Сайёрамизнинг эртанги куни, фаровонлиги
  • 06 Октябрь 2017

Сайёрамизнинг эртанги куни, фаровонлиги

фарзандларимиз қандай инсон бўлиб камолга етиши билан боғлиқ

Президентимиз Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида мамлакатимизнинг янги -қиёфасини шакллантириш йўлида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ҳақида тўхталиб, жумладан, навқирон -авлодни маърифат асосида тарбиялашнинг аҳамиятини аниқ мисоллар билан очиб берди. Айниқса, глобаллашув ва -ахборот-коммуникация технологиялари жадал ривожланиб бораётган бугунги шароитда ёшларга оид сиёсатни шакллантириш ҳамда амалга оширишга қаратилган умумлаштирилган халқаро ҳуқуқий ҳужжат — БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқишни таклиф этгани халқаро эксперт доиралари, чет элнинг нуфузли тадқиқот институтлари томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди. Юртбошимизнинг бутун дунёдаги давлатлар келажагига, равнақига дахлдор ушбу ташаббуси аҳолимиз, хусусан, ёшларимизда чексиз фахр-ифтихор туйғусини уйғотди.

Айни кунларда давлатимиз раҳбарининг нутқи, унда кўтарилган ҳар бир масала Ўзбекистон ёшлари томонидан чуқур ўрганилмоқда.

 

Дилноза КАТТАХОНОВА, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси ўринбосари:

— Президентимиз нутқини телевидение орқали тингладик, матбуотда диққат билан қайта-қайта ўқиб чиқдик. Энг нуфузли халқаро ташкилотнинг юксак минбаридан туриб, жаҳон ҳамжамияти эътиборини ёшлар масаласига қаратганлари биз, навқирон авлод вакилларига кўрсатилаётган ғамхўрликнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлди.

Ҳақиқатан ҳам, барчамиз оммавий ахборот воситаларида узатилаётган хабарлардан кўриб, билиб турибмизки, бугун дунёнинг аксарият давлатларида ёшлар масаласи энг долзарб муаммога айланган. Молиявий-иқтисодий инқирознинг салбий оқибатлари туфайли миллионлаб йигит-қизлар ишсизликдан азият чекаяпти, ҳаётда ўз ўрнини топа олмай қийналмоқда. ўарбда шундай бир анъана шаклланганки, фарзанд вояга етиб, айни бошқаларнинг мададига, қўллаб-қувватлашига муҳтож бўлиб турган бир пайтда “Сен энди улғайдинг, ўз ҳаётингни ўзинг қур” қабилида иш тутилиб, ўз ҳолига ташлаб қўйилади. Ҳали оқу қорани яхши танимайдиган бола бундай “имконият”ни ҳазм қилолмай, жамиятдан ўзини узилиб қолгандек ҳис этади ва бора-бора руҳий тушкунликка тушади. Бунинг натижасида унинг эгри йўлларга кириб кетиш эҳтимоли ортади. Президентимизнинг экстремистик фаолият ҳамда зўравонлик билан боғлиқ жиноятларнинг аксарияти 30 ёшга етмаган ёшлар томонидан содир қилинмоқда, деган фикрлари айни шу жиҳатдан бежиз эмас.

Бугун дунёда ёшлар 2 миллиард нафарни ташкил этади. Бу сон жиҳатидан бутун инсоният тарихидаги энг йирик авлоддир. Шундай экан, улар тақдирига бефарқ қараб бўлмайди. Зеро, Юртбошимиз таъкидлаганларидек, “Сайёрамизнинг эртанги куни, фаровонлиги фарзандларимиз қандай инсон бўлиб камолга етиши билан боғлиқ. Бизнинг асосий вазифамиз — ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратиш, зўравонлик ғояси “вируси” тарқалишининг олдини олишдир. Бунинг учун ёш авлодни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш лозим, деб ҳисоблаймиз”.

Биз чексиз ғурурланадиган жиҳат шундаки, ўарб анъаналаридан фарқли ўлароқ, мамлакатимизда ёшлар масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилади. Боланинг таълим олишидан тортиб, унинг касб-ҳунар эгаллаши, ишга жойлашиши, тураржойли бўлиши учун барча имконият яратиб берилади. Тадбиркорликни йўлга қўйиш, ҳунармандликни ривожлантириш истагидаги йигит-қизларга банклар кредитлар ажратади. Мунтазам ўтказиладиган меҳнат ярмаркалари ҳам эртамиз эгаларининг бандлигини таъминлашда катта аҳамият касб этмоқда. Яқинда пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида бўлиб ўтган ана шундай тадбирда юзлаб ёш мутахассислар иш берувчилар билан шартнома тузишга муваффақ бўлгани бунга яққол бир мисолдир.

2017 йилнинг 30 июнида юртимиз йигит-қизлари ҳаётида унутилмас воқеа рўй берди. Шу куни ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда уларнинг чинакам таянчи ҳамда суянчи бўла оладиган янги ташкилот фаолияти йўлга қўйилди. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи айнан навқирон авлод вакиллари талаб ва истаклари асосида вужудга келиб, бу ташаббус мамлакатимиз раҳбари томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланди. Яна бир жиҳати шундаки, бу сана эндиликда мамлакатимизда “Ўзбекистон ёшлари куни” сифатида мунтазам нишонланадиган бўлди.

Юртбошимизнинг шу йил 5 июлда имзоланган “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги Фармони ижроси доирасида жуда кўп эзгу саъй-ҳаракатлар олиб борилаяпти.

Ҳозирги пайтга қадар 47 та вазирлик ҳамда идоралар, 12 мингга яқин таълим муассасалари ва 3025 та корхона ҳамда ташкилотда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилотлари тузилди. Айни кунларда бу ташкилот ўз атрофига миллионлаб ўғил-қизларни бирлаштиришга муваффақ бўлди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши қошида ёшларнинг хоҳиш ҳамда интилишларидан келиб чиқиб, уларга ижтимоий-психологик ёрдам кўрсатиш маркази ва 15 та масъулияти чекланган жамият ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти йўлга қўйилди. Масалан, “Республика ёш олимлар ассоциацияси”, “Ёш ижодкорлар ассоциацияси”, “Ёшлар туризм агентлиги” каби ташкилотлар ўз йўналишидан келиб чиқиб, эртамиз эгаларини янги марралар сари руҳлантирмоқда.

Мана шундай улкан имкониятлар, яратиб берилаётган шароитларга жавобан биз, ёшлар жонажон Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшишимиз лозим!

 

Элёр РАҲМАТОВ, “Ўзбекистон белгиси” кўкрак-нишони соҳиби:

— Ўзбекистон 1992 йилнинг 2 март куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо бўлди. Мазкур ташкилот фаолиятининг энг муҳим йўналиши жаҳонда тинчлик ва хавфсизликни таъминлашдан иборат. Бинобарин, бу эзгу мақсад бутун дунёга тинчлик-омонлик тилайдиган юртимиз сиёсатига, халқимиз хоҳиш-иродасига уйғундир. Шунинг учун ҳам мамлакатимиз БМТ билан фаол ҳамкорлик қилиб келаяпти.

Хусусан, республикамизда БМТнинг қатор таркибий тузилмалари — Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Болалар жамғармаси, Аҳолишунослик жамғармаси, Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти, Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси, Тараққиёт дастури, ОИВ/ОИТС бўйича бирлашган дастури ваколатхоналари самарали фаолият кўрсатаётир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг мазмун-моҳияти Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадлари билан тўла ҳамоҳанг эканини қайд этди. Шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бундан кейин ҳам халқаро муносабатларда ҳал қилувчи ўрин тутишини таъкидлади.

Юқорида айтганимиздек, халқимиз Ер юзида доимо осойишталик бўлишини, ҳар бир инсон бахтли ҳамда фаровон ҳаёт кечиришини истайди. Шу маънода, давлатимиз раҳбарининг қўшни Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш бўйича илгари сурган ташаббуслари долзарб аҳамиятга эга.

Биз, ёшлар Юртбошимиз нутқини атрофлича ўрганаяпмиз. Бир-биримиз билан мушоҳада юритмоқдамиз. Ўзбекистонимиз равнақи йўлида камарбаста бўлиш  фарзандлик бурчимиздир.

 

Мирзараҳим МИРЗАКАРИМОВ, “Тараққиёт стратегияси” маркази фаоли, Г. Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети Тошкент филиали талабаси:

— Президентимиз БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида жаҳон ҳамжамияти эътиборини халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар, хусусан, асримизнинг энг ўткир муаммоларидан бири — Орол ҳалокатига қаратди. Денгизнинг -қуриши билан боғлиқ оқибатларни бартараф этиш халқаро миқёсдаги саъй-ҳаракатларни фаол бирлаштиришни тақозо қилишини таъкидлади. Айниқса, Юртбошимизнинг БМТ минбаридан туриб, дунё аҳли эътиборига Орол фожиаси акс эттирилган харитани ҳавола қилгани ушбу экологик офат ҳақида ортиқча изоҳсиз тасаввур ҳосил этиш имконини берди.

Биз, бир гуруҳ ёшлар БМТ Бош Ассамблеяси сессияси бўлиб ўтаётган кунларда, аниқроғи, 17 — 20 сентябрда “Тараққиёт стратегияси” маркази ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамкорлигида Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманида ўтказилган ёшлар илмий экспедициясида қатнашдик. Экспедиция ёш олимлар (эколог, шифокор, геолог, биолог), гид-экскурсовод, фотосуратчи, блогер ҳамда журналистлардан иборат 25 кишидан таркиб топганди. Уч кеча-кундуз давомида Оролбўйи ҳудудида бўлиб, ҳақиқий ҳолат билан яқиндан танишдик.

Ушбу лойиҳа Орол фожиасининг бугунги кундаги ҳолатига кенг жамоатчилик эътиборини қаратиш, биология, геология, экология йўналишларида илмий тадқиқот олиб бораётган ёшларни қўллаб-қувватлаш ва касбга бўлган қизиқишларини янада оширишга қаратилган эди. Шунингдек, экспедиция орқали ҳудудга туристлар оқими, айниқса, ёшлар ҳамда экстремал туризм йўналишларида хорижлик меҳмонларни жалб этиш кўзда тутилганди.

Маълумки, 2017 — 2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастурида Орол фожиаси оқибатларини бартараф қилишнинг самарали йўлларини ишлаб чиқиш, ушбу ҳудудда юзага келган экологик муаммоларни ҳал этишнинг таъсирчан механизмларини яратиш ва амалга ошириш каби тадбирлар белгиланган.

Биз шунга амин бўлдикки, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Оролбўйи минтақасида экологик мувозанатни тиклаш, аҳоли турмуш фаровонлигини яхшилаш мақсадида улкан ишлар олиб борилмоқда. Масалан, Қўнғиротдан Мўйноққача бўлган 101 километрлик масофага қувур ётқизилиб, бу ерга тоза сув келтирилганидан одамлар беҳад миннатдор эканликларини билдиришди. Қолаверса, Орол денгизининг қуриган ҳудудида иқлимга мос қандим, черкес, саксовул экилиб, -тузли чанг-тўзон кўчишининг олди олинаётгани яна бир эътиборли жиҳатдир. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Давлатимиз раҳбарининг БМТ Бош Ассамблеясидаги нутқи дунё ҳамжамиятини Орол муаммоси оқибатларини бартараф этиш масаласига жиддийроқ ёндашишга, ҳамжиҳатликка ундашига ишонамиз.

«Халқ сўзи» мухбирлари

Шавкат ОРТИҚОВ, 

Омонулла ФАЙЗИЕВ ёзиб олди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn