Нуронийлар тажрибаси — ибрат мактаби
  • 18 Июль 2017

Нуронийлар тажрибаси — ибрат мактаби

Фуқаролар йиғини раисининг ўринбосари — кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчи фаолияти самарадорлигини ошириш учун қандай омилларга эътибор бериш лозим? Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманидаги “Мажнунтол” мажмуасида “Нуроний” жамғармаси ва “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳамкорлигида ташкил этилган ўқув-семинари шу масалага бағишланди.

Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2017 йил 3 февралдаги “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари асосида фуқаролар йиғини раисининг ўринбосари — кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчи лавозими жорий этилди. Негаки, ахборот технологиялари асрида маданиятлар ўртасидаги вақт ҳамда макон билан боғлиқ чегаралар тобора қисқариб бораётган бир паллада ҳурмат ва эътиборга эга нуронийларнинг ёшлар тарбияси билан боғлиқ ҳаёт тажрибасидан самарали фойдаланиш ҳар қачонгидан ҳам  долзарб аҳамият касб этмоқда.

Йиғилишда нуронийларнинг ислоҳотлар жараёнидаги иштироки ҳамда давлат органлари устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишдаги вазифалари, жамоатчилик асосида ташкил этилган фуқаролар йиғини раиси ўринбосари — кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчининг асосий фаолият йўналишлари юзасидан тўлиқ маълумот берилди. 

Иштирокчилар шуъбаларда нотинч оилалар ҳамда ажримларнинг олдини олишда нуронийларнинг вазифалари, тўй ва бошқа маросимларни миллий анъаналаримизга мос равишда ўтказиш, кексаларнинг уюшмаган ёшлар билан ишлашдаги ўрни ҳамда маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва диний идоралар билан ҳамкорлик каби масалаларни кенг таҳлил қилдилар. 

Муҳокамалар якунида зарур тавсиялар ишлаб чиқилди.

Раҳматилла ШЕРАЛИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn