Ишбилармон хотин-қизлар ташаббуси қўллаб-қувватланмоқда
  • 20 Июль 2017

Ишбилармон хотин-қизлар ташаббуси қўллаб-қувватланмоқда

Хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш, ушбу фаолият билан эмин-эркин шуғулланишларига зарур шарт-шароит яратиш, илғор ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқий-иқтисодий билимларини чуқурлаштиришни назарда тутган саъй-ҳаракатлар аёлларнинг жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлашга кўмаклашмоқда.

Ўтган даврда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан ҳамкор ташкилотлар билан бирга аёллар тадбиркорлигини кучайтиришга оид бир қатор лойиҳалар рўёбга чиқарилди. Улар орасида қўмитанинг 2012 йилдан бошлаб Германия Халқаро ҳамкорлик бўйича жамғарма кассалари фонди билан олиб бораётган ишлари ҳам эътиборга молик.
Куни кеча пойтахтимизда мазкур ҳамкорлик доирасида “Ўзбекистонда молия секторини қўллаб-қувватлаш” номли лойиҳа сарҳисобига бағишланган анжуман бўлиб ўтди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, тегишли вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари, банк-молия муассасаларининг мутасаддилари, экспертлар, ишбилармон хотин-қизлар ҳамда журналистлар иштирок этди.
Тадбирда юртимизда хотин-қизлар манфаатларини таъминлаш, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоялаш бўйича барча зарур шарт-шароит яратилгани, Президентимиз томонидан хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга доир қабул қилинаётган барча қонун ҳужжатлари соҳадаги фаолиятни эркинлаштириш баробарида, опа-сингилларимизнинг бизнес кўникмаларини юксалтиришда муҳим ўрин тутаётгани таъкидланди. Дарҳақиқат, бугунги кунда иқтисодиётнинг турли тармоқларида банд бўлган аёллар 48 фоизни ташкил этаётгани, минглаб хотин-қизлар ўз бизнесларини изчил йўлга қўйганлари бунинг амалий ифодасидир.
Анжуманда ҳозирги вақтда юртимизда хотин-қизларнинг тадбиркорлик қобилиятини шакллантириш, бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётганига урғу берилди. Чунончи, жорий йилнинг ўтган олти ойида улар учун 300 мингга яқин иш ўринлари яратилди. Биргина тижорат банклари томонидан аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш учун катта миқдордаги сармоялар ажратилди. Хотин-қизлар қўмиталари ҳамда ҳамкор ташкилотлар саъй-ҳаракатлари натижасида 2017 йилда касб-ҳунар коллежларини тамомлаган қизларнинг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган 16 минг 177 нафарига кредитлар тақдим этилди.
— Лойиҳа доирасида аҳолига, аввало, бизнесга эндигина қўл урган хотин-қизларга тадбиркорлик асослари бўйича консультатив хизматлар кўрсатилди, — дейди Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси бош мутахассиси Дилором Қўзиева. — Ҳудудларда очилган ахборот-маслаҳат гуруҳлари ходимлари томонидан аёлларга бизнес-режа тузиш, молиявий ҳисоб-китоб юритиш, маркетинг, кредит олиш тартиблари билан танишиш борасида маслаҳатлар берилди. Мамлакатимиз ва хорижлик экспертлар иштирокида молиявий саводхонликни ошириш юзасидан семинар-тренинглар уюштирилди. Коллеж ўқувчиларининг тадбиркорлик кўникмасини юксалтириш бўйича туркум машғулотлар ўтказилди. “Битирувчиларнинг илк мустақил қадами” амалий қўлланмаси ишбилармон қизларнинг ўз фаолиятини самарали ташкил этишларида муҳим ўрин тутмоқда.
Мулоқот чоғида лойиҳа доирасида эришилган натижалар муфассал кўриб чиқилди. Унинг давомийлигини таъминлаш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т. Нарбаева сўзга чиқди.


Зиёда АШУРОВА,
«Халқ сўзи» мухбири.




Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn