«Фориш» тоғ-дала ўқув майдонида ҳарбий ўқув машқлари бошланди
  • 04 Октябрь 2017

«Фориш» тоғ-дала ўқув майдонида ҳарбий ўқув машқлари бошланди

Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округининг “Фориш” тоғ-дала ўқув майдонида Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси Мудофаа вазирликлари қўшинлари бўлинмаларининг махсус тактик-ўқув машқлари бўлиб ўтмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 4-5 апрель кунлари Россия Федерациясига амалга оширган давлат ташрифи давомида икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришнинг муҳим йўналишлари ва истиқболлари белгилаб олинган эди. Ушбу машқлар ҳам стратегик шериклик муносабатлари янги босқичга кўтарилганининг яна бир ифодасидир.

Ҳозирги кунда миллий армиямизда илғор тажрибаларни ўрганиш мақсадида хорижий давлатлар билан ҳарбий ҳамкорликни йўлга қўйиш, қўшинларимизни энг замонавий қурол-яроғ ҳамда ҳарбий техника билан таъминлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Қўшинларимиз замонавий ўқотар ва оғир қуроллар, вертолётлар, самолётлар, ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари, автомобиль ҳамда бронетехникалар, алоқа воситалари билан таъминланаётир.

Ҳар иккала мамлакат Мудофаа вазирликлари, Жиззах вилояти ҳокимлиги, жамоатчилик вакиллари иштирокида бўлиб ўтган ўқув машқларининг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири ўринбосари — Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўшинлари қўмондони, генерал-майор Павел Эргашев, Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги марказий ҳарбий округ штаби бошлиғининг ўринбосари, генерал-майор Рустам Миннекаев ва бошқалар давлатларимиз ўртасида ривожланиб бораётган стратегик ҳамкорлик халқларимизнинг тинчлик-осойишталигини таъминлашдек эзгу мақсадга хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлашди.

Оғир иқлим шароитларида, баланд тоғли ҳудудларда шартли ноқонуний қуролланган кучлар ва уларнинг таҳдидини қайтаришга қаратилган машқлар ҳозирги вақтда жаҳон ҳамда минтақамизда кескин ўзгариб бораётган ҳарбий-сиёсий шароитда ҳар қандай хатар ва таҳдидларга қарши курашнинг энг мақбул услубларини ишлаб чиқиш борасида ўзаро тажриба алмашишга асосланган.

Махсус тактик-ўқув машқларида икки мамлакат харбий хизматчилари тинчлик ҳамда хавфсизликни мустаҳкамлаш, халқаро терроризм, экстремизм каби глобал таҳдидларга қарши курашиш, мураккаб тоғ шароитида ноқонуний қуролланган бўлинмани йўқ қилиш бўйича ҳамкорликда аксилтеррор амалиётини ўтказишади. Ўзаро илғор тажрибаларни алмашиб, ҳарбий соҳада ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашади.

Ўқув машқларининг дастлабки кунида қурол-яроғ ва ҳарбий техника кўргазмаси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги қўшинларида қўлланилаётган жанговар қурол-аслаҳалар ва техника воситалари намойиш этилди. Шунингдек, икки давлат ҳарбий хизматчилари ўртасида спортнинг бир неча тури бўйича мусобақалар ўтказилди.

Ўқув машқлари доирасида ҳарбий илмий конференция ҳамда бошқа маданий-маърифий тадбирлар уюштирилиши ҳам кўзда тутилган.

Толибжон ЭРГАШЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn