Қишга тайёргарлик: Аҳоли иссиқлик таъминотидан розими?
  • 05 Октябрь 2017

Қишга тайёргарлик: Аҳоли иссиқлик таъминотидан розими?

Аҳолига сифатли коммунал хизмат кўрсатиш, кўп қаватли уй-жойлар, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш ишларининг ҳолати таҳлилига бағишланган йиғилишда Президентимиз куз-қиш мавсумига тайёргарлик дастурлари ижросини танқидий қайта кўриб чиқиш, режалаштирилган чора-тадбирларни манзилли ҳамда мақсадли амалга ошириш, маблағлардан самарали фойдаланиш, энергия тежамкор технологияларни қўллашни кенгайтириш зарурлигини таъкидлади. Бу борадаги ишларни вилоятлар ва соҳалар кесимида эмас, маҳаллама-маҳалла, уйма-уй амалга ошириш кераклиги қайд этилди.

Хўш, бу ишлар пойтахтимизда қандай олиб борилмоқда? Тошкентда иситиш мавсуми қачон бошланади? Иссиқ сув ҳамда иситишда узилишлар бўлмайдими? Ҳаво совуқ пайтларда хонадонлардаги ҳарорат меъёридан пастга тушиб кетмайдими? Куз келиб, қиш яқинлашган сайин бундай саволлар пойтахт аҳолисини чинакамига бир қадар хавотирга солади.

Аслида, уйларни иситиш қачон бошланиши керак? Бу бўйича Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 июлдаги қарори билан тасдиқланган Кўп квартирали уйларда иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиш қоидаларида белгиланишича, -иситишга ташқаридаги бир суткалик ўртача ҳарорат беш кун давомида 8 даражадан паст бўлган тақдирда киришилади. “Тошиссиққуввати” давлат унитар корхонаси ушбу жараённи шаҳар ҳокимлиги тасдиқлаган муддатларда амалга киритади ва якунига етказади.

Газетхонларимизни ўйлантираётган масалалардан яна бири иссиқ сув ва иситиш хизматларининг нархи билан бевосита боғлиқ. Янги тарифларга кўра, 21 июлдан бошлаб бу нархлар 

5 фоиз ошган. Яъни ҳисоблагич мавжуд бўлганда, иссиқ сувнинг бир куб метри 3 915,9 сўмга тенг. Акс ҳолда, истеъмолчи бир ойда 15 292,52 сўм тўлайди. Ювиниш хоналари умумий бўлган ётоқхоналарда иссиқ сувнинг нархи ҳар бир киши учун 11 376,16 сўм. Иситиш нархлари ҳам бир оз кўтарилган. Ҳозирги пайтда иситиладиган майдоннинг ҳар бир квадрат метри учун 1 323,86 сўм миқдорида нарх белгиланган.

Эътиборли яна бир жиҳат шундан иборатки, тўловларни олдиндан, янги тариф ўрнатилмай туриб, бир йилдан ортиқ бўлмаган муддат учун тўлаб қўйганлар шу муддат давомида иссиқ сув ҳамда иссиқлик энергиясидан эски нархларда фойдаланишлари -мумкин.

Нархлар кўтарилиши билан боғлиқ ҳолда табиий савол туғилади: хўш, иссиқлик етказувчи ташкилотлар томонидан кўрсатилаётган хизматларнинг сифати таъминланадими? Бинобарин, шу мақсадда қандай ишлар амалга оширилди?

“Тошиссиққуввати” корхонаси бош муҳандиси ўринбосари Эркин Муҳаммедовнинг айтишича, 2017/2018 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари жорий йилнинг март ойидан бошлаб юборилган ва айни пайтга келиб, режалаштирилган ишлар бажарилган. Хусусан, 30 километр узунликдаги эскирган қувурлар алмаштирилди, 378,2 километрда магистрал ҳамда тақсимловчи тармоқларда таъмирлаш ишлари ўтказилди. Марказий иссиқлик манбаларидаги 13 та қозон капитал таъмирдан чиқарилди, маҳаллий қозонхоналардаги 586 та қозон, шунингдек, 

55 та насос станцияси эса жорий таъмирланди. Иситиш тизимларини модернизация қилиш мақсадида маҳаллий қозонхоналарда замонавий ва энергия тежовчи 12 та қозон ўрнатилди. Ҳозирги кунда яна 6 та ана шундай қозонни харид қилиш ҳамда ўрнатиш борасида саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.

Шубҳасиз, бу рақамлар “Тошиссиққуввати” корхонаси томонидан 2017/2018 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик бўйича муайян ишлар амалга оширилганлигини кўрсатади. Лекин фақат рақамлар эмас, балки одамлар бу хизматдан рози бўлсагина, мақсадга эришилади. Шу маънода, фуқароларга қандай манзилли ёрдам кўрсатилди? Уларнинг илтимос ва шикоятлари тингландими, муаммолари ҳал этилдими? Таклифлари ҳисобга олиндими? “Тошиссиққуввати” корхонаси тақдим қилган маълумотларга қараганда, жорий йилнинг 23 сентябрь ҳолатига кўра, фуқаролар қабулхоналарига айни масала юзасидан 711 нафар киши мурожаат этган. Шундан 637 таси ҳал қилинди, 70 таси бўйича тушунтиришлар берилди, учтаси кўриб чиқилмоқда, биттаси эса рад этилган. Уларнинг аксарияти иссиқ сув ҳамда иссиқлик энергияси учун қарзлар нотўғри ҳисобланганлиги (303 та ариза), хонадонларда иссиқ сув ва иситишнинг йўқлиги ёки даражаси пастлиги ҳақидадир (218 та ариза).

Айтиш керакки, фуқароларнинг иссиқлик таъминоти муассасалари фаолиятидан норозилиги доимо долзарблиги билан кўзга ташланади. Аҳоли кўпинча қиш-куз фаслида хонадонларнинг совиб кетишидан шикоят қилади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг юқорида келтирилган қарори билан тасдиқланган Кўп квартирали уйларда иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиш қоидаларига мувофиқ, сув олиш жойларида иссиқ сувнинг ҳарорати 50 — 75 даражада бўлиши лозим. Бунда сув олиш нуқтасида иссиқ сув ҳарорати пасайиши тунги вақтда 5 даражадан, кундузги вақтда 3 даражадан ортиқ бўлмаслиги керак. Агар иситиш таъминоти хусусида гапирадиган бўлсак, 1995 йилгача қурилган кўп қаватли тураржой хоналаридаги ҳарорат иситиш мавсуми даврида камида 20 даража, агар кўп қаватли уйлардаги иссиқлик тизими реконс-трукция қилинмаган бўлса, тураржой хоналаридаги ҳарорат камида 18 даража бўлиши шарт. Бунда сутканинг тунги вақтида норматив ҳароратнинг йўл қўйиладиган пасайиши 3 даражадан ошмаслиги зарур. Мабодо “Тошиссиққуввати” ишлаб чиқариш бирлашмаси унитар корхонаси хизматларни белгиланган ҳажмда ҳамда сифатли тарзда кўрсатмаётган, иссиқлик таъминотида узилишлар кузатилаётган бўлса, корхона вакили иштирокида тезкор 

текширув ўтказилиши талаб этилади. Текширув натижалари бўйича қарор истеъмолчининг фойдасига ҳал қилинган тақдирда, муаммо бартараф этилиши ва кўрсатилган хизмат учун тўлов миқдори қайта ҳисобланиши лозим.

Аммо барча ҳолатда фақатгина иссиқлик таъминоти корхонасини айблаш нотўғри. -“Тошиссиққуввати” давлат унитар корхонаси иссиқлик энергияси узатилиши ҳамда етказиб берилишини амалга оширади. Кўп квартирали уйнинг иссиқлик бурчагида корхона жавобгарлиги тугайди. Ушбу жойдан иссиқликнинг хонадонларга етиб -боришини хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати таъминлаши жоиз. Кўринадики, иссиқлик таъминотини узлуксиз ва сифатли етказиб бериш нафақат корхона, балки фуқаролар билан шартнома тузган ширкат зиммасига ҳам юкланган.

Хонадонларда қувурларнинг яхши исимаслигига баъзан истеъмолчилар ҳам сабабчи бўлиб қолишади. Масалан, радиаторлар узоқ муддат давомида алмаштирилмагани боис ифлосланади. Бундан ташқари, истеъмолчининг ўзбошимчалик билан иситиш тизимидан сувни чиқариб ташлаши ҳолатлари ҳам учраб туради. Гоҳида эса тураржойдаги иссиқлик тизимини ўзича ўзгартиради. Буларнинг барчаси, шубҳасиз, бутун уйнинг иссиқлик таъминоти сифатига салбий таъсир кўрсатади. Албатта, хонадон эгалари муаммоли масалаларга ечим топиш истагида тегишли ташкилотларга мурожаат этиш ҳамда ўз манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича қонуний ҳуқуққа эгадирлар. Аммо шу билан бирга, истеъмолчилар зиммасида тегишли мажбуриятлар ҳам борлигини унутмаслик даркор. Коммунал хизматлар учун вақтида ҳақ тўлаш, хонадонда таъмирлаш ишларини масъул ташкилотлар билан дастлабки тарзда келишиб олиш айни заруратдир.

Иситиш тармоқларининг жуда эскирганлиги ҳам иссиқлик таъминоти сифатига салбий таъсир кўрсатадиган сабаблардан бири ҳисобланади. Чунки бу ҳолат узатиш босқичидаёқ катта миқдорда иссиқлик энергияси йўқотишларига олиб келади. Шулардан келиб чиқиб, энергия самарадорлиги юқори бўлган маҳаллий қозонхоналар қуриш, қолаверса, хонадонларга якка тартибда ички иссиқлик таъминоти тизимини ўрнатиш йўли билан кўп хонадонли уй-жой фонди, ижтимоий ва бошқа объектларнинг номарказлаштирилган иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантириш кўзда тутилмоқда.

Ушбу йўналишда 2015 йилда илк қадамлар ташланган эди. Ўшанда Мирзо Улуғбек туманининг ТТЗ иссиқлик таъминотчиси ўрнида тўртта массивда 22 та маҳаллий қозонхона қурилди. Улар айни пайтда кўп квартирали уйларнинг 10 мингдан ортиқ аҳолисини иссиқлик билан таъминлаяпти. Хўш, бундай қозонхоналарнинг афзаллиги нимада?

— Биринчи навбатда, энергия ресурсларини узоқ масофага етказиб бериш ҳамда эксплуатация қилиш зарурати йўқолади, — дейди Мирзо Улуғбек туманидаги маҳаллий қозонхоналар бошқармаси раҳбари Умид Нишонов. — Мазкур қозонхоналарни қуриш учун махсус жой ажратиш шартмас, уларни иситиладиган бино яқинида ўрнатиш мумкин. Бундай миниқозонхоналар юқори фойдали таъсир коэффициентига эга бўлиб, уларга хизмат кўрсатиш учун кўп ходим керак эмас. Қозонхоналарнинг фойдаланишга топширилиши билан биргина 2016 йилда 6,4 миллион куб метрдан ортиқ табиий газ, 

3,6 миллион киловатт-соат электр энергияси, 1,4 миллион куб метр сув тежаб қолинди. Жами сарф-харажатлар 27 фоиз ёки бошқача айтганда, 2 миллиард сўмликдан зиёдроққа камайди.

Мазкур лойиҳанинг муваффақиятли амалга оширилгани уни янада кенгайтириш зарурлигини кўрсатди. 2017 — 2021 йилларга мўлжалланган номарказлаштириш дастури ишлаб чиқилди. Унга мувофиқ, пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур, Миробод, Мирзо Улуғбек, Яшнобод ва Учтепа туманларидаги марказлаштирилган иссиқлик таъминоти ўрнига маҳаллий қозонхоналар ўрнатилади. Натижада 280,8 километр канални қайта қуриш зарур бўлмайди, йилига 37,9 миллион куб метр табиий газ иқтисод қилинади.

Пойтахтликлар учун муносиб турмуш шароитларини таъминлашда, айниқса, қишли-қировли кунларда иссиқлик таъминоти ҳамда иссиқ сув муҳим ўрин тутади. Ва табиийки, куз-қиш мавсумида Тошкент шаҳри аҳолисини иссиқлик билан сифатли, узлуксиз ва ишончли таъминлаш “Тошиссиққуввати” корхонасининг асосий вазифаси саналади. Ушбу мақсадда корхонанинг ҳар бир туман бошқармасида туну кун ишлайдиган авария бригадалари ташкил қилинган. Улар иссиқлик таъминоти тармоқлари зарарланган ҳолатларда тезкорлик билан чора кўриб, жуда қисқа вақт ичида бартараф этиш бўйича иш олиб бормоқда.

Саидазиз ШОРАСУЛОВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn