Янги телерадиоканал — эфирда
  • 25 Июль 2017

Янги телерадиоканал — эфирда

Мамлакатимизда журналистика соҳасини янада ривожлантириш, уни халқаро стандартлар даражасига етказиш, сўз эркинлиги ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш, фуқароларга холис, очиқ ҳамда ҳаққоний ахборотни тезкорлик билан етказиб беришни такомиллаштириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётир.

Шу билан бирга, журналист кадрлар малакасини юксалтириш, уларни ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашнинг аниқ механизмлари шакллантирилаяптики, бу ҳам оммавий ахборот воситаларининг жадал тараққий топишини таъминламоқда.

Кеча ўз фаолиятини бошлаган “O‘zbekiston 24” ахборот-таҳлилий телерадиоканалини тизимда олиб борилаётган изчил ислоҳотларнинг ёрқин самараси, дейиш мумкин. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил май ойида имзоланган тегишли қарорига кўра иш бошлаган ушбу телерадиоканал “Diyor” телеканали частоталарида эфирга узатилмоқда.

Айтиш жоизки, “O‘zbekiston 24” замонавий ғоялар билан “суғорилган” илғор шаклдаги янгиликлар журналистикаси формати асосида ички ва ташқи сиёсатнинг долзарб масалалари бўйича бутун мамлакат ҳудуди бўйлаб 24 соат давомида узлуксиз тўғридан-тўғри эфирга чиқади.

Янги телерадиоканалда аксарияти юқори профессионал салоҳиятга эга бўлган 251 нафар ходим фаолият юритмоқда. Энг қувонарлиси, телерадиоканалнинг хорижда ҳам мухбирлик штатларини очиш режалаштирилган. Унга кўра, дунёнинг 9 та мамлакатидан “O‘zbekiston 24” учун махсус тўғридан-тўғри янгиликлар эфирга бериб борилади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан йўллаган байрам табригида “Яқин кунларда иш бошлайдиган, кечаю кундуз узлуксиз фаолият олиб борадиган “O‘zbekiston — 24” телеканали миллий ахборот маконида ўз муносиб ўрнини ва ўз томошабинларини топади, деб ишонамиз”, дея алоҳида таъкидлаган эди. Ана шу тилак “O‘zbekiston 24” телерадиоканалининг келгуси фаолиятида муҳим омил бўлиб хизмат қилиши муқаррар.

Ҳасан ТОШХЎЖАЕВ.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn