Тинчлик ва барқарорлик йўлида ҳамкорлик
  • 06 Октябрь 2017

Тинчлик ва барқарорлик йўлида ҳамкорлик

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Жануби-ўарбий махсус ҳарбий округининг “Фориш” тоғ-дала ўқув майдонида давом этаётган Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси Мудофаа вазирликлари қўшинлари бўлинмаларининг махсус тактик-ўқув машқлари доирасида “Ўтиш мураккаб бўлган тоғли ҳудудларда ноқонуний қуролланган кучларни йўқ қилиш бўйича аксилтеррор операцияларни ташкил этиш ва ўтказиш” мавзуида ҳарбий илмий конференция бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 4-5 апрель кунлари Россия Федерациясига амалга оширган давлат ташрифи икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришнинг муҳим йўналишлари ҳамда истиқболларини белгилаб бергани, ушбу ҳарбий ўқув машқлари ҳам стратегик шериклик муносабатларимиз янги босқичга кўтарилганининг яна бир ифодаси экани таъкидланди.

Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати давлатларнинг суверен тенглиги, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик, чегараларнинг дахлсизлиги, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик ва -халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган бошқа қоидалари ҳамда нормаларига асосланган.

Мамлакатимиз, шунингдек, ташқи сиёсатда ҳарбий блокларга қўшилмаслик, бошқа мамлакатлар ҳудудида қўшин сақламаслик ва ўз ҳудудига бошқа мамлакат қўшинларини киритмаслик сиёсатига қатъий амал қилиши билан бирга, халқимиз тинчлигини сақлашнинг кафолати бўлган миллий армиямизни модернизациялашни изчил давом эттирмоқда. Шу мақсадда қўшинларимизни энг замонавий қурол-яроғ ҳамда ҳарбий техника билан таъминлаш, хорижий мамлакатлар билан ҳарбий ҳамкорликни йўлга қўйишга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилаётир.

Анжуманда Ўзбекистон ва Россия ўртасида ривожланиб бораётган стратегик ҳамкорлик ҳар икки мамлакат халқларининг осойишталигини асрашдек эзгу мақсадларга хизмат қилаётганига алоҳида эътибор қаратилди.

— Мазкур конференцияда бугунги мураккаб геосиёсий вазиятнинг келиб чиқиш сабаблари ҳамда уни бартараф этиш йўллари илмий таҳлил қилиниб, турли хатарларнинг олдини олишда давлатлараро ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан таклифлар билдирилди, — дейди Жануби-ўарбий махсус ҳарбий округ қўшинлари қўмондони ўринбосари, подполковник Пўлат Сотиволдиев. — Жаҳон миқёсида ҳарбий-сиёсий, миллий ва глобал вазият кескин ўзгариб бораётган бугунги кунда бу ҳамкорлик, айниқса, муҳим аҳамият касб этади. Ўзбекистон ҳамда Россия қўшинларининг ноқулай тоғли ҳудудлар шароитида ноқонуний қуролланган кучлар таҳдидини қайтариш ва йўқ қилиш бўйича ўзаро тажриба алмашишга қаратилган биргаликдаги ўқув машқлари бу борадаги аниқ амалий қадам бўлди.

Ҳарбий ўқув машқлари доирасида маданий-маърифий, спорт тадбирлари ташкил этилмоқда.

Толибжон ЭРГАШЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn