Полвонларимиз — қитъа чемпионлари
  • 26 Июль 2017

Полвонларимиз — қитъа чемпионлари

Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида эркин, юнон-рум ва хотин-қизлар кураши бўйича кадетлар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида Ўзбекистон вакиллари ҳам муваффақиятли иштирок этди.

Нуфузли мусобақанинг эркин кураш беллашувларида ҳамюртимиз Умиджон Жалолов вазни 42 килограммгача бўлган полвонлар орасида ғолибликка эришди. Яна бир спортчимиз Ихтиёр Нормуродов эса (-63 кг.) Осиё чемпионатининг олтин медалини қўлга киритди. Шунингдек, ўз вазн тоифасида Муҳаммадрасул Раҳимов кумуш, Жамшидбек Маъруфов бронза медалига сазовор бўлди.
Юнон-рум кураши бўйича ўтказилган беллашувларда Саидислом Тешабоев, Элдор Каримов ва Дилшод Омонгелдиев учинчи ўринни банд этди.
Хотин-қизлар кураши бўйича Умидахон Мақсетова ва Гулноза Жумабоева қитъа чемпионатининг бронза медаллари билан тақдирланди.

Ғолиб тўрт партияда аниқланади
Жорий йилнинг сентябрь ойида Грузияда шахмат бўйича навбатдаги жаҳон кубоги мусобақалари бўлиб ўтади.
Нуфузли турнирда дунёнинг 128 нафар “ақл гимнастикаси” устаси совринли ўринлар учун кураш олиб боради. Унда минтақавий саралаш баҳсларида ғолибликка эришган гроссмейстеримиз Жаҳонгир Воҳидов юртимиз шарафини ҳимоя қилади.
Жаҳон кубоги Олимпия тизимида ташкил этилиб, мағлубиятга учраган шахматчилар мусобақадан чиқиб кетади. Агар икки партияда ҳам дуранг натижа қайд этилса, ғолиб “тай-брейк”да аниқланади.
Якуний учрашув 4 та партиядан иборат бўлади. Эътиборлиси, ҳар икки финалчи ҳам келаси йили жаҳон тожи учун уюштириладиган даъвогарлар турнирига йўлланмани қўлга киритади.

Таътил мароқли ўтмоқда
Нукус шаҳрида 2002 — 2007 йилларда туғилган ўғил-қизлар ўртасида теннис бўйича “Ёз — 2017” мусобақаси уюштирилди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси туманлари ва Нукус шаҳридан 120 нафар спортчи совринли ўринлар учун ўзаро баҳслашди. Болаларнинг таътил даврини мазмунли ташкил этиш мақсадида ўтказилган беллашувда Ўткир Бекниёзов, Эрсултон Дарибоев, Айдос Муротбоев, Оқсулув Худойбергенова, Элвира Тожекеева ҳамда Дилноза Исмоилова ғолибликка эришди.
Фазлиддин АБИЛОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn