Халқ қабулхоналари
  • 25 Июль 2017

Халқ қабулхоналари

Энди расмиятчилик, сансалорликка асло ўрин йўқ!

Президентимиз ташаббуси билан жойларда Халқ қабулхоналари ташкил қилиниши аҳоли мурожаатлари билан ишлашда расмиятчилик, сансалорлик каби иллатларни бартараф этишга хизмат қилмоқда. Энг муҳими, мазкур тузилма жойларда йиллар мобайнида фуқароларни қийнаб келаётган муаммо ва камчиликларни самарали ҳал этиш имконини бераётир. Буни юртдошларимизнинг қуйидаги дил сўзлари ҳам яққол тасдиқлайди.

 

Раънохон  ЗИЯЕВА, (Боғдод тумани,Майлавой қишлоғи):

— Икки йил аввал қишлоғимизда нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехини очишга қарор қилгандим. Бунинг учун ер ажратилиши зарур эди. Бироқ ўтган вақт мобайнида бормаган ташкилотим, кирмаган эшигим қолмади ҳисоб. Ҳар гал янги-янги баҳоналар билан мени қайтараверишди. Охир-оқибат ҳафсалам пир бўлди. Қаерга бориш, дардимни кимга айтишни билмай қолдим. 

Ниҳоят Халқ қабулхоналари ташкил этилиши жонимга оро кирди. Муаммом жуда қисқа фурсатда ҳал бўлди. Туман ҳокимлиги ҳамда тегишли идоралар рухсати билан ер майдони ажратилди. 

Ҳозир қурилиш ишларига киришганмиз. Ҳадемай, корхонамиз ишга тушади. Бу орқали маҳаллий ёшлардан 11 нафарини иш билан таъминламоқчиман. 

Тадбиркор сифатида фаолият бошлашимда Халқ қабулхонасида менга кўрсатилган амалий кўмакнинг ўрни катта. Аҳоли билан мулоқотнинг мазкур самарали механизми мамлакатимиз тараққиётининг янада жадаллашувида муҳим аҳамият касб этишига ишончим комил. 

 

Нагина АЛИБАЕВА, (Учқудуқ шаҳри):

— Даставвал шаҳримиздаги умумтаълим мактабида ишлаганман. Кейинчалик “Маданият уйи” кутубхонасида меҳнат қилдим. Ҳозир эса пенсиядаман. 

Кексаликнинг ҳам гашти бор, дейишади. Бунинг учун юртимизда биз, нуронийларга барча шароит ва имконият яратилган. Бироқ бунинг завқидан баҳраманд бўлиш ўрнига, икки йилдирки, бошим ташвишдан чиққани йўқ. Гап шундаки, пенсияга чиқаётганимда, 14 йиллик меҳнат стажим инобатга олинмади. Яъни “Маданият уйи”даги фаолиятим бўйича ойлик иш ҳақим ҳисоби чиқмади. Бу эса пенсия кам тайинланишига сабаб бўлди. 

Шундан сўнг иш стажимни тиклаш учун турли архив идоралари, пенсия жамғармаси ва бошқа ваколатли ташкилотларга мурожаат қилдим. Аммо ҳаммасидан бир хил жавоб олдим: “Сизнинг мурожаатингизни қаноатлантиришнинг имкони йўқ”. Бир қатор ташкилотлар қабулхоналарида соатлаб сарғайганимни эсласам, ҳозир ҳам хўрлигим келади. Энг аламлиси, ҳаққимни талаб қилганим учун маломатга ҳам қолдим. 

Шундай таънаю дашномлардан эзилиб юрган кезларимда шаҳримизда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси очилганлигини эшитиб, бошим кўкка етди. Бу ердаги шарт-шароит, ходимларнинг хушмуомалалиги, рости, ҳаётга ишончимни оширди. Энг муҳими, масаламни эътибор билан тинглашди. Эртаси куни эса Халқ қабулхонасида мени сарсон қилган идоралар мутасаддилари жам бўлишибди. Ҳар бирига мурожаатимни қонун доирасида ҳал этиш бўйича аниқ муддатли топшириқлар берилди. Орадан икки кун ўтиб, ҳақиқат қарор топди. Менга тайинланган пенсия миқдори кўпайтирилди.  

Халқ қабулхоналари  нафақат фуқаролар муаммоларини ҳал этиш, балки  мутасаддилар масъулиятини оширишга ҳам хизмат қилмоқда. Сабаби, мени сарсон қилган мансабдорлар ўз қилмишларидан хижолат тортиб, ер чизиб қолганликларига гувоҳ бўлдим.

«Халқ сўзи» мухбирлари ёзиб олди.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn