Соғлом фарзанд — оила қувончи, жамият ютуғи
  • 28 Июль 2017

Соғлом фарзанд — оила қувончи, жамият ютуғи

Мамлакатимизда истиқлолнинг илк кунлариданоқ аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, ёш авлодни соғлом вояга етказиш, оналар ва болаларга сифатли тиббий хизмат кўрсатишга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Жумладан, тез тиббий ёрдам кўрсатиш тизими шакллантирилди, ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари ташкил қилинди, шу билан бирга, болаларда ногиронликнинг олдини олиш, аҳоли турмуш тарзини яхшилаш, касалликлар тарқалишини бартараф этиш, ижтимоий ёрдамга муҳтож қатламга тиббий ёрдам кўрсатиш каби масалаларда меъёрий-ҳуқуқий база яратилди.

Мустақиллигимизнинг илк кунларидан бошлаб жисмонан соғлом ва маънан етук авлодни тарбиялашдек устувор вазифа -босқичма-босқич амалга ошириб келинмоқда. “Оналар ва болалар”, “Ёшлар”, “Баркамол авлод”, “Оила”, “Соғлом она ва бола” номлари билан аталган йилларда бажарилган чора-тадбирлар халқимизнинг эзгу орзуси бўлган соғлом фарзанд тарбиялашдек олижаноб мақсадга ҳамоҳангдир. 

Ўтган даврда мамлакатимиз ва жамиятимиз тараққиёти учун ғоят муҳим аҳамият касб этувчи вазифаларни бажаришга йўналтирилган қатор умуммиллий дастурлар, биринчи навбатда, “Соғлом она — соғлом бола” дастури амалга оширилди. Бундай саъй-ҳаракатлар изчиллик билан давом эттирилаётгани қувонарлидир. 

Хусусан, жамиятнинг бебаҳо бойлиги бўлган инсон саломатлигини мустаҳкамлаш, юртимизда тиббий хизмат сифатини ошириш билан боғлиқ масалалар ҳамиша давлатимиз раҳбарининг диққат марказида бўлиб келмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев вилоятларга сафарлари пайтида ижтимоий аҳамиятга молик турли объектлар қатори қишлоқ врачлик пунктлари, кўп тармоқли клиникаларда бўлиб, шифокорлар ва беморлар билан бевосита мулоқот қилиб келаётгани бу борада кўплаб масалаларни жойларда самарали ҳал этиш имконини бераётир. 

Маълумки, шу йил 5 январь, 7 февраль, 30 март ва 6 июль кунлари тиббиёт масалалари юзасидан бўлиб ўтган мажлисларда мазкур тизим фаолиятини тубдан такомиллаштириш, юртдошларимизда ҳақли эътироз уйғотаётган долзарб муаммолар ва камчиликларни бартараф этиш бўйича аниқ кўрсатмалар берилган, шу борада амалга оширилаётган дастурлар ижроси атрофлича кўриб чиқилган эди. Бундан мақсад, Президентимиз таъкидлаганидек, соғлиқни сақлаш масаласи ҳар бир одамнинг кундалик ҳаётига тўғридан-тўғри дахлдор бўлиб, бу борадаги муаммолар аҳолининг саломатлигига, охир-оқибатда жамиятимизнинг ижтимоий кайфиятига, халқнинг давлатга, ҳукуматга бўлган ишончига, ҳеч шубҳасиз, энг кучли таъсир кўрсатадиган соҳадир.

Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказида яратилган шарт-шароит ҳам бугунги кун -талабига тўла мос келади. Марказ қошида 40 ўринга мўлжалланган махсус “Туғма ва орттирилган ЛОР аъзолари касалликлари” янги бўлими ишга туширилди, у замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланди ҳамда маҳаллий ёш шифокорларимиз Польша, Австрия, Франция, Украина, Россия, Словакия, Италия каби давлатларнинг етакчи клиникаларида таҳсил олиб қайтишди. 

Ҳозирги кунгача олиб борилган илмий тадқиқот ишлари амалиётда ўз натижасини бермоқда. Жумладан, ушбу марказ профессорлари — Ф. Иноятова, Д. Аҳмедова, Ш. Амонов республикамизда эшитиши заиф бўлган ва умуман эшитмайдиган болаларнинг эшитиш қобилиятини тиклашдек ўта масъулиятли вазифани ўз олдиларига мақсад қилиб қўйган. 

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, эшитишни йўқотиш инсон турмуш тарзини издан чиқарадиган омиллардан бири ҳисобланади. Ер шари аҳолисининг 5,3 фоизи эшитиш қобилиятининг пасайганлигидан азият чекади. Дунё бўйича ҳар 1000 та янги туғилган чақалоқдан биттаси эшитиши пастлиги ёки мутлақ карлик билан туғилади. Бу кўрсаткич бир ёшга борганда 2 ёки 3 баравар ортади. Эшитиш заифлиги ирсий, туғма ёки орттирилган бўлиши мумкин. Афсуски, бундай болаларда иккиламчи нутқ шаклланмай қолади, улар жамиятда ўзларини ижтимоий чегараланган ҳис қилади, бу, ўз -навбатида, баъзиларда руҳий етишмовчиликларни келтириб чиқаради. Оқибатда кўпгина болалар умр бўйи ногирон бўлиб қолишади.

2014 йилгача оғир эшитиш заифлиги ва карлик мавжуд бўлган болалар кохлеар имплантация учун чет элларга боришга мажбур эди. Бу эса катта молиявий сарф-харажатларни талаб қилар, аммо шунчалик оворагарчилик ҳам иш бермас эди. Негаки, имплантация қилинган ўғил-қизларда операциядан кейинги реабилитация тадбирлари ўтказилмас, натижада жарроҳлик амалиёти самараси сезилмасди. 

2014 — 2016 йилларда энг замонавий эшитиш имплантлари қўлланилиши асосида 300 нафар болада кохлеар имплантация операцияси бажарилиши режалаштирилиб, ҳукуматимиз томонидан барча шароит яратиб берилди. Марказ олимлари  томонидан “Оғир эшитиш заифлиги ва карлиги бўлган болалар реабилитацияси (Ўзбек модели)” илмий-амалий дастури доирасида 4000 дан ортиқ ўғил-қизлар текширувлардан ўтказилди. 5 ёшгача бўлган 300 нафар кичкинтойга давлат бюджети ҳисобидан, 54 нафарига имплант ишлаб чиқарувчи компаниянинг мурувват ёрдами ва 5 ёшдан катта бўлган 29 нафар болага -имтиёзли кредит ҳисобидан кохлеар имплантация бажарилди. 

Имплантация қилинган болаларни мониторинг қилиш натижалари эса 90 фоиз ижобий. Яъни уларнинг эшитиш қобилияти тикланиб, гапира бошлади. 7 ёшга кирганлари эса умумтаълим мактабларида ўз тенгқурлари қаторида таҳсил олишмоқда. Турли мусиқий тўгараклар, давлатимиз томонидан ўтказиладиган имконияти чекланган болалар иштирокидаги ва бошқа байрамларда фаол қатнашмоқда. 

Қувонарлиси шундаки, 2016 йилда Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтган эшитиши чекланган болаларга мўлжалланган “Сеҳрли симфония” номли халқаро мусиқий танловда 5 нафар ўзбекистонлик бола иштирок этди ва 1-даражали дипломлар соҳиби бўлишди. Бугунги кунда эса болалар мазкур йилнинг сентябрь ойида ўтказилиши режалаштирилаётган ушбу тадбирда қатнашишга тайёргарлик кўришмоқда.

Яқинда матбуотда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасининг фан ва техника, адабиёт, санъат ва меъморчилик соҳасидаги Давлат мукофотлари кенгаши 2017 йилда бериладиган Давлат мукофотлари танловига қўйилган ишлар рўйхати эълон қилинди. Улар орасида Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази профессорлари Ф. Иноятова, Д. Аҳмедова, Ш. Амонов томонидан тайёрланган “Оғир эшитиш заифлиги ва карлиги бўлган болалар реабилитацияси (Ўзбек модели)” номли илмий-амалий тадқиқот бор. 

Олимларимиз томонидан яратилган бу дастур “Ўзбек модели” дейилиши бежиз эмас. Гап шундаки, бунда эшитиши заиф бўлган болани текшириб, унга индивидуал режа тузиб, кохлеар имплантация операцияси бажарилиб, ҳатто, эшитиши тикланишидан жамиятда ўз ўрнини топишигача бўлган босқичлар қамраб олинган. 

Дастур бўйича реабилитациянинг барча босқичи республикамизда ўтказилишининг муҳим жиҳати шундаки, у иқтисодий жиҳатдан самарали ҳисобланиб, кохлеар имплантация учун беморларнинг хорижга бориб сарсон бўлишини камайтирди. Бу эса ота-оналар учун давлатимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрлик ифодасидир. 

Дастурнинг яна бир ибратли жиҳати шундаки, нафақат эшитиши заиф бўлган болалар, балки эндигина туғилган чақалоқларнинг эшитишидаги ўзгаришларни эрта аниқлаш мақсадида марказнинг ҳудудий филиаллари ва вилоят кўп тармоқли болалар тиббиёт марказларида “Нейрософт” махсус ускунаси ёрдамида аудиоскрининг усули йўлга қўйилди. Реабилитация жараёни самарадорлигини юксалтириш борасида республикамиз ҳудудларида фаолият кўрсатаётган неонатологлар, ЛОР ва умумий амалиёт шифокорларига эшитиш қобилиятининг чуқур бузилишлари ва карликни ташхислашда аудиоскринингдан фойдаланиш ўргатилди ҳамда сурдопедагоглар кохлеар имплантация реабилитация босқичларини ўзлаштириш бўйича таҳсил олишди. Шу боис олимларимиз томонидан ишлаб чиқилган кохлеар имплантация -дастури халқаро ва маҳаллий конференция ҳамда съездларда муҳокама қилиниб, жаҳоннинг етакчи клиникалари томонидан “Ўзбек модели” деб тан олинди.

Мухтасар айтганда, “Оғир эшитиш заифлиги ва карлиги бўлган болалар реабилитацияси (Ўзбек модели)” илмий-амалий дастури жондан азиз дилбандларимиз ногиронлигининг олдини олиш ҳамда камайтиришга, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказишга хизмат қилади. 

Лазиз ТЎЙЧИЕВ,

тиббиёт фанлари доктори,

профессор.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn