“Юнусобод”, “Қўйлиқ” ва “Олой” деҳқон бозорлари ҳудудига ўрнатилган учта банкомат жорий йилнинг 14 август кунидан синов тариқасида ишга туширилди. Бир кунда битта пластик картадан жами 100 минг сўмгача бўлган нақд пул ечиб олиниши мумкин.
Банкоматга 1 000, 5 000 ва 10 000 сўмлик купюралар жойлаштирилган. Пластик картадан нақд пул ечиб олиш жараёни учун фойдаланувчи атиги 1,5-2 дақиқа сарфлайди холос.
Эътиборлиси, нақд пул ечиб олинаётганда пластик карта эгасидан ҳеч қандай комиссия тўлови ундирилмайди. Банкоматлар “Uzcard” тизимига уланган исталган банк пластик картасини қабул қилади.
Ҳозирги кунда банкоматлар, асосан, бозорлар ҳудудида жойлашгани учун уларнинг иш режими ҳам шунга мослаштирилган.
Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, республикамиздаги молия муассасалари томонидан аҳоли гавжум бўлган турли ҳудудларда ана шундай банкоматлар ўрнатиш ишлари давом эттирилмоқда.
Дилшод УЛУҒМУРОДОВ.