Эъзоз ва эҳтиромнинг ёрқин ифодаси
  • 01 Октябрь 2017

Эъзоз ва эҳтиромнинг ёрқин ифодаси

Барчамизни билимлар оламига ошно этиш, онгу шууримизда олижаноб фазилатларнинг шаклланиши, теран ва соғлом тафаккур соҳиби бўлиб вояга етишимизда меҳрибон устозлар, фидойи мураббийлар, ғамхўр ўқитувчиларнинг хизмати беқиёсдир. Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида ёш авлод таълим-тарбияси, камолотида ғоят муҳим ўрин тутувчи ушбу соҳа ходимлари меҳнатини эъзозлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бинобарин, 1997 йилдан буён юртимизда “1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни” умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланиб келинмоқда.

Ушбу сана маърифатпарвар халқимиз, фарзандлари камолини кўриш истагидаги ота-оналар, билимга чанқоқ ёшлар учун ҳам қувончли айёмдир. Чунки кўз нури ҳамда қалб қўри, бутун борлиғини маърифат йўлига бахшида қилган меҳридарё устозларни ардоқлаш, уларга юксак эҳтиром кўрсатиш халқимизнинг азалий, шу билан бирга, истиқлол йилларида янгича маъно-мазмун касб этган қадриятларидан бири саналади.

Байрам арафасида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва пойтахтимиздаги умумтаълим мактабларининг бир гуруҳ ўқитувчи ҳамда мураббийлари, педагоглар Мустақиллик майдонини зиёрат қилиб, ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу ниятларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гуллар қўйдилар. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ҳамда сиёсат арбоби Ислом Каримов ҳайкали пойига гул қўйиб, унинг ёрқин хотирасига ҳурмат бажо келтирдилар. Пойтахтимизда умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар, олий таълим тизимида кечаётган ўзгаришлар билан яқиндан танишиш мақсадида таълим муассасаларида, музейлар, маданий-маърифий масканлар ва санъат саройларида бўлиб, истиқлол йилларида Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишларини кўздан кечирдилар.

29 сентябрь куни “Туркистон” саройида умумхалқ байрамига бағишланган тантанали йиғилиш бўлиб ўтди. Шу муносабат билан бу ерга сенаторлар, депутатлар, вазирлик ҳамда идоралар, жамоат ташкилотлари вакиллари, таълим-тарбия соҳасида узоқ йиллар самарали меҳнат қилган педагоглар, илғор ўқитувчилар, спорт мураббийлари, олимлар ва талаба-ёшлар таклиф этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табригини Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Х. Султонов ўқиб эшиттирди.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 27 сентябрда қабул қилинган Фармонига биноан, мамлакатимизда ёш авлоднинг интеллектуал ҳамда маънавий салоҳиятини юксалтириш, таълим тизимини замон талаблари асосида такомиллаштириш, соҳага доир ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш ишларига қўшган салмоқли ҳиссаси, ёшларга илм-фан асослари ва замонавий касб-ҳунарларни ўргатиш, уларни она-Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш борасидаги кўп йиллик фидокорона хизматлари ҳамда ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун бир гуруҳ педагоглар Ватанимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланди.

Дарҳақиқат, юртимизнинг барқарор тараққиётида, жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузи ва обрўсининг тобора юксалишида, ҳаётимизнинг барча йўналишидаги ислоҳотларни чуқурлаштиришда ёш авлод таълим-тарбияси муҳим аҳамиятга эга. Шу боис республикамизда таълим тизимини тубдан ислоҳ этиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган.

Мамлакатимизда жорий йилдан 11 йиллик таълим тизимига ўтилди. Бу жараён ота-оналар ва ўқувчиларнинг хоҳиш-истаклари асосида ташкил қилинди. Хусусан, умумтаълим мактабларининг 467 минг нафар 9-синф битирувчисидан 352 минг нафари 10-синфда ўқишни давом эттириш хоҳишини билдирди. Ота-оналар ҳамда ўқувчиларга қулайлик яратиш, ўқувчиларнинг айни ўсмир пайтида ота-онасига яқин ҳудудда, ўзлари улғайган маҳаллаларда таълим олишларини таъминлаш мақсадида деярли барча умумтаълим мактабида 10-синфлар ташкил қилинди.

Президентимизнинг 2017 йил 8 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори асосида аҳолининг бу хоҳиш-иродаси ҳуқуқий жиҳатдан янада мустаҳкамлаб қўйилди.

Байрам арафасида “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси — 2017” кўрик-танлови ҳам якунланди. Тадбирда унинг ғолибларига диплом ва эсдалик совғалар топширилди.

— Бугун педагогларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, малакасини янада ошириш бўйича давлатимиз томонидан кенг имкониятлар яратилмоқда, — дейди “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” кўрик-танлови ғолиби, Шайхонтоҳур туманидаги 324-мактаб ўқитувчиси Жаҳонгир Исматов. — Ушбу кўрик-танлов ўзаро фикр ҳамда тажриба алмашишимизга, ўқувчиларни фаолликка ундовчи янги услуб ва шакллар билан танишишимизга имкон яратаётгани билан аҳамиятлидир.

Бу галги маросимнинг яна бир янгилиги шунда бўлдики, халқ таълими тизимида фаолият юритаётган ўқитувчилар рағбатлантирилгандан сўнг ўрта махсус, касб-ҳунар таълими, шунингдек, олий таълим тизимларида самарали меҳнат қи-лаётган бир гуруҳ ўқитувчи ҳамда мураббийлар “Йилнинг энг яхши педагоги” йўналиши бўйича ҳам тақдирланди.

Йиғилишда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси, Чиноз туманидаги 40-умумтаълим мактабининг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Раъно Фозилова, бокс бўйича жаҳон чемпиони, “Рио — 2016” Олимпия ўйинлари совриндори Шаҳрам ўиёсов мамлакатимизда таълим-тарбия олиш учун яратилган замонавий шароитлар, ўқитувчилар меҳнатини эъзозлаш борасидаги юксак эътибор учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди. “Ёшлик” журнали бош муҳаррири, шоир Нодир Жонузоқ ўқитувчи ва мураббийларга бағишланган шеърини ўқиб берди.

Санъат усталари ҳамда ижрочи ёшлар иштирокида концерт дастури намойиш этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Н. Йўлдошев, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. Исмоилов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси А. Юнусходжаев иштирок этди.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Ҳасан ПАЙДОЕВ олган сурат.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn