Имконият кенг, фаолият эркин
  • 19 Июль 2017

Имконият кенг, фаолият эркин

Тадбиркорлик ҳаракати қачон ва қай ҳолатда ривожланади? Мазкур саволга барчамиз “Албатта, иш юритиш учун қулай муҳит, шарт-шароит яратилса”,  деб жавоб беришимиз аниқ. Зеро, булар соҳа равнақига хизмат қилувчи асосий омиллардир.

Дарҳақиқат, қаерда бизнес юритиш учун  эмин-эркин имконият бўлса, ўша жойда ўсиш кузатилади. Шу маънода, юртимизда истиқлол йилларида қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик равнақи йўлида учраётган айрим бюрократик тўсиқларни бартараф этиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқдаки, буларнинг барчаси соҳа вакиллари ишига барака киритмоқда. Ушбу йўналишдаги юмушлар кейинги беш-олти ой ичида янада кенгайиб, оммавий тус олаётгани, айниқса, диққатга сазовор. Бинобарин, Президентимиз Шавкат Мирзиёев жойларга қилган сафарлари чоғида мазкур масалага алоҳида тўхталиб, ишбилармонлар билан дилдан суҳбатлашмоқда. Уларни қийнаётган муаммо ва камчиликлар билан шахсан қизиқаяпти.
Бундай учрашувларда тадбиркорликни ривожлантириш, мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш иқтисодиётимиз ва халқимиз фаровонлигини янада юксалтиришга хизмат қилиши бот-бот таъкидланмоқда.


Ҳуқуқий асос — ҳал қилувчи омил
— Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 7 февралдаги Фармони билан тасдиқланган “2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури” мазкур йўналишдаги ислоҳотларни янги босқичга кўтарди, — дейди Иқтисодиёт вазирлигининг Ишбилармонлик муҳитини такомиллаштириш ва тадбиркорликни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Дилшод Абдуазизов. — Чунки айнан ушбу дастурга мувофиқ, жорий йилнинг ўзида тадбиркорлик субъектлари фаолияти учун максимал даражада қулай шарт-шароитни вужудга келтириш мақсадида 3 та қонун, Президентимизнинг 20 дан ортиқ Фармон ва қарорлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 25 та қарори қабул қилинди.
Давлатимиз раҳбарининг “Кичик ва хусусий тадбиркорликни микрокредитлаш тизимини янада кенгайтириш ва соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда “Тадбиркорлик субъектлари ва кенг аҳоли қатламига микрокредитлар ажратиш тизимини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари том маънода соҳа истиқболининг ҳуқуқий кафолати бўлди. Сабаби, ушбу икки ҳужжатда ишбилармонликни кенгайтиришга дахлдор кўплаб долзарб вазифалар ўз ифодасини топди.
Жумладан, микрокредитлаш учун қамраб олинадиган шахслар сифатида ўрта ва олий таълим муассасалари битирувчилари, муддатли ҳарбий хизматдан қайтган шахслар, меҳнат органларида рўйхатга олинган банд бўлмаган фуқаролар, тадбиркорлик билан шуғулланаётган аҳоли, шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тавсияномалари бўйича ишга жойлашишга эҳтиёжманд бўлганлар алоҳида кўрсатиб ўтилди. Энг муҳими, улар энг кам иш ҳақининг 200 баробаригача миқдоридаги микрокредитни яратган иш жойига қараб имтиёзли фоиз ва шартлар асосида олиш ҳуқуқига эга бўлишди.
Бундан ташқари, янги рўйхатдан ўтган юридик шахс ташкил этмаган тадбиркорлик субъектлари ва кенг аҳоли қатламига микрокредитлар ажратиш механизми соддалаштирилди. Узоқ ва бориш қийин, меҳнат ресурслари ортиқча  бўлган ҳудудлар аҳлини Имтиёзли кредит бериш махсус жамғармаси ҳисобидан микросармоялар билан таъминлаш йўлга қўйилди. 2021 йилгача рўйхатдан ўтган ҳамда алоҳида фаолият турлари билан шуғулланувчи тадбиркорлар эса қатъий белгиланган солиқ тўловларидан олти ой муддатга озод этилди. 

Интерактив хизматлар афзаллиги
Жорий йилнинг апрель ойидан бошлаб  тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйиш интернетдаги Ягона интерактив давлат хизматлари порталига интеграциялашган тизим орқали узлуксиз равишда амалга оширилмоқда. Пировардида ҳозиргача 1644 нафар якка тартибдаги тадбиркор ҳамда 1506 та юридик шахс мазкур тизим имкониятларидан фойдаланган ҳолда масофадан рўйхатдан ўтди.
Шу билан бирга, Президентимизнинг 2017 йил 1 февралдаги “Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш механизмларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра, фақат шу йилнинг ўзида “ягона дарча” марказлари орқали кўрсатиладиган қўшимча давлат хизматлари сони 18 тага етказилиб, 2018 — 2020 йилларда бу кўрсаткични яна 68 тага кўпайтириш кўзда тутилган. Кейинги йилдан бошлаб қоғоз шаклида бериладиган махсус бланкалардаги рухсатнома ва лицензияларни мажбурий расмийлаштириш бекор қилинади.
— 2008 йилдан буён тадбиркорлик соҳасида фаолият кўрсатиб келаяпмиз, — дейди Жиззах вилоятидаги “Gulshana tekstil invest” масъулияти чекланган жамияти бош менежери Жаҳонгир Қўлдошев. — Яратиб берилаётган бу каби енгилликлар ишимизга янада унум бағишламоқда. Чунки биз хориждан енгил саноат ускуналари келтириш билан бирга, тайёр кийим-кечаклар тикиш билан ҳам шуғулланамиз. Ташқи бозорга чиқишда эса айнан тезкорлик муҳим аҳамиятга эга. 

Иқтисодий зоналар қулайлиги нимада?
Уларнинг энг катта устунлиги маълум бир соҳа ёки тармоққа ихтисослаштирилишидир. Қолаверса, бундай махсус ҳудудларда иш бошлайдиган саноат корхоналарига қўшимча имтиёз ва енгилликлар берилади. Жумладан, Президентимизнинг жорий йил 3 майдаги “Нукус-фарм”, “Зомин-фарм”, “Косонсой-фарм”, “Сирдарё-фарм”, “Бойсун-фарм”, “Бўстонлиқ-фарм” ва “Паркент-фарм” эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармонига берилган шарҳда ҳозирги кунда республикамизга дунё фармацевтика саноатида ишлаб чиқарилаётган 6300 номдаги дори-дармон воситалари импорт қилинаётгани, фармацевтика корхоналарининг хорижий хом ашё ва материалларга боғлиқлиги соҳа ривожига асосий тўсиқ бўлиб қолаётгани қайд этилган. Қолаверса, унда  халқаро тиббиёт амалиётида фойдаланилаётган 350 турдаги доривор ўсимликлардан 71 таси ўзимизда етиштирилаётгани талаб ва эҳтиёж катта бўлган дори-дармон воситаларини маҳаллий шароитда узлуксиз ишлаб чиқариш учун етарли эмаслигига урғу берилган. Шу боис ушбу эркин иқтисодий зоналар орқали бу каби масалалар ечимини топиш, фармацевтика саноати ривожига ҳисса қўшувчи ишлаб чиқарувчи субъектларга қулай шарт-шароитлар яратиш, маҳаллийлаштириш жараёнларини янада фаоллаштириш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири эканлиги таъкидлаб ўтилган. 
Эркин иқтисодий зоналар иштирокчилари томонидан инвестиция киритилганида, бир қатор солиқ ва ажратмалардан, божхона тўловларидан озод этилиши белгилаб қўйилди. Шунингдек, мазкур ҳудуд корхоналари экспорт ва импорт қилинадиган товарлар учун ўзларига қулай бўлган ҳисоб-китоб шаклидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлмоқда. Бундай имтиёз ҳамда қулайликлар, табиийки, сармоядорлар қизиқишини ошириши баробарида, Фармондан кўзланган асосий мақсад — ички бозорни кенг турдаги, сифатли дори-дармонлар ҳамда тиббиёт буюмлари билан янада тўлдиришга хизмат қилиши тайин. 
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 12 январдаги Фармони асосида ташкил этилган “Қўқон” эркин иқтисодий зонаси эса учта ҳудудга бўлинган. Айни пайтда шуларнинг иккинчисида тадбиркорларга умумий қиймати  658 миллиард сўм ва 81,2 минг АҚШ долларилик 145 та лойиҳани рўёбга чиқариши учун 215 гектар ер майдони ажратилган. Бу ерда, шунингдек, логистика маркази, божхона пости, коммуникация тармоқлари, ички ва ташқи йўллар, темир йўл ҳамда инфратузилма объектлари жойлаштирилади. Пировардида саноат зонасида қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган “Авалон призма”, мева-сабзавотларни чуқур қайта ишловчи “Атлант дельта”, велосипед ишлаб чиқаришга мўлжалланган  “Kokand Bicycles” каби кўплаб корхоналар ташкил этилиб, юзлаб кишилар бандлиги таъминланади.
Умуман, мамлакатимизда 14 та эркин иқтисодий зона ташкил этилган бўлса, шундан 7 таси фармацевтика, қолгани юқори технологик маҳсулотлар ишлаб чиқаришга  ихтисослаштирилган. Технопарк шаклидаги кичик саноат зоналари 9 тага, кичик саноат зоналари эса 64 тага етказилади. Энг муҳими, уларнинг барчаси эркин ва имтиёзлар асосида фаолият юритади.


Муаммоларни аниқлашнинг самарали усули

Аҳоли ва маълум бир соҳа вакиллари орасида ўтказиладиган ҳар қандай сўров ютуқлар қаторида, камчиликларни ҳам аниқлашда қўл келади. Ундан  кўзланган мақсад ҳам  аслида шу.Бундан бир муддат олдин Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги томонидан тадбиркорлар иштирокида ҳудудлар бўйича шундай сўров уюштирилди. Унда қатнашган ишбилармонлар банклардан иш ҳақини нақд пулда олиш, кредит ажратилишида норасмий тўловларнинг талаб этилиши, корхоналарни тугатиш ва ер ажратиш тартиботларининг мураккаблиги, маҳаллий автомобиль йўлларининг сифатсизлиги каби омилларни иш самарадорлигига халақит берувчи ҳолатлар сифатида кўрсатиб ўтишди.
Эътибор берсангиз, сўнгги пайтларда қабул қилинаётган барча ҳуқуқий ҳужжатлар замирида ана шундай салбий ҳолатларга барҳам бериш орқали  соҳани янада ривожлантириш мақсади ётибди.
Бундан ташқари, бевосита Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва бугунги кунда жадал амалга оширилаётган Ҳаракатлар стратегиясида иқтисодиётни янада  ривожлантириш ва либераллаштиришга қаратилган 40 дан ортиқ чора-тадбирлар кўзда тутилганини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим.
Бироқ олдинда қилиниши зарур бўлган ишлар ҳам талайгина. Бунга яқинда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган Вазирлар Маҳкамаси йиғилишида алоҳида урғу берилиб, охирги йилларда кичик бизнесни рағбатлантириш юзасидан кўплаб қарорлар қабул қилинганига қарамай, тадбиркорликни ривожлантириш йўлида тўсиқлар ҳали ҳам мавжудлиги танқид қилинди. Бу борада самарадор усулларни қўллаш вақти аллақачон етиб келгани қайд этилди. Демак, келгусида республикамизда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ишлари янада жадаллашиб бораверади.


Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Бахтиёр АКРАМОВ олган суратлар.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn