Қалб ва тафаккур олами
  • 06 Октябрь 2017

Қалб ва тафаккур олами

Жамиятни мудом олға етакловчи, маърифий юксакликка чорловчи куч, бу — орзудир. Орзудан маҳрум инсон тубанликка маҳкум бўлгани сингари идеалдан бебаҳра жамият ҳам таназзул гирдобига тушиши муқаррар. Инсон қалбида орзу, биринчи навбатда, китоб мутолааси туфайли уйғонади. Китобхонлари кўп миллат ёки жамият орзу-идеаллар оғушида яшайди.

Маълум бўладики, шахс камолоти ва жамият равнақи учун ҳам китоб мутолааси шарт ҳамда зарурийдир.

Жаҳоннинг машҳур адибларидан бири адабиётнинг инсон камолоти ва жамият равнақидаги ўрнига мана бундай баҳо берган эди: “Математика, физика, кимё сингари аниқ фанлар илмнинг улкан намояндаларини етиштириши мумкин. Лекин ҳақиқий ватанпарварни адабиёт тарбиялайди”. Дарҳақиқат, адабиёт инсоннинг маънавий-руҳий оламини, миллат ҳаётини ўзида бадиий акс эттирадиган ойна. Бу ойнада наинки муайян миллатнинг, умуман, инсон зотининг латофатию қабоҳати, фазилатларию нуқсонлари бор мураккаблиги билан намоён бўлади. Агар бошқа илмлар одамнинг ақлу тафаккурини чархласа, адабиёт ақлу тафаккурни ўткирлаштириши баробарида, туйғуларни ҳам тарбиялайди. Бу жиҳатдан адабиётга тенг келадиган куч йўқ. Барча замонда инсоният адабиётга кучли эҳтиёж сезиши сабаби шунда. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори бунинг яна бир исботидир. Зеро, китоб мутолааси ёш авлоднинг ақлини чархлайди, тафаккурига қанот бағишлайди, маънавиятини юксалтиради. 

Бу борада кутилган даражага эришиш учун қандай йўл тутмоғимиз зарур? Аввало, таълим тизимининг барча бўғинида — боғчадан университетгача китоб мутолааси бўйича тизимли дастур ишлаб чиқилиши мақсадга мувофиқ. Токи фарзандларимиз қайси босқичда қандай китобларни ўқиб чиқиши зарурлиги ойнадек равшан бўлсин. Бунда тавсия этиладиган китоблар ўқувчининг ёш хусусиятига боғлиқ ҳолда тадрижий асосда берилиши айни муддаодир. Китоб мутолааси тизимининг мукаммал амалга оширилиши ҳар бир ўқитувчи ва мураббийнинг касбий бурчига, виждон амрига  айлансагина кўзланган мақсадга эришиш мумкин.

Қолаверса, оилавий китобхонликни анъанага айлантиришимиз керак. Бола, аввало, оиладан ўрнак олиши азалий ҳақиқат. Ҳазрат Алишер Навоий болаликданоқ “Мантиқ ут-тайр”ни наинки ўқигани, қалбига муҳрлаб олганини, кичик ёшидаёқ бир неча минг байт шеърни ёд билганини эсланг. Ёхуд Заҳириддин Бобурнинг отаси Умаршайх Мирзо ҳақидаги мана бу хотираларига эътибор қаратинг: “Равон саводи бор эди. “Хамсатайн” ва маснавий китобларини ва таърихларни ўқуб эди. Аксар “Шоҳнома” ўқур эди. Табъи назми бор эди”. Ана шундай оилавий муҳит туфайли бу улуғ аждодларимиз шу даражадаги буюк мутафаккирлар бўлиб етишганини унутмаслик лозим. 

Президентимиз қароридан кейин яхши анъанага айланган “Мутолаа”, “Китобхон-шоу” сингари телекўрсатувларни янада кучайтириш зарур. Бу каби кўрсатувлар ҳисобот учун шунчаки тайёрланмаслиги, ҳаётий ва жонли бўлиши, ёшларнинг қалбига чуқур кириб бориб, уларда адабий дидни, бадиий идрокни ўстиришга хизмат қилмоғи керак.

Бугун реклама замони. Шундай экан, китобхонлик тарғиботида ҳам рекламадан самарали фойдаланиш лозим. Давлатимиз раҳбарининг қарорида: “...адабий-бадиий, ўқув-услубий, илмий-назарий, илмий-оммабоп ва кўргазмали адабиётларни чоп этиш ва тарқатиш тизимини такомиллаштириш, ихтисослаштирилган китоб дўконлари фаолиятини ривожлантириш” масаласига алоҳида эътибор қаратилгани замирида ҳам айни ҳақиқат мужассам. Шунга кўра, фақат тижорат ёки бизнес-шоу намуналари эмас, китоб рекламасига ҳам алоҳида эътибор қаратиш даври келди. Марказий кўчалардаги реклама лавҳаларида энг яхши бадиий, илмий ҳамда публицистик асарлар тарғиботи йўлга қўйилиши керак. Рекламанинг бу тури китоб -муаллифига рағбат ва ўқувчига эслатма бўлиши эътиборидан бир вақтнинг ўзида икки тарафлама самара берган бўлар эди.

Энг муҳими, жамиятда китоб ўқиган одам ўқимаганларга нисбатан имтиёзга эга бўлишига эришмоғимиз зарур. Токи китобхон, ўқимишли, зиёли одамлар даражасига эришмоқ ёшларнинг орзусига айлансин. Бошқача айтганда, зиёлининг, хусусан, ўқитувчининг жамиятдаги юксак мавқеини янада мустаҳкамлашимиз керак. Япония Бош вазиридан мамлакатнинг технологик тараққиёти сири нимада эканини сўраганларида, унинг жавоби қуйидагича бўлган экан: “Биз ўқитувчиларга вазирларнинг маошини, дипломатларнинг дахлсизлигини ва императорнинг ҳурматини бердик”.

Буюк маърифатпарвар Абдурауф Фитрат “Авлод тарбияси — миллат тарбияси” дея таъкидлайди. Зеро, ёш авлод -тарбиясида, уларнинг комил инсон бўлиб етишувида мутолаанинг ўрни алоҳида. Ижодда, илм-фанда буюк аждодлар эришган муваффақиятлар билан фахрланиш жуда яхши. Бироқ фахрланишнинг ўзи кифоя қилмайди. Бу ютуқларни мунтазам равишда янгилари билан бойитиб, муттасил ривожлантириб бормайдиган бўлсак, кўп нарсани бой берамиз, миллатнинг қаноти қайрилиб қолади. Китоб мутолаасига эътибор қаратиш шунинг учун ҳам бениҳоя зарур.

Бугун биз техника-технология беқиёс ривожланган бир замонда, ахборот асрида яшаяпмиз. Дунёнинг исталган бурчагида рўй берган хуш-нохуш воқеадан ўша заҳотиёқ хабардор бўлиш имконига эгамиз. Бироқ одамзод бугунги кунда руҳиятни -тарбияловчи, орзуларга қанот бағишловчи китоб мутолаасидан тобора йироқлашиб бораётгани ҳам аён. Тарих шоҳид: китоб ўқишдан бебаҳра ақл занглайди, мутолаадан йироқлашган тафаккурни мудроқ босади. Китобдан узоқлашса, инсон руҳияти юксакларга парвоз қила олмайди. Асл моҳиятига қайтмоқчи бўлса, одамзод, биринчи навбатда, китобга қайтмоғи керак.

Айни кезда тараққиётнинг суръати шу қадар тезки, у билан ҳамқадам юриш осон эмас. Ваҳолонки, буюк аждодларимиз инсон тафаккури жамиятдан нечоғли илгарилаб кетиши мумкинлигини амалда исбот этганлар. Абу Райҳон Берунийнинг бутун олам тортишиш қонунини ўша замондаёқ асослаб бергани, Ибн Сино “Тиб қонунлари”даги қарашлар тиббиётнинг замонавий ривожига мудом хизмат қилаётгани, Мирзо Улуғбекнинг “Зижи жадиди Кўрагоний”си бугунги астрономия тараққиёти учун замин вазифасини ўтагани бунинг ёрқин далилидир. Мутафаккир аждодларимизнинг беқиёс илмий кашфиётлари ана шу жиҳатдан долзарб ва барча даврнинг муаммоларини бирдек муолажа эта олади. Уларнинг барҳаёт меросига бугун ҳам катта эҳтиёж сезаётганимиз сабаби шунда.

Бундан бир қанча йил муқаддам устоз адабиётшунос, Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарафиддинов оламдаги етти мўъжизага ишора қилиб, китобни саккизинчи мўъжиза, деб атаган эди. Бу фикрни давом эттириб, китобни ҳамма мўъжизадан ҳам аввалги мўъжиза — мўъжизалар мўъжизаси деб атаган бўлар эдик. Модомики, биз келажакка катта умид ва ишонч билан боқар эканмиз, китобга, китобхонликка қайтмоғимиз шарт. Зеро, китоб йўли — одамзод учун ўзликка қайтиш ҳамда камолот, жамият учун эса чинакам юксалиш йўлидир.

Нурбой ЖАББОРОВ,

филология фанлари доктори, профессор.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn