«Маҳалла ифтихори» — ҳам рағбат, ҳам шараф
  • 19 Июль 2017

«Маҳалла ифтихори» — ҳам рағбат, ҳам шараф

Маҳалла халқчил тузилма сифатида юртимиздаги ислоҳотлар жараёнида фаол иштирок этмоқда. Президентимизнинг шу йил 3 февралдаги “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ушбу йўналишдаги ишларни янги босқичга кўтарди. Давлатимиз раҳбарининг мазкур ҳужжат асосида қабул қилинган “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида”ги қарори тизим фаоллари учун яна бир қувончли янгилик бўлди.

Турсунхўжа ЭРГАШЕВ, Олмазор туманидаги “Гузарбоши” маҳалла фуқаролар йиғини раиси:
— Ҳеч бир замонда маҳаллага эътибор ҳозиргидек бўлмаган. Масалан, “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишонининг таъсис этилишини олиб қарайлик. Ушбу нишон билан нафақат фуқаролар йиғинлари фаоллари, айни чоғда ҳудудда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, миллатлараро  дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, фуқаролар йиғинлари моддий-техника базасини ривожлантириш борасида ибрат кўрсатиб келаётган юртдошларимиз тақдирланади.
Ана шундай фидойи инсонлар бизнинг ҳудудда ҳам кўплаб топилади. Уларнинг кўмагида болалар спорт майдончасини барпо этганмиз, бу ерда 7 та спорт тури бўйича секциялар йўлга қўйилган.
Маҳалла кутубхонасини ишга туширганимизга эса кўп бўлмади. Ҳозирги ёзги таътил пайтида ушбу маскан ёшлар билан гавжум. Умуман, ҳудудимизда истиқомат қилаётган 3 минг нафарга яқин эртамиз эгаларининг бўш вақтини мароқли ташкил этиш учун барча чораларни кўраяпмиз. Бу эзгу ишда маҳалладошлар бизга кўмакдош.

Гулчеҳрахон АСЛОНОВА, Хатирчи туманидаги “Жалойир” маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат  ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси:
— Ҳудудимизда 2800 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг ҳар бири — алоҳида олам. Демоқчиманки, турли табиатли инсонлар билан мулоқот қилиш, кўнглига йўл топиш маҳалла фаолларидан катта тажриба ва билим талаб этади. Маҳалламизда ана шундай салоҳиятга эга инсонлар кўп, десам, муболаға бўлмайди. 
Давлатимиз раҳбарининг “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишонини таъсис этишга доир қарорини ўқирканман, ана шундай заҳматкаш маҳалладошларим кўз ўнгимда гавдаланди. Негаки, биз эришган ҳар бир муваффақиятда уларнинг бемисл улуши бор, буни эътироф этмаслик мумкин эмас. Биргина мисол: ҳамжиҳатликдаги саъй-ҳаракатларимиз туфайли охирги бир йил давомида хотин-қизлар ва вояга етмаганлар ўртасида жиноятчилик ҳолатлари умуман қайд этилмади. Ўзаро ҳурмат-иззат муҳити ҳам тобора мустаҳкамланмоқда. Бу борада уйма-уй юриб, беморлар ёки ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож инсонлар борми, барчасининг ҳолидан хабар олинаётгани, уларга моддий ва маънавий кўмак кўрсатилаётгани муҳим омил бўлаяпти.
Янги таъсис этилган кўкрак нишонига ана шу маҳалладошларимнинг ҳар бири муносиб, деб ҳисоблайман. Биз, маҳаллалар фаолларига шундай эътибор ва эъзоз кўрсатаётган давлатимиз раҳбаридан миннатдормиз.


«Халқ сўзи» мухбири
Зокир ХУДОЙШУКУРОВ
ёзиб олди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn