Фуқароларимиз мамлакатимиздаги ислоҳотларни тўлиқ қўллаб-қувватламоқда
  • 25 Июль 2017

Фуқароларимиз мамлакатимиздаги ислоҳотларни тўлиқ қўллаб-қувватламоқда

Ислоҳотлар самараси қачон юқори бўлади? Албатта, халқ уни ҳар томонлама қўллаб-қувватласа, одамлар мамлакатда кечаётган ўзгаришларни ўз турмушида, амалий натижаларда кўрса, шундагина жамиятнинг бутун саъй-ҳаракатини ушбу эзгу мақсадлар йўлида сафарбар этиш мумкин. Давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар халқимиз томонидан кенг қўллаб-қувватланаётгани замирида ҳам ана шу оддий ҳаётий ҳақиқат мужассам.

“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази мутахассислари жорий йилнинг 5 — 14 июль кунлари ўтказган экспресс-сўровда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган сиёсатга -фуқароларимизнинг муносабати ўрганилди. 

Тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, юртдошларимизнинг мутлақ кўпчилиги Президентимиз раҳбарлигида Ўзбекистонда мамлакат ҳаётининг барча соҳасида ижобий ўзгаришлар юз берганлигига қатъий ишонади. Респондентлар фикрича, Ўзбекистон Президенти давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини ҳамда ҳамкорлигини таъминламоқда, мамлакатда тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни сақлаш бўйича барча зарур чора-тадбирни кўриб, мавжуд ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал қилишга, аҳоли фаровонлигини юксалтиришга қаратилган фаол сиёсат олиб бормоқда.

Экспресс-сўровдан маълум бўлишича, юртдошларимизнинг 89,7 фоизи Шавкат Мирзиёевнинг давлат раҳбари лавозимидаги -фаолиятини ижобий баҳолайди. Халқимиз мамлакатни модернизациялаш, давлат ва жамиятни ҳар томонлама ҳамда жадал ривожлантиришга йўналтирилган ислоҳотлар юртимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида ижобий ўзгаришларга, аҳоли турмуш даражаси ва сифатини, фуқароларнинг турмуш фаровонлигини оширишга ёрдам беради, деб ҳисоблайди.

Сўровда қатнашган ёшларнинг мутлақ кўпчилиги мамлакатимизда юз бераётган ўзгаришларга ижобий ёндашишини маълум қилгани диққатга сазовор. Навқирон авлод вакилларининг фикрича, улар юртимизда кейинги вақтларда сифатли таълим олиш, ишга жойлашиш ва бандлик учун шароит яратиш, йигит-қизларимиз ташаббусларини рағбатлантириш, ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш масалаларида Шавкат Мирзиёев томонидан кўрсатилаётган мададни ҳис қилаяптилар.

  Экспресс-сўров натижаларига кўра, аксарият юртдошларимиз (83,5 фоиз) Президентимиз олиб бораётган сиёсат аҳолининг орзу-умидларига мос келади, деган хулосада. Уларнинг қатъий ишонч билдиришича, давлатимиз раҳбари бошчилигида фуқаролар учун муносиб турмуш шароитларини яратиш, аҳоли билан очиқ мулоқот ўрнатиш, Халқ қабулхоналари фаолиятини самарали йўлга қўйиш, иқтисодий барқарорликни янада мустаҳкамлаш ҳамда иқтисодиётнинг юқори суръатларда ўсишини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган давлат сиёсати, қолаверса, тадбиркорликка имкониятлар берилиши, ишбилармонларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатилиши юртдошларимиз орзу-умидлари, мақсад ва ниятларини рўёбга чиқармоқда.

Бугун “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган ғоя барча жабҳадаги ислоҳотларнинг ўзагига айланиб улгурди, десак, муболаға бўлмайди. Экспресс-сўровда респондентларнинг 89,2 фоизи Президент Шавкат Мирзиёевнинг халқ қабулхоналарини таъсис этиш бўйича ташаббусини тўла қўллаб-қувватлашини билдирган. Юртдошларимиз фикрича, фуқаролар билан фаол ва очиқ мулоқот олиб бориш, Виртуал қабулхона, Халқ қабулхоналари институти шаклида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўйича янги тизим жорий қилиниши ижтимоий адолатни таъминламоқда ҳамда барча соҳадаги муаммоларни ҳал қилишнинг самарали механизми ҳисобланади. Ушбу институт ишга тушганидан бери, яъни 2016 йил 24 сентябрдан буён 1 миллиондан ортиқ мурожаат бўлгани ҳам мазкур фикрни тасдиқлайди.

Экспресс-сўровда давлатимиз раҳбарига бўлган ишонч рейтинги ҳам аниқланди. Унга кўра, Шавкат Мирзиёев юртдошларимизнинг юксак ҳурмат-эътибори ва ишончига сазовор. Шак-шубҳасиз, Президент давлат тақдири ва халқ фаровонлиги учун масъулиятни ўз зиммасига олган мамлакат етакчиси ҳисобланади. Юртдошларимиз Президентимизнинг сўзлари ва ниятлари самимий эканлигига ишонади. 

Мамлакатимизда истиқомат қилаётган турли миллат ва элат, касб ва ёш вакиллари — барчаси Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизда тинчлик ва барқарорликни янада мустаҳкамлаш, юртимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, халқ фаровонлигини ошириш бўйича олиб бораётган сиёсатини якдиллик билан маъқуллайди ҳамда тўла қўллаб-қувватлайди.

Албатта, бундай юксак ишонч замирида амалий ишлар, одамлар ҳаётини янада яхшилашга қаратилган эзгу саъй-ҳаракатлар мужассамдир. Президентимизнинг бугунги кун шиорига айланган “Танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик” деган сўзлари ҳаётимизнинг барча жабҳасида ўз аксини топаётганини кўрсатади.

«Ижтимоий фикр» жамоатчилик

фикрини ўрганиш маркази 

материаллари асосида тайёрланди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn