Мурожаатлар адолатли ечим топмоқда
  • 20 Июль 2017

Мурожаатлар адолатли ечим топмоқда

Лекин шу вақтгача уларга бефарқ бўлганлар бундан тегишли хулоса чиқаришаяптими?

— Халқ қабулхонасига келган фуқароларнинг муаммолари ўз ечимини топса, одамлар бу идорадан рози бўлиб чиқишади. Маҳалладошлари, таниш-билишлари, яқинларига давлатимиз, жамиятимизда қонун, адолат устуворлиги ҳақида мамнуният билан сўзлашади. Чунки аҳолига кўмакдош бўлиш, уларни қийнаётган масалаларни ҳал этишнинг энг асосий омили мулоқотдир. Шундай экан, халқнинг дарду ташвишларига кўпроқ қулоқ тутиш фаолиятимизнинг бош мезонига айланиши керак.
Чиноз туманидаги Халқ қабулхонаси мудири Мансур Мусаевнинг хулосаси шундай.
— Албатта, йиллар давомида йиғилиб қолган баъзи муаммолар борки, уларга бир-икки кунда ечим топиш жуда мушкул, — дейди М. Мусаев. — Бироқ аксарият ҳолларда бир оғиз гап ёки бир қўнғироқ билан масала ижобий ҳал этилиши ҳам мумкин. Афсуски, шундай паллаларда ҳудуддаги ташкилот, муассаса, идора мутасаддилари беғамлик ва лоқайдликка берилишади. Турли баҳоналар қилиб аризачидан қутулишга ёки қўйнини пуч ёнғоққа тўлдириб жўнатишга ҳаракат қилишади. Оқибатда бундай раҳбардан одамларнинг ҳафсаласи пир бўлади. Ахир ҳар бир масъул ходим ўз вазифасини виждонан бажарса, одамлар дарди билан яшаса, Халқ қабулхоналарига иш қолармиди?! Айни сабабдан Президентимиз Шавкат Мирзиёев мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлашнинг янги механизмини ҳаётга жорий этди. Аҳоли мурожаатлари билан ишлашнинг самарали тизими яратилди. “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган тамойил фаолият мезонига айланди. Табиийки, бундай ислоҳотлар замирида инсон манфаатлари ётгани барчамизга кундек равшан.
Дарҳақиқат, Чиноз туманида ҳам Халқ қабулхонаси фаолияти йўлга қўйилганига кўп бўлгани йўқ. Шунга қарамай, бу ерда кўплаб масалалар ижобий ечимини топаяпти.
Идорада қабулга келганлар учун барча шароит муҳайё этилган. Кутиш зали, она ва бола, қабул қилиш хоналари замонавий жиҳозланган. Бу ерга ташриф буюрганлардан бирини суҳбатга тортамиз. Чеҳрасида мамнуният ҳисси яққол акс этиб турган онахон ўзини Холбуви Акромова деб таништирди.
— Опа, жуда хурсандсиз. Бунинг боиси нима? — сўраймиз ундан.
— Миннатдорлик билдиргани келгандим. Халқ қабулхонасини ташкил қилган Президентимизга минг раҳмат. Мана, барака топишсин, муаммони бир зумда ҳал қилиб беришди. Аслини айтсам, деҳқончилик билан кун кўрамиз. Эсимни танибманки, ер билан тиллашаман. Оиламиз билан боғдорчиликка ихтисослаштирилган фермер хўжалиги ташкил этганмиз. Турмуш ўртоғим Олимжон Акромов ҳам шу касбнинг этагидан тутган. Саккиз фарзандимиз бор. Ихтиёримиздаги ер эса 11,2 гектар. Ишдан қўлимиз бўшамайди. Яқинда туман солиқ идорасидан даромад солиғи тўланмаганлиги ҳақида хат келди. Тушунишимизча, боғимиз майдонида ўрта ҳисобда 388 тонна мева етиштирилган бўлса ва ҳосил бозор нархида 1000 сўмдан сотилган тақдирда, 388 миллион сўм бўларкан. Ваҳолонки, бир неча кун аввал бор-будимизни тўплаб, даромад солиғи учун 5 миллион сўм тўлагандик. Бироқ яна 376 минг 353 сўм банкка кирим қилиниши зарурлиги тўғрисида далолатнома юборишибди. Ахир ўтган йили мевалар, айниқса, олма ҳосили яхши бўлмади. Кам даромад қилдик. Майли-да, деҳқончиликни чидаган қилади. Бир йил ундай, бир йил бундай. Қўйинг-чи, Халқ қабулхонасининг аралашувидан сўнг ДСИ ходимлари масалани қайта ўрганиб чиқиб, бизнинг “Мулла Маҳрам ота” фермер хўжалигимиз томонидан солиқ ва молиявий ҳисоботлар тўғри тақдим этилган, дея масалага ойдинлик киритди. Солиқдан қарзимиз йўқлиги аниқланди. Шунинг учун муаммони осонгина ҳал қилиб берганларга раҳмат айтгани келувдим. Майли, болам, ҳамманинг мушкули осон бўлсин.
Олим ота ва Холбуви онанинг кайфиятларида хушнудлик. Сабаби, ҳақиқат қарор топди. Энди улар фарзандлари билан бирга халқимиз дастурхонига ширин-шакар олма, олхўри, узум каби меваларни етиштириб бериш иштиёқида янада ғайрат-шижоат билан меҳнат қилишади.


Сурайё АҲМЕДОВА,
журналист.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn