«Нексия» музейдан жой олди
  • 20 Июль 2017

«Нексия» музейдан жой олди

19 июль санаси Истиқлол солномасида саноатимизнинг янги тармоғи — автомобилсозликка асос солинган кун сифатида муҳрланган. Чунки бундан роппа-роса 21 йил муқаддам Асака шаҳридаги автомобиль заводи очилиб, унинг конвейеридан биринчи ўзбек автоси — “Nexia” тушган эди. У бугунги кунда Тошкент политехника музейининг қимматли экспонатларидан бирига айланган.

Кеча музей фонди яна битта машинага бойиди. Гап шундаки, муассасага “GM Uzbekistan” акциядорлик жамиятида ишлаб чиқарилган “Nexia” русумидаги энг сўнгги автомобиль тақдим этилди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда сўзга чиққанлар таъкидлаганидек, автомобилсозлик саноатидаги ушбу тўнғич корхона мамлакатимизнинг ифтихори, саноатимизнинг етакчи корхонаси ҳисобланади.  Бу ерда халқаро стандартларга жавоб берадиган техник кўрсаткичлари юқори бўлган машиналар ишлаб чиқарилиб, юртимиз ва хорижлик буюртмачиларга етказиб берилаётир. Улар орасида, айниқса, “Nexia” оммабоплиги билан ажралиб туради.
Мутахассисларнинг айтишича, у нафақат мамлакатимизда, балки хорижда ҳам энг кўп сотилган русум ҳисобланади. Яъни 20 йил давомида 1 миллион 60 минг 715 та машина автоишқибозларига етказиб берилди.
Бу муваффақиятнинг сири нимада?
Аввало, у кенг, қулай ва ихчам синфдаги замонавий автомобилдир. Унинг юқори технологик хавфсизлик тизимлари билан таъминланганлиги бошқарувни осонлаштиради. Материалларнинг сифати, ҳатто, ички безагининг энг кичик деталларигача пухта ўйланганки, бу эса ҳар қандай мижознинг эътиборини жалб этмасдан қолмади.
Бироқ ҳар қандай омадли, айтиш мумкинки, энг машҳур моделлар ҳам кун келиб эскиради, модернизация қилишни тақозо этади. Шу жумладан, “Nexia” ҳам бундан мустасно эмас. Мазкур моделнинг ишлаб чиқарилиши 2016 йилнинг август ойида тўхтатилиб, унинг негизида “Ravon” йиғила бошланди.
Тадбирда “Nexia”нинг яратилиш тарихи, унга кейинги йилларда киритилган ўзгартишлар ҳақида йиғилганларга батафсил маълумот берилди.


С. ИБОДУЛЛАЕВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn