Осуда ва хотиржам ҳаёт
  • 20 Июль 2017

Осуда ва хотиржам ҳаёт

Уни таъминлашда замонавий технологиялардан ҳам кенг фойдаланилади. Пойтахтимизнинг Юнусобод туманига ташрифи доирасида Президентимиз Шавкат Мирзиёев 15 июль куни Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасида ташкил этилаётган “Хавфсиз шаҳар” бошқарув ситуацион маркази билан яқиндан танишди.

Уни янада такомиллаштириш юзасидан ўз таклиф ва тавсияларини берди.

Қўриқлаш тизимида янгилик
Марказ йўл ҳаракати ҳамда ёнғин хавфсизлиги, қўриқлаш ва патруль-пост хизмати ҳамда бошқа тармоқларни геоинформацион тизим орқали бошқариш имконига эга. Жамоат жойлари видеокузатув ускуналари ёрдамида назорат қилиб борилади. Айни чоғда GPS ҳамда ГЛОНАСС глобал навигация тизимлари билан тўлиқ жиҳозланган автомобиллар, замонавий сигнал узатиш техникалари хизмат ходимлари учун катта қулайлик яратади.

Файзулла ҚОСИМОВ, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Қўриқлаш бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари:
— Юнусобод туманининг учта ҳудудида техник қўриқлаш марказлари ташкил этилган бўлиб, уларга муайян маҳалла ва ташкилотлар, хонадонлар ҳамда бошқа объектлар бириктирилган. Ҳудудда бирон хавф сезилганда ёки кўнгилсиз ҳодиса содир бўлганида, бу ердаги тезкор ҳаракатланувчи гуруҳ воқеа жойига бир зумда етиб боради ва нохушликнинг олдини олиш ёки оқибатини бартараф этиш чорасини кўради. Эътиборли жиҳати, хабар узатиш ҳамда ишни ташкил этиш чоғида узилиш ҳолатлари умуман бўлмайди. Чунки янги тизим сигнални мис кабель, оптик тола, интернет, сунъий йўлдош орқали узатиш ва қабул қилиш имкониятига эга. Бу эса иш самарадорлигига нечоғли таъсир кўрсатиши ўз-ўзидан аён. Дастлабки натижалар ҳақида гапирадиган бўлсак, аввало, ушбу янгилик туфайли жойларда жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарлик ҳолатлари сезиларли даражада камайишига эришилди. Бу эса шу тизимга уланиш истагини билдираётган корхона ва ташкилотлар, маҳалла ҳамда хонадонлар сони кўпайишига замин яратмоқда.

Давр талабига мос бўлсин!
Давлатимиз раҳбари мазкур лойиҳа билан танишар экан, тинчлик-осойишталикни таъминлаш борасидаги ишлар бугунги ҳаёт талабларига мос бўлиши керак, деди. Бунинг учун эса тизимни пухта ўзлаштириш, изчиллик билан такомиллаштириб бориш талаб этилади.

Мустақим МУҲАММЕДОВ, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси Қўриқлаш бошқармаси бўлим бошлиғи:
— “Хавфсиз шаҳар” лойиҳаси тажриба тариқасида йўлга қўйилган бўлиб, уни муваффақиятли синовдан ўтказиш олдимизда турган долзарб вазифалардан биридир. Шу боис ички ишлар органлари ходимларининг ахборот-технологиялари борасидаги билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш чоралари кўрилмоқда. Бунинг учун давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, Тошкент ахборот технологиялари университети, пойтахтимиздаги Инҳа университетида ихтисослашган кадрлар тайёрлаш, ИИВ Академиясида ўқув дастурини такомиллаштириш билан боғлиқ саъй-ҳаракатлар амалга оширилади. Ана шунда лойиҳани муваффақиятли рўёбга чиқарадиган салоҳиятли кадрларга эга бўламиз.


Таклифлар эътиборга олинади
Янги лойиҳа, албатта, аҳоли фикр-мулоҳазалари, Президентимиз таклифлари асосида такомиллаштириб борилади. Бинобарин, мазкур тизим шаҳар осойишталиги, юртдошларимизнинг осуда ҳаётини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.


Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn