича, Сенат қарори, ҳақиқатан ҳам, долзарб ҳисобланади. Айтиш керакки, ушбу кенгаш томонидан фермер хўжаликларида ишга жойлашган фуқаролар учун меҳнат шартномалари тузилиши, меҳнат дафтарчалари расмийлаштирилиши ҳамда белгиланган тартибда юритилиши, иш ҳақининг ўз вақтида ва тўлиқ берилишини таъминлашга алоҳида аҳамият қаратилмоқда.

Жиззах вилоятидаги “Истиқболли авлод” маркази раҳбари Назифа Камалованинг билдиришича, “Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциация-сининг 39 та аъзоси мажбурий меҳнат ҳамда болалар меҳнатига йўл қўймаслик борасида олиб борилаётган ишларни ўрганиш мақсадида ташкил қилинган мониторинг гуруҳи фаолиятида иштирок этмоқда. Бугун далаларда фермерлар, теримчилар билан мулоқот қилиб шунга амин бўлдикки, фуқароларимизнинг ҳуқуқий маданияти юксалган, улар ўзларининг ҳуқуқларидан, айниқса, меҳнат ҳуқуқидан яхши хабардор. Бу ҳам давлат ва нодавлат ташкилотлари томонидан ушбу йўналишда фаол иш олиб борилаётганидан далолатдир”.

Халқаро пресс-клубда, шунингдек, фуқаролар меҳнат ҳуқуқларини таъминлашнинг долзарб масалалари, Сенат қарори ижроси устидан парламент ҳамда жамоатчилик назоратини таъминлаш механизмлари хусусида сўз борди.

Қобил ХИДИРОВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn