«Замонамиз қаҳрамонлари»
  • 20 Июль 2017

«Замонамиз қаҳрамонлари»

Мамлакатимизда спортдаги улкан ютуқлари орқали Ватанимиз довруғини дунёга таратаётган йигит-қизлар кўп. Уларнинг фаолиятини кенг оммага таништириш, салоҳиятини намоён қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши ва Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида “Замонамиз қаҳрамонлари” китоб-альбомлари чоп этилмоқда.

Миллий матбуот марказида “Ёш авлодни мардлик ва фидойилик руҳида тарбиялаш” мавзуида уюштирилган анжуманда XXXI ёзги Олимпиада ўйинларида ғолибликни қўлга киритган спортчиларимиз Ҳасанбой Дўсматов ҳамда Руслан Нурудиновнинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган китобларнинг тақдимоти ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари ҳамда Мудофаа вазирлигининг масъул вакиллари, китоб муаллифлари, давлат ва жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Анжуманда сўзга чиққан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси И. Мирзаалиев ва бошқалар “Аскар кутубхонаси” рукни остидаги мазкур китоблардан кўзланган мақсад ёшларда она-Ватанга муҳаббат ҳиссини кучайтириш, спортга қизиқишларини тобора орттириш эканлигини алоҳида таъкидлашди. Тақдимотда Президентимизнинг ҳарбий таълим-тарбия берадиган курсантлар мактабларини “Темурбеклар мактаби” деб номлашни таклиф қилгани хусусида ҳам атрофлича сўз юритилди. Бу таклиф кенг жамоатчилик томонидан катта мамнуният билан кутиб олинди. Зеро, ушбу номдаги масканлар соҳибқирон бобомизга муносиб авлодларни вояга етказиш, асл мардлик, фидойилик ва ватанпарварлик хислатларини бўлажак ҳарбийларга сингдиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Айтиш жоизки, “Замонамиз қаҳрамонлари” китоб-альбоми чемпионларимиз Ҳ. Дўсматов ҳамда Р. Нурудиновнинг мусобақалар давомида олинган фотолавҳалари билан бойитилган. Айниқса, китоб қаҳрамонлари фаолиятига доир қизиқарли маълумотлар, талқин ва таснифлар ўқувчида ғурур туйғуларини уйғотади, Ватан олдидаги фарзандлик масъулиятини чуқур мушоҳада этишга чорлайди.


Суннатилла ИСЛОМОВ.


Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn