Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва -давлат кадастри давлат қўмитаси ҳамда Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасининг Тошкент шаҳар бошқармалари ҳамкорлигида ташкил этилган матбуот анжуманида ана шу ҳақда сўз юритилди.
— Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 27 февралдаги “Битимларни нотариал тасдиқлаш тартибини идоралараро электрон ҳамкорликни қўллаган ҳолда такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Тошкент шаҳар “Ермулккадастр” давлат корхонаси ҳамда давлат нотариал идоралари ўртасида электрон ахборот алмашинуви тизими йўлга қўйилди, — дейди “Ергеодезкадастр” давлат қўмитасининг Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи Сарвар Қодиров. — Бу биринчи босқичда йўлга қўйилган тадбирлар эди. Ушбу тизим иккинчи босқичда нотураржой ҳамда якка тартибдаги уй-жойлар учун ҳам қўлланилади. Айни пайтда жисмоний шахсларга тегишли 164 мингдан зиёд объектлар бўлса, шундан 77 мингдан ортиғи хатловдан ўтказилди.
Қайд этилганидек, бугунги кунда пойтахтимизда миллий ва замонавий дизайн асосида кўплаб иншоотлар бунёд қилинаётир. Мутахассисларнинг маълумот беришича, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи бутунлай ўзгача услубда қайта реконструкциялаштирилади. Бунинг учун
60 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилади. Бундан ташқари, “Чорсу” мажмуасини таъмирлаш ҳамда қайта қуришда янги туристик маршрут йўналишини йўлга қўйиш ҳам инобатга олинган бўлиб, бу пойтахтимизга ташриф буюрадиган чет эллик меҳмонлар учун янада қулайлик яратади.
Анжуманда, шунингдек, Сергели туманида қурилаётган кўп қаватли тураржойлар, -барпо этилаётган объектлар ва келгусида қад ростлайдиган иншоотлар хусусида батафсил маълумот берилди.
Р. ОТАМУРОДОВ.