Одамлар розилиги, юрт ободлиги
  • 25 Июль 2017

Одамлар розилиги, юрт ободлиги

Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар мазмун-моҳияти ана шу эзгу мақсадга йўғрилган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 21-22 июль кунлари Тошкент вилоятига ташрифи воҳа аҳлини янгидан-янги марралар сари илҳомлантирди. Чунки жойлардаги учрашувлар чоғида яқин истиқболда ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга оид ўнлаб янги лойиҳалар амалга оширилиши маълум бўлди. Шунингдек, вилоят фаоллари, бир гуруҳ меҳнат фахрийлари билан мулоқот давомида билдирилган самимий тилаклар ва ташаббуслар одамлар розилиги, юрт ободлигини таъминлаш йўлида муҳим дастуриламал бўлади, албатта. 

Бу ҳудуд равнақи йўлида меҳнат қилаётган юртдошларимизнинг фикр-мулоҳазаларида ҳам ўз ифодасини топмоқда.  

Шуҳрат АМИНОВ, Ангрен шаҳрида қурилаётган резина техника маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонаси директори:

—  Бугун шаҳримизни, том маънода, қурилиш майдонига қиёслаш мумкин. Чунки бу ерда кенг кўламли бунёдкорлик ишлари олиб борилаяпти. Айниқса, “Ангрен” эркин иқтисодий зонаси ташкил этилиши маҳаллий ва хорижий инвесторлар учун янги имкониятлар эшигини очди. Айни пайтда ушбу саноат ҳудудида  200 га яқин корхоналар фаолият кўрсатаётгани фикримиз тасдиғидир.

Президентимизнинг қисқа муддат ичида шаҳримизга икки маротаба ташриф буюрганининг ўзиёқ Ангренни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришга нақадар катта эътибор қаратилаётганлигини кўрсатиб турибди. Давлатимиз раҳбари сафар давомида корхонамизда бўлиб, ишимизни ривожлантириш ва такомиллаштириш мақсадида қатор таклиф ва маслаҳатларини берди. Хитойлик ҳамкорларимиз билан конвейер ленталари, қишлоқ хўжалиги техникалари ҳамда автомобиль шиналари ишлаб чиқариш лойиҳасининг амалга оширилиши импорт ўрнини тўлдириш, валюта маблағларини тежаш, экспортдан даромад олиш  учун айни муддаодир. Яқин ойлар ичида жаҳон стандартларига мос, юқори сифатли ва кенг турдаги  маҳсулотлар тайёрлай бошлаймиз. Президентимиз таъкидлаганидек, бу мамлакатимиз иқтисодиёти учун муҳим аҳамиятга эга лойиҳа ҳисобланади. 

Ҳакимжон ҲАМИДОВ, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими раиси:

— Маҳалла институтини такомиллаштириш, уни янада ривожлантириш ҳамиша Президентимиз эътиборида. Бу ташриф чоғида яна бир бор ўз исботини топди. Яъни давлатимиз раҳбари учрашув давомида фуқаролар йиғинлари олдига янги-янги вазифалар қўйиб, маҳалла одамлар ва ҳокимият тизими ўртасида кўприк бўлиши лозимлигини қайд этди. 

Бу эса бизни ҳар қачонгидан ҳам масъулият ва ғайрат-шижоат билан ишлашга ундамоқда. Тошкент туманининг қайта ташкил этилиши, Янгийўл ва Оҳангарон шаҳарларининг вилоят бўйсунувига ўтказилиши ҳақидаги таклифлари ишимизни сезиларли даражада енгиллаштиришга қаратилган ташаббус бўлди.

Шу ўринда вилоятнинг маъмурий маркази этиб Тўйтепа шаҳри  белгиланаётганини ҳам мамнуният билан таъкидлаш керак. Ишлаб чиқилган лойиҳага кўра, янги шаҳарни қуриш учун 2 миллиард АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфланади. Тўйтепа ўхшаши йўқ ҳудуд бўлади. Унинг қурилишида миллий қадриятларимиз эътиборга олинади. Экологик боғлар ташкил этилади. Буларнинг барчаси одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашига хизмат қилади, албатта. 

Абдукарим АБДУЖАМИЛОВ, Бўстонлиқ туманидаги “Бурчмулла” ўрмон хўжалиги директори:

— Президентимиз таклифига биноан, вилоятимизнинг сўлим гўшаларида тажриба тариқасида сайёҳлар учун меҳмон уйлари ташкил этиладиган бўлди. Бундан кўзланган асосий мақсад туризм жозибадорлигини таъминлаш, азалий урф-одатларимиз асосидаги тадбирларга сайёҳларни жалб этиш, уларга турмуш тарзимизни намойиш қилиш билан малакали хизмат кўрсатишдан иборат. 

Ташриф давомида тақдим этилган вилоятнинг асосий туристик йўналишларини тараққий топтириш лойиҳалари, сўзсиз, соҳа равнақига хизмат қилади. Хусусан, Чимён оромгоҳида хорижий ва маҳаллий сайёҳлар учун 500 ўринли замонавий меҳмонхона мажмуаси, узунлиги 2 километр бўлган осма йўл, “Хўжакент” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 130 ўринли меҳмонхона, 60 ўринли ресторан, соғломлаштириш маркази, хизмат кўрсатиш шохобчалари, Амирсой тоғ-чанғи дам олиш маскани қишлоқларимиз кўркига кўрк қўшиши, шубҳасиз. 

Вилоятимизда туризмни ривожлантириш бўйича Президентимиз билдирган қимматли фикр-мулоҳазалар, ўринли тавсиялар -соҳани сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқади.

Гулиравшан АЖЕНОВА, Қуйи Чирчиқ туманидаги 27-сонли умумтаълим мактаби ўқитувчиси:

— Таълим масканимиз олис қишлоқда жойлашгани боис ҳамиша аниқ фанлар бўйича ўқитувчиларга эҳтиёж сезилиб келган. Бу, ўз навбатида,  таълим сифатига таъсирини ўтказаётган эди. 

Президентимизнинг вилоятимизга ташрифи чоғида яқин келажакда ушбу муаммони узил-кесил ҳал қилиш юзасидан белгилаб берилган аниқ вазифалар бизни беҳад хурсанд қилди. 

Гап шундаки, Чирчиқ шаҳрида вилоят педагогика институти қайтадан ташкил этиладиган бўлди. Назаримизда, бу — энг тўғри ва оқилона ечим. Чунки шу пайтгача  вилоятда фақат биргина олий ўқув юрти — Тошкент давлат аграр университети фаолият кўрсатаётган эди. Шунингдек, Олмалиқ шаҳрида очиладиган институт филиали Тошкент шаҳрига яқин жойлашганлиги муносабати билан уларга пойтахтдан кўплаб малакали мутахассисларни жалб этиш имконини беради. Демак, келгусида кадрлар етишмовчилиги каби муаммоларга дуч келмаймиз.

Абдусожит САТТОРОВ, Паркент туманилик меҳнат фахрийси:

— Жуда кўп дилкаш, самимий суҳбатларнинг гувоҳи бўлганман. Лекин  Президентимиз Шавкат Мирзиёев билан  бўлиб ўтган мулоқот бир умр ёдимда қолади. Сабаби, давлатимиз раҳбарининг ҳар бир гапи аҳоли фаровонлигини, халқ манфаатини  таъминлашга йўғрилган.  

Энди Паркентдаги лалмикор ерларга ғалла экилмайди. Бундай экин майдонлари одамларга уч-беш гектардан бўлиб берилади. Шу тариқа 7 минг гектар майдонда токзорлар, боғ-роғлар ташкил этилади. Паркентни эркин иқтисодий зонага айлантириш, санаторийлар қуриш, йўлларни янада равон қилиш, бозорлар маъмурчилигини таъминлаш, сув таъминотини яхшилаш, ишсизликнинг олдини олиш каби таклифлар ҳар биримизни қувонтирди. Туманимизга файз ва барака кириб келгандек бўлди. 

Учрашувда вилоят мутасаддилари олдига қўйилган вазифалар ижроси Паркентни яқин келажакда энг гўзал гўшалардан бирига айлантириши аниқ.

«Халқ сўзи» мухбири 

Раҳматилла ШЕРАЛИЕВ ёзиб олди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn