Ана шундай анжуманлардан бири кеча пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида ташкил этилди. Олимлар, ижодкорлар, жамоатчилик вакиллари қатнашган тадбирда республикамизни мураккаб ва оғир йилларда бошқариб, юртимиз тараққиёти йўлида фидокорона хизмат қилган, ижтимоий ҳамда ижодий фаолияти билан миллий адабиётимиз ва маданиятимиз ривожига улкан ҳисса қўшган атоқли давлат арбоби ҳамда ёзувчи Шароф Рашидов фаолияти ҳақида сўз юритилди.
— Шароф Рашидов номининг абадийлаштирилиши халқимиз кўнглидаги иш бўлди, — дейди академик Аҳмадали Асқаров. — Бу ҳақда Президент қарори билан танишиб, беихтиёр Шароф Рашидов билан учрашган кезларимиз, у кишининг маслаҳатлари асосида амалга оширган ишларимиз кўз олдимда гавдаланди.
Анжуманда халқимиз бу улуғ инсонни нафақат давлат раҳбари, балки Ватанга муҳаббат, эл-юртга садоқат, сабр-қаноат, матонат ва ҳалолликни тараннум этган кўплаб асарлар муаллифи сифатида ҳам яхши билиши қайд этилди. Шароф Рашидовни яқиндан таниган кишилар бу инсоннинг ибратли ҳаёт йўли ва сермаҳсул ижодий фаолияти хусусида сўз юритишди.
Тадбирда Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти илмий ходими, тарих фанлари номзоди Шуҳрат Эргашевнинг “Эрк истар кўнгил” номли китоби тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.
О. ЛУТФУЛЛАЕВ.