Ташаббус кўрсатганга имконият кенг
  • 22 Август 2017

Ташаббус кўрсатганга имконият кенг

Юртимиз табиатида сезиларли тафовутлар бор. Иқлими турлича бўлган ҳудудларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда бу омилни, албатта, инобатга олиш керак. Давлатимиз раҳбари қай бир вилоят, туманга бормасин, ана шунга эътибор қаратмоқда.

Жумладан, Президентимиз вилоятга ташрифи чоғида “Бухорокоттонтекстиль” корхонаси лойиҳаси билан танишар экан, пахтани тола кўринишида сотиш кам даромад келтиришини, уни қайта ишлаб экспортбоп тайёр маҳсулотга айлантириш зарурлигини таъкидлади.
Дарҳақиқат, бугунги кунда вилоятимизда етиштирилаётган  пахтанинг атиги 20 фоизи ўзимизда қайта ишланмоқда. Агар шу йўналишдаги лойиҳалар тўлиқ амалга оширилса, бу кўрсаткич яқин давр ичида 65 фоизга етади. Шу нуқтаи назардан, Бухорода пахта етиштиришдан тайёр тўқимачилик маҳсулоти ишлаб чиқаришгача бўлган жараённи қамраб оладиган кластер барпо этилаётгани қувончлидир. Негаки, бу воҳамизга замонавий технологияларнинг кириб келишига, янги иш ўринлари яратилишига, аҳоли турмуш даражасининг ошишига хизмат қилади.
Ўтмишда 15 — 20 гектар пахта майдони ҳисобидан бошқа экинлар учун ер ажратиш тўғрисидаги таклифнинг ўзиёқ қандай оқибатларга олиб келганини кекса авлод вакиллари яхши эслашади. Эндиликда эса Юртбошимизнинг ўзи пахтанинг ўрнига қандай экинлар эксак, ҳар томонлама фойдали бўлади, деган мазмунда таклиф сўраяпти. ўалладан бўшаган майдонларда такрорий экинлар экилгани, янгидан-янги интенсив  боғлар, токзорлар, анорзорлар, ёнғоқзорлар барпо этилаётганини эшитиб, беихтиёр Президентимиз Фарғонага ташрифи чоғида “Одамлар далага кирдими, албатта, даромад топсин, такрор айтаман, халқ бой бўлса, давлат ҳам бой бўлади”, дея айтган сўзлари ёдга тушади.
Мана, ёнғоқзорларни кўпайтириш лойиҳасини олинг. Мазкур лойиҳа учун жорий йилнинг ўзидаёқ 50 миллион доллар ажратилди. Шу каби кенг қамровли ишлар халқимизни, жумладан, шу юртнинг оддий бир фарзанди сифатида мени ҳам беҳад хушнуд этмоқда. Эртанги кунга бўлган ишончимизни мустаҳкамлаяпти. Ёшу кексани ташаббус кўрсатиб ишлашга ундамоқда.

И. ЭШМУРОДОВ,
меҳнат фахрийси.
Ғиждувон тумани

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn