Ворислик ва мерос бўйича ҳуқуқларингизни биласизми?
  • 18 Июль 2017

Ворислик ва мерос бўйича ҳуқуқларингизни биласизми?

Ўзбекистон Республикаси Олий судида “Ворислик ҳуқуқи” ҳамда “Ўзбекистонда мерос ҳуқуқи” қўлланмаларининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбирда Олий суд раисининг ўринбосари Х. Ёдгоров ва бошқалар томонидан таъкидланганидек, мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини тубдан ислоҳ қилиш, фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларини суд орқали ҳимоялаш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган янгиланиш ва ўзгаришлар изчил давом эттирилмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад одил судлов, суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишни кучайтиришдан иборат.

Президентимизнинг 2017 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бу борадаги саъй-ҳаракатларга изчиллик бағишлади. Пойтахтимизда суд органлари тизимида одил судловни таъминлаш борасидаги ишлар аҳволи, муаммолар ва истиқболдаги вазифаларга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари томонидан тизимдаги хато ва камчиликлар танқид қилиниб, уларни бартараф этиш чораларининг кўрсатилиши эса ислоҳотларни янада тезлаштиришга замин яратди.

Мазкур йўналишдаги янгиланишларни юртдошларимизга етказиш ҳам долзарб масалалардан ҳисобланади. Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Олий суди, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги ҳамда БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик” қўшма лойиҳаси доирасида “Ворислик ҳуқуқи” ва “Ўзбекистонда мерос ҳуқуқи” қўлланмалари чоп этилди.

“Ворислик ҳуқуқи” амалий қўлланмаси фуқароларнинг муҳим ҳуқуқи саналмиш ворислик ҳамда уни ҳимоя қилиш масалаларига бағишланган бўлиб, ўзининг оммабоплиги билан ажралиб туради. Айни чоғда фуқаролик ишлари бўйича туманлараро ва туман (шаҳар) судлари судьяларининг ворислик ҳуқуқларига доир қонун ҳужжатлари нормаларини амалиётда тўғри ҳамда бир хилда татбиқ этишида муҳим қўлланма бўлиб хизмат қилади.

“Ўзбекистонда мерос ҳуқуқи” рисоласи мерос сифатида қолдириш мумкин бўлган мулклар, васиятнома тузишнинг муҳим жиҳатлари, меросни эгаллаш ва уни тақсимлаш, нотариуслар нотариал ҳаракатларни амалга оширганлик учун тўланадиган давлат божи ставкалари ҳамда бошқа масалаларга доир маълумотлар инфографика, жадвал, чизма ва суратлар ёрдамида атрофлича очиб берилганлиги билан қимматлидир.

Тақдимот иштирокчилари бу қўлланмаларни ўқиш асносида ворислик ҳамда мерос ҳуқуқлари бўйича етарлича билимларга эга бўлиш мумкинлигини эътироф этишди. 

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ, 

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn