Жамоатчилик нега лоқайд?!
  • 06 Октябрь 2017

Жамоатчилик нега лоқайд?!

Президентимиз томонидан жорий йил 9 февралда ички ишлар органлари фаолияти, мавжуд муаммо ва камчиликлар ҳамда истиқболдаги вазифаларга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида бир қатор камчиликлар, хусусан, ўғрилик, фирибгарлик билан боғлиқ жиноятларнинг ҳар бештадан биттаси очилмай қолаётгани, ёшлар ва аёллар жиноятчилиги камаймаётгани танқид қилинганди.

Шундан келиб чиқиб, соҳани ислоҳ қилиш, кўрсатилган хато ҳамда камчиликларни бартараф этишга қаратилган муайян ишлар амалга оширилмоқда. Шу йилнинг 16 февралидан “Пайшанба — жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика куни” тадбирлари йўлга қўйилгани, айниқса, жойларда ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликнинг олдини олиш ҳамда улар оқибатларини бартараф этишда муҳим ўрин тутмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси томонидан ўтказилган “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси: осойишталик йўлида ҳамкорлик” мавзуидаги анжуманда шу масалада атрофлича маълумот берилди.

Таъкидланганидек, профилактика кунида маҳаллаларда хонадонларга бирма-бир кириб, оилалардаги маънавий-ижтимоий муҳитни ҳамда таълим муассасаларида давоматни ўрганиш, содир этилган жиноятларни шу куннинг ўзида муҳокама қилиш, оила-турмуш доирасидаги ҳуқуқбузарликларни сайёр суд мажлисларида кўриб чиқиш амалиёти йўлга қўйилди. Ҳозирги кунгача 5 миллион хонадонга борилиб, улардаги вазият атрофлича таҳлил қилинди. Натижада жиноятчилик ҳолатлари ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 11 фоиз камайишига эришилди. 

— Профилактика тадбирларининг муҳим жиҳатларидан яна бири шуки, мамлакатимизда мавжуд 8964 та маҳаллада профилактика инспекторлари ва жамоатчилик вакиллари ҳамкорлиги янада кучайди, — дейди Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бошлиғи Азизбек Икрамов. — Натижа ёмон эмас: шу йилнинг ўтган даври давомида 1528 та маҳаллада жиноят содир этилмади. Бу борада биргаликдаги  саъй-ҳаракатимиз муҳим омил бўлаётгани ҳеч кимга сир эмас. Айни чоғда 3 минг 427 та хонадонга уланган қўриқлаш пультлари ҳам алоҳида аҳамият касб этаяпти. 

Бундан ташқари, аввал жиноят содир этиб, жазодан қочиб юрган 849 нафар қидирувдаги шахс ушланиб, уларга тегишли чоралар кўрилди. Шу билан бирга, фуқароларнинг мурожаатлари асосида, ўтмишда содир этилган 559 та жиноят фош қилинди.

Анжуманда алоҳида қайд этилганидек, умумий жиноятчилик ҳолатлари  сезиларли даражада камайган, аммо айрим жиноят турлари ҳақида бу гапни айтишга ҳали эрта. Оила-турмуш муносабатлари доирасидаги жиноятлар бунга яққол мисолдир. Жорий йилнинг ўтган даврида юртимиз бўйича содир этилган қотиллик ва суиқасд қилиш жиноятларининг 35,8 фоизи айнан оилавий келишмовчиликлар ҳиссасига тўғри келади. Баданга қасддан тан жароҳати етказиш жиноятларининг 22,8 фоизи ҳам оилавий келишмовчиликлар боис келиб чиққан. Бу масала ўрганилганда, кўп ҳолларда эр хотинга, ака укага, хотин эрига ёки яқин қариндошлар бир-бирига нисбатан суиқасд қилганлиги маълум бўлади. Афсусланарлиси, мазкур оилалардаги танг вазиятни маҳалла-кўй ҳам, профилактика инспекторлари ҳам, Хотин-қизлар қўмитасининг бошланғич ташкилотлари -вакиллари ҳам яхши билган, лекин ўз вақтида зарур чора кўрмаган. Агар кучни бирлаштириб, ҳаракат қилишганда борми, бундай хунук оқибатларнинг олди олинарди...

Тадбирда вояга етмаган, ёшлар ҳуқуқбузарликлари ва жиноятчилиги, уларни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар натижаси ҳамда ушбу йўналишда амалга оширилиши зарур бўлган муҳим вазифалар хусусида батафсил сўз юритилди.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ, 

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn