Эшитган яхши, кўрган ундан-да афзал
  • 18 Июль 2017

Эшитган яхши, кўрган ундан-да афзал

Самарқанд вилояти аҳли Ватанимиз мустақиллигининг йигирма олти йиллиги байрамини муносиб кутиб олиш тараддудида, янгича ғайрат-шижоат, кўтаринки кайфиятда меҳнат қилмоқда. “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” шиори остида ўтказилаётган маданий-маърифий тадбирларда ўз фикри билан иштирок этиб, истиқлолимизнинг қадри, бугунги кунимиз, амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида тўлиб-тошиб сўз юритмоқда.

Президентимизнинг жорий йил 27 июнда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма олти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижросига мувофиқ ташкил этилган учрашувларда адиб ва шоирлар, журналистлар, мусаввирлар, олим ва маънавият тарғиботчилари қатнашди.

Жумладан, вилоятнинг Пайариқ, Пастдарғом, Жомбой, Ургут ва Тайлоқ туманларида бўлиб ўтган мулоқотлар самимиятга йўғрилганлиги билан меҳмону мезбонларда унутилмас таассуротлар қолдирди. Зеро, бу суҳбатларда 2017 — 2018 йилларда вилоятда кам қувватли корхоналарни молиявий соғломлаштириш, бўш турган ва қурилиши тугалланмаган объектлар негизида саноат тармоқлари, хизмат кўрсатишни ташкил этиш орқали иш ўрни яратиш бўйича манзилли дастур ишлаб чиқилганидан хабардор бўлдик. Бунга кўра, жорий йилда 177 та кам қувватли корхонани молиявий соғломлаштириш, 116 та бўш турган, 9 та қурилиши тугалланмаган ва 8 та хусусийлаштирилган объект негизида қиймати 120,9 млрд. сўмлик жами 310 та лойиҳа рўёбга чиқарилади. Натижада 147,8 млрд. сўмлик қўшимча маҳсулотлар тайёрланиб, 1501 иш ўрни яратилади.

— Ҳар бир ота-она фарзандининг камолини кўргиси келади. Ўғли ё қизи ишли бўлса, кўнгли хотиржам тортади, — дейди каттақўрғонлик меҳнат фахрийси Нурбой Тоғаев. — Шу боис Президентимиз Шавкат Мирзиёев аҳоли, айниқса, ёшларнинг бандлигини таъминлашга жуда катта эътибор билан қараяпти. Бу масалада қуруқ маълумотнома, ҳисобот учун тайёрланган рақамларни кўз-кўз этсак, ўзимизни алдаган бўламиз. Ҳақиқат — амали билан ҳақиқат.

Аслида ҳам шу, энди лоқайд бўлишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Зеро, Президентимиз ёшлар тарбияси, уларнинг билимли, одобли, намунали хулқ эгаси сифатида вояга етиши учун барча шарт-шароитни яратиб бераяпти. Бинобарин, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг тузилиши, 11 йиллик таълимнинг тикланиши, навқирон авлод вакилларига масъул вазифалар ишониб топширилиши жойларда катта акс садо бермоқда. Пастдарғом туманида ёзувчи ва шоирлар иштирокидаги мулоқотларда ҳам ўқитувчилар, ота-оналар, маҳалла фаоллари ана шу хусусда тўлқинланиб сўз юритишди.

Яна бир муҳим жиҳатга амин бўлдикки, бугун юртдошларимиз жойларда намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган арзон уй-жойларнинг қулайлиги, шинамлиги, энг асосийси, турмуш фаровонлигига хизмат қилишда улкан аҳамиятга эга эканлигини таъкидлашаяпти. Бу бежиз эмас. Чунки Самарқанд вилоятида 2017 йилда 1758 та ана шундай хонадон қурилиши белгиланган. Ургут туманининг Мерганча массивида 10 та бир қаватли 3 хонали уй-жой фойдаланишга топширилди. Бошқа ҳудудларда ҳам қурилиш-монтаж ишлари жадал суръатларда давом эттирилмоқда.

Шу кунларда Самарқанд шаҳрида Хўжа Аҳрори Вали ҳамда Садриддин Айний кўчаларини бирлаштирувчи йўл қурилиши бошлаб юборилганининг гувоҳи бўлдик. Унинг узунлиги 892 метр, эни 34 метр, 6 қатор қатновга мўлжалланган. Президентимиз Самарқанд вилоятига ташрифи давомида мазкур кўча қурилишининг 3-босқичи ҳақида гапириб, мутасаддиларга бузиладиган тураржой бинолари эгаларини уй-жой билан таъминлаш вазифасини топширган эди. Айни пайтда Намозгоҳ маҳалласи ҳудудида битта 7 қаватли, 63 хонадонли арзон уй-жой қуриш ишлари авжида.

Умуман, вилоятнинг ҳар бир шаҳри, туман ва қишлоқларида ҳозирдан энг улуғ, энг азиз байрамимиз шукуҳи ҳукмрон. Аҳоли қўлни қўлга бериб яратувчанлик юмушлари билан банд. Муҳими, ҳар бир бунёдкорлик замирида эртанги кунга бўлган юксак ишонч мужассам.

Тадбирлар доирасида “Самарқанд адиблари” китоби тақдимоти ҳамда Ўзбекистон Бадиий академияси аъзолари, рангтасвир усталари ва ёш ижодкорларнинг янги асарлар кўргазмаси, таниқли шоирлар иштирокида мушоира ўтказилди.

Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,

Мақсуд ЖОНИХОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбирлари.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn