«Бир болага етти маҳалла ҳам ота, ҳам она»
  • 20 Июль 2017

«Бир болага етти маҳалла ҳам ота, ҳам она»

деган мақолнинг ҳақиқий мазмун-моҳиятини англайдиган вақт келди

Бугун фарзандларимиз таълим-тарбияси, уларни миллий ва умуминсоний қадриятларга эҳтиром руҳида камол топтириш  ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда. Бинобарин, Президентимиз Шавкат Мирзиёев мамлакатимизнинг қайси ҳудудига ташриф буюрмасин, ёшлар тарбиясига алоҳида эътибор қаратиши ҳаммамизга ибрат бўлмоқда. Яқинда давлатимиз раҳбари Юнусобод туманида ҳам ушбу масалаларга яна бир бор урғу бериб ўтди.
Жумладан, Юнусобод компьютер технологиялари касб-ҳунар коллежида 11 йиллик мактаб таълимини ташкил этиш лойиҳаси тақдимотида маҳалла фаоллари, ота-оналар таклиф қилингани бежиз эмас. Негаки, ёшлар тарбиясига нафақат ота-она, мактаб ёки маҳалла, балки кенг жамоатчилик вакиллари ҳам бирдек масъул.
Юртбошимизнинг ташрифи чоғида компьютер технологиялари касб-ҳунар коллежи жойлашган Исломобод маҳалласида 3 минг 165 аҳоли истиқомат қилиши, лекин ҳудудда мактаб йўқлиги учун болалар бошқа мактабларга боришга мажбур эканлиги, шу боис фаоллар, ота-оналар ҳудуддаги ушбу коллежни 11 йиллик мактабга айлантириш таклифини билдиришди. Президентимиз ушбу таклифни ўрганиш бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар бердиларки, бу туман аҳлини беҳад қувонтирди. Ахир, ҳар бир ота-она  ўғил ёки қизининг кўз ўнгида кўнгилдагидек улғайишини истайди. Бунда эса давлатимиз раҳбари айтганидек, мактаб тарбияси алоҳида ўрин тутади.
Мактабда ўқувчи маълум муҳитда шаклланади. Ўқитувчи ва ота-онасининг доимий назоратида бўлади. Мактабдан сўнг коллеж ёки лицейда бошқа муҳитга тушиб қолади. Шунинг учун ота-оналар, кенг жамоатчилик фикри, таклифи асосида 11 йиллик мактаб таълими қайта йўлга қўйилмоқда.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан келгусида Бўзсув канали бўйида маданият ва истироҳат боғи барпо этилиб, мутолаа ва мулоқот қилиш учун махсус жойлар қад ростлаши ҳам ҳозир биз тилга олаётган мавзу — фарзандларимиз тарбиясига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Шу боис барпо этиладиган боғни маърифат масканига айлантириш, ёшлар, китобхонлар учун шарт-шароит яратиш бўйича кўрсатмалар берилгани ҳам кенг жамоатчилик томонидан мамнуният билан кутиб олинди. “Юртимиздан дунё илм-фани тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган буюк мутафаккирлар етишиб чиққан. Ёшларимизни уларга муносиб маърифатли, илмли қилиб тарбиялашимиз лозим”, деди Президентимиз. Бу сўзлар қайси соҳа вакили бўлишидан қатъи назар, ҳар биримизни аҳоли билан кўпроқ мулоқот қилишга, уларнинг дарду ташвиши билан яшашга, таълим-тарбия ишларида фаолликка ундайди.
Зеро, бугун ёшлар тарбиясига оид эзгу саъй-ҳаракатлар замирида тинч ва осуда ҳаётимизни асраб-авайлаш, хотиржамлигимизни қадрлашдек улуғ мақсад-муддаолар мужассам. Шунинг учун ҳам бу борада бефарқ ва лоқайд бўлишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Президентимиз таъкидлаганларидек: “Бир болага етти маҳалла ҳам ота, ҳам она” деган мақолнинг ҳақиқий маъносини англайдиган вақт келди.
Ҳар бир фарзанд кимнингдир кўз қорачиғи. У агар адашса, нафақат ота-она, маҳалла, мактаб, балки биз ҳам айбдормиз. Болаларимизнинг онгу тафаккурида бўшлиқ пайдо бўлмаслиги учун улар билан мунтазам мулоқот қилиб туриш айни муддаодир. Зеро, “Ўз болангни ўзинг асра!” деган ғоя қалбимиз, фикру зикримизга ўрнашса, жамият ва келажак олдидаги бурчимизни бажарган бўламиз.


Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ,
Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани бош имом-хатиби.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn