Устувор вазифалар, истиқболли таклифлар
  • 26 Июль 2017

Устувор вазифалар, истиқболли таклифлар

Тошкент вилоятининг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилади

Давлатимиз раҳбарининг ўтган ҳафтада Тошкент вилоятига ташрифи чоғида кўплаб янгидан-янги лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. Эътиборлиси, уларнинг барчаси нафақат воҳа, балки мамлакатимиз тараққиёти, аҳоли турмуш фаровонлигига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Муҳими, Президентимиз томонидан белгилаб берилган устувор вазифалар, ўртага ташланган долзарб масалалар, илгари сурилган истиқболли таклифлар пойтахт вилояти аҳлининг эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамлаши баробарида, уларни янада ғайрат-шижоат билан меҳнат қилишга ундади. Буни юртдошларимизнинг қуйидаги дил сўзлари ҳам яққол ифодалайди.

Эргаш РЎЗИБОЕВ, Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси Бекобод тумани бўлими раиси:
— Халқ билан очиқ мулоқот аҳолини қийнаб келаётган муаммолар ечимини топишнинг самарали усули эканлигига бугун барчамиз гувоҳ бўлаяпмиз. Президентимизнинг пойтахт вилоятига ташрифи ҳам ана шундай самимий руҳда ўтди. Учрашувлар давомида мамлакатимиз раҳбари аҳолининг ҳаёт тарзи, муаммолари, ўз навбатида, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий юксалтириш истиқболлари ҳақида сўз юритди. Воҳа инфратузилмасини яхшилашга доир фикр-мулоҳаза ва тавсиялари ҳам одамларимиз дилидаги гап бўлди.
Уй-жой таъминоти масаласи — шулардан бири. Келгусида Тошкент — Сирдарё автомобиль йўлининг вилоят ҳудудидан ўтувчи қисмида янги тураржойлар, ижтимоий соҳа объектлари қурилиши жуда муҳим воқеликдир. Шунингдек, воҳанинг барча туман ва шаҳарларида 5 ҳамда 7 қаватли замонавий уй-жой бинолари бунёд этилиши қанчадан-қанча оилалар ҳаётига файзу барака олиб киради. Қувонарлиси, бундай қулайликдан туманимиз аҳли ҳам баҳраманд бўлиши кўзда тутилган.

Тўлқин ТЎРАЕВ, Тошкент вилояти Фермерлари кенгаши раҳбари:
— Давлатимиз раҳбари вилоятимизда бўлган чоғида заминимизда етиштирилаётган сабзавот, картошка, мева, узум ва полиз маҳсулотларини қиш-баҳор мавсуми учун сақлаш, замонавий технологиялар асосида қайта ишлаш, экспорт қилиш катта иқтисодий самара беришини алоҳида таъкидлади. Бинобарин, ички бозорни сархил неъматлар билан таъминлашда ер майдонларидан унумли фойдаланишнинг аҳамияти беқиёс. Қолаверса, бу орқали кўплаб янги иш ўринлари яратилади.
Президентимиз айтиб ўтганидек, яқин истиқболда Юқори Чирчиқ, Қибрай, Оҳангарон, Паркент туманларида замонавий иссиқхоналар, музлаткичли омборхоналар, қайта ишлаш корхоналари барпо этилади. Буларнинг барчаси деҳқон ва фермерларимиз даромадига даромад қўшиб, ҳудуд иқтисодий салоҳияти юксалишига муносиб ҳисса бўлади. Халқимиз дастурхони тўкинлигига эришиш эса устувор мақсаддир.


Аваз ИСМОИЛОВ, Ўрта Чирчиқ туманидаги “Ўзбегим отлари” от заводи директори:
— Президентимизнинг йилқичилик ва от спорти равнақи йўлидаги таклиф-тавсиялари жуда ўринли ҳамда қимматлидир.
Мана, фаолиятимиз мисолида айтай. Заводимиз қадимий от зотлари, жумладан, Ахалтака тулпорларини боқиш ва кўпайтиришга ихтисослаштирилган. Ҳозир 300 га яқин отларни парваришлаяпмиз. Улар орасида давлатимиз раҳбарига Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов томонидан совға қилинган “Дўстхон” лақабли зотдор от ҳам бор.
Юртбошимиз фаолиятимиз билан танишиш асносида мутасаддилар олдига мазкур соҳани ривожлантириш юзасидан қатор вазифалар қўйди. Шунга мувофиқ, яқин келажакда Бўстонлиқ туманида спорт отларини кўпайтиришга ихтисослаштирилган янги завод ташкил этилади. Шунингдек, 2019 йилга қадар пойтахт отчопарини қайта қуриш ва жиҳозлаш режалаштирилаяпти. Бу эзгу мақсадларни рўёбга чиқаришда франциялик мутахассислар ҳам иштирок этишади. Пировардида мамлакатимизда йилқичилик ҳамда от спорти янада равнақ топиши баробарида, миллий от ўйинларимиз обрў-эътибори халқаро даражага кўтарилади.

«Халқ сўзи» мухбири
Раҳматилла ШЕРАЛИЕВ ёзиб олди.



Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn