«Юксак эътибор ва самимиятдан ҳайратдамиз»
  • 26 Август 2017

«Юксак эътибор ва самимиятдан ҳайратдамиз»

— дейишмоқда Самарқандга ташриф буюраётган хорижлик меҳмонлар

Аввал хабар берганимиздек, Самарқанд шаҳрида “Шарқ тароналари” XI халқаро мусиқа фестивали ўз ишини бошлади. Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашган кўҳна ва навқирон кентнинг ноёб меъморчилик ёдгорликларидан бири — Регистон майдонида ЮНЕСКО шафелигида ўтказилаётган мазкур нуфузли анжуман 30 августгача санъат ихлосмандларию иштирокчиларига унутилмас онларни туҳфа этади.

Фестивалдан кўзланган асосий мақсад миллий мусиқа санъатида эришилган ютуқларни кенг оммага таништириш, миллатларнинг маданият ва анъаналарини асраш ҳамда ривожлантириш, санъат орқали халқлар ўртасида дўстлик ва маданий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, тинчлик, дўстлик ва ўзаро бағрикенгликни тарғиб қилишдан иборат.

Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан асос солинган ушбу йирик санъат байрамининг жаҳон миқёсида шуҳрати тобора ортиб бораётгани бежиз эмас. Чунки Ўзбекистондаги илм-маърифат, маданият ўчоқлари қадимдан дунё халқларини ўзига жалб қилиб келган. Буюк Ипак йўлида жойлашган Самарқанд, Бухоро, Тошкент ҳамда Хива сингари шаҳарларимиз Шарқ ва ўарбни бир-бирига нафақат савдо-иқтисодий, балки маданий ришталар орқали ҳам боғлаган. Бугун ноёб осориатиқалари билан ҳар қандай кишини мафтун этадиган Самарқанд ана шу маънода нуфузли халқаро анжуманни ўтказишга муносибдир. 

“Шарқ тароналари” фестивалида қатнашиш истагини билдираётган давлатлар ва иштирокчилар сони ҳам йилдан-йилга ошиб бораяпти. Жумладан, бу галги анжуманда 60 га яқин мамлакат вакиллари ўз истеъдодини намойиш қилади.

Фестиваль доирасида илмий-назарий конференция ўтказиш ҳам анъанага айланган. Навбатдаги конференция “Шарқ халқлари мусиқа маданиятида миллий анъаналарнинг шаклланиши ва ривожланиши” деб номланган. Унда 20 дан ортиқ давлатдан келган етакчи мусиқашунослар, олимлар, маданият ва санъат арбоблари ўзаро фикр ҳамда тажриба алмашиш имконига эга бўлишади.

Ўзининг 2750 йилдан зиёд тарихи давомида қадимий Самарқанд улкан салоҳияти, салобати, маҳобати билан дунё халқлари эътиборида бўлиб келмоқда. Шу даврда Шарқ мусиқа санъатининг асосий марказларидан бирига айланди. Бу эса кўҳна кентда инсоният тафаккурининг буюк кашфиётларидан бири бўлган мусиқа санъати шонли ва қадимий тарихга эга эканлигидан далолат беради. Бу қутлуғ манзилда “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали ўтказилишининг йўлга қўйилиши ва нуфузли тадбирнинг ЮНЕСКО шафелигига олиниши асрлар силсиласидаги тарихий ҳақиқатнинг юзага чиқишига имкон яратди.

Нуфузли тадбир муносабати билан Самарқанд шаҳридаги Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейида бўлиб ўтаётган “Оламга таралгин, Шарқ таронаси!” деб номланган кўргазмага ташриф буюрувчилар жуда кўпчиликни ташкил этмоқда. Чунки бу ерда намойиш қилинаётган экспонатлар орасидаги қадимий мусиқа асбоблари ва археологик ашёлар, фестиваль тарихига оид ҳужжатлар, саҳна либослари, фотолавҳалар, тадбирда иштирок этган ансамбль ва бадиий жамоалар томонидан тақдим қилинган турли чолғу асбоблари барчада катта қизиқиш уйғотаётир. 

Музей фондида эрамиздан аввалги икки минг йилликдан бугунги кунгача бўлган узоқ даврга оид 200 га яқин мусиқа асбоблари сақланмоқда. Улар орасида, шубҳасиз, Ургут тумани, Мўминобод қишлоғидан топилган, эрамиздан аввалги II минг йилликка оид най сози энг қадимий ва қимматлиси ҳисобланади. Бундан ташқари, “Шарқ тароналари”нинг дастлабки фестивалларида фойдаланилган саҳна безаклари, мусиқа асбоблари, фотолавҳалар ҳам мазкур нуфузли санъат анжумани тарихи ҳақида қимматли маълумотлар беради.

Шу ўринда ушбу йирик халқаро анжуман бўлиб ўтаётган Самарқанд шаҳрида кейинги пайтларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ҳақида икки оғиз сўз юритсак. Мустақиллигимизнинг 26 йиллиги арафасида қадимий шаҳар янада обод ва ораста, гўзал ҳамда фусункор, латофатли ва файзли масканга айланди. Шаҳар қиёфасини акс эттиришда, асосан, маҳаллий шароитдан келиб чиққан ҳолда, миллийлик, гўзаллик ва нафосатнинг уфуриб туришига эътибор қаратилди. Шаҳар автобуслари, автобус бекатлари ва яна бир қанча жойларда “Шарқ тароналари”га оид ёзувлар, безаклар кўзга ташланиб турибди. 

Тунги Самарқанд, айниқса, фестиваль кунларида янада фусункор манзара касб этган. Бу йил Регистонни ёритишга алоҳида эътибор қаратилаяпти.

Умуман, бугун ҳудуднинг ҳар бир гўшасида “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали билан боғлиқ маданий-маърифий тадбирлар, учрашувлар ўтказилмоқда. Халқаро санъат форуми иштирокчилари ва меҳмонлари халқимизга хос меҳмоннавозлик билан кутиб олинаяпти.

25 август куни фестиваль қатнашчиларининг асосий гуруҳлари Самарқандга келди ва кечки пайт Регистон майдонида танлов дастури асосида чиқишлар бошланди. Ўз навбатида, шаҳардаги бир қатор маданият ва истироҳат боғлари, Пастдарғом, Оқдарё, Пайариқ, Самарқанд, Жомбой туманларидаги амфитеатрлар, болалар мусиқа ва санъат мактабларида концерт дастурлари намойиш этилади.

— Афсонавий шаҳарга қадам қўйибоқ қалбимни ажиб бир ҳаяжон чулғаб олди, — дейди фестиваль ҳакамлар ҳайъати аъзоси, кувайтлик Амир Жаъфар. — Дунёнинг кўплаб мамлакатларида бўлганман, аммо Ўзбекистон, Самарқанд таърифланганидан ҳам мафтункор, бетакрор экан. Ташкилотчилик, меҳмонларга юксак эътибор камдан-кам кузатиладиган ҳолат. Бу ўзбек халқининг санъатсеварлиги, меҳмондўстлиги ва бағрикенглигидан далолат беради. Камина бу ҳолатга Тошкентда, бугун Самарқандда гувоҳ бўлиб, ҳайратланиб турибман. Бундай самимий, очиқкўнгил инсонлар билан суҳбатлашиш, уларга ўз санъатимизни намойиш этиш биз учун завқли ва таассуротларга бой бўлишига ишонаман.

Кун давомида Самарқанд шаҳрида муқаддас қадамжо ва тарихий обидалар бўйлаб саёҳат, маданий-маърифий учрашувлар, танлов дастурида қатнашадиган жамоалар учун Регистон майдонидаги саҳнада машқлар ўтказилди.

Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,

Мақсуд ЖОНИХОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбирлари.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn