«Ўзимизни кўрсатадиган давр келди»
  • 19 Июль 2017

«Ўзимизни кўрсатадиган давр келди»

Ёшлар — эртамиз эгалари, келажагимизнинг суянчи ва таянчи. Уларни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир.

Бу ҳақда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Самарқанд вилояти кенгашининг йиғилишида ҳам алоҳида таъкидланди. Унда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Туробжон Жўраев сўзга чиқиб, 30 июнь куни “Камолот” ЁИҲнинг навбатдаги қурултойида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан билдирилган танқидий фикрлар ҳақида тўхталиб ўтди.
Йиғилишда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Самарқанд вилояти кенгашининг раислигига Рустам Қобилов сайланди.
— Биз, навқирон авлод вакиллари ҳаётида янги давр бошланди, — дейди Самарқанд давлат архитектура ва қурилиш институти талабаси Ғофир Бобобеков. — Мазкур тузилма фаолияти, Президентимизнинг қўллаб-қувватлаши ҳамда яратилган имкониятлардан самарали фойдаланиб, кўзланган мақсадларимизга эриша оламиз, деб ўйлайман.

* * *

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Андижон вилояти кенгашининг биринчи йиғилишида иштирок этганлар келгусида бажарилиши лозим бўлган энг долзарб масалалар юзасидан ўзаро келишиб олдилар. Тадбирда навқирон авлод вакилларига билдирилган ишончни оқлаш, ўғил-қизларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларни касб-ҳунарга йўналтириш масалалари кўриб чиқилди.
— Ташкилотимиз уюшмаган ёшлар билан ҳам ишлашни ўз олдига мақсад қилиб олган, — дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Андижон вилояти кенгаши раиси ўринбосари Ойбек Йўлдошев. — Давлатимиз раҳбари зиммамизга улкан вазифаларни қўйди. Бу эса келажагимиз ворисларининг жамиятдаги ўрни, мавқеи юксалади, деганидир. Бунга амалга ошириладиган хайрли ишлар натижасида эришамиз. Биз ягона мақсад сари бирлашиб, юртимизнинг жаҳондаги энг ривожланган давлатлар қаторидан жой олиши учун ўзимизни асло аямаймиз.
Йиғилишда мазкур йўналишдаги мавжуд муаммолар ҳам тилга олиниб, уларни бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар белгиланди.

* * *

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент вилояти кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида сўзга чиққан вилоят ҳокими Шукурулло Бобоев ва бошқалар Президентимиз ташаббуси билан ташкил қилинган мазкур тузилма эртамиз давомчиларининг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш, уларда Ватанга муҳаббат, келажакка ишонч ҳиссини қарор топтиришда беқиёс аҳамият касб этишини таъкидлашди. Бу борада давлатимиз раҳбарининг “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги Фармони муҳим дастуриламал вазифасини ўташи, шубҳасиз.
Йиғилишда шу кунгача эътибордан четда қолган вазифалар — уюшмаган ёшларнинг муаммоларини, уларни қийнаб келаётган масалаларни таҳлил қилиб, ҳаётда ўз ўрнини топишларида амалий ёрдам кўрсатишни кенгайтириш лозимлиги қайд этилди.
Тадбирда ташкилий масала кўрилди. Дониёр Каримов Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгашининг раиси этиб сайланди.


«Халқ сўзи» мухбирлари хабарлари асосида тайёрланди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn