Инсон манфаатларини таъминлаш — олий қадрият
  • 11 Июль 2017

Инсон манфаатларини таъминлаш — олий қадрият

Инсон манфаатларини таъминлаш йўлидаги эзгу саъй-ҳаракатлар туб замирида одамларнинг жамият тараққиёти,  ўз ҳаёти  ва  меҳнатидан рози-ризолигини таъминлашдек эзгу мақсадлар мужассам. Бу ўтган ҳафтада Президентимизнинг  Наманган вилоятига ташрифи давомида ҳудудни янада ривожлантиришга йўналтирилган истиқболли лойиҳалар билан танишуви чоғида ҳам яққол намоён бўлди. Аҳоли билан юзма-юз мулоқотларда билдирилган самимий фикрлар наманганликларни янгидан-янги ғояларга илҳомлантирди.

Иброҳим БОЙҚОБИЛОВ, “Мингбулоқнефть” Ўзбекистон — Хитой қўшма корхонаси бош директорининг биринчи ўринбосари:

— Ҳар бир мамлакат ривожида  халқнинг яратувчанлик салоҳияти билан бирга, табиий ресурслар, хусусан, ер ости ва усти бойликларидан оқилона фойдаланиш муҳим ўрин тутади. Шу жиҳатдан, давлатимиз раҳбарининг катта миқдорда нефть захирасига эга бўлган Мингбулоқ конларини ҳаракатга келтириш юзасидан бошлаган ташаббуси кўнгилдаги иш бўлди. Бу ерда 25 йил давомида амалга ошириладиган йирик лойиҳа доирасида 255 миллион АҚШ доллари миқдоридаги сармоя ўзлаштирилади. Жумладан, 4 та янги бурғилаш-қидирув қудуғи кавланиб, 4 та мавжуд қудуқ мукаммал таъмирдан чиқарилиши ҳисобига йилига 200 минг тоннага етказиб суюқ углеводород қазиб олиш имконияти юзага келади.

Президентимиз бу ерга ташриф буюриб, бошланган қидирув-бурғилаш ишларини кўздан кечирди. Хорижлик ва маҳаллий мутахассислар билан суҳбат чоғида ушбу истиқболли лойиҳа мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантиришда муҳим ўрин тутиши алоҳида таъкидланди.

Айни пайтда мазкур  лойиҳа ижросида 130 киши иштирок этаяпти. Тез орада  Мингбулоқ нефть булоқлари яна қайта кўз очади ва халқимиз фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилади.

Икромжон СОДИҚОВ, Наманган вилояти телерадиокомпанияси бош директори ўринбосари, Исҳоқхон Ибратнинг чевараси:

— Ўз даврида миллий маданиятимиз, илм-фанимиз ривожига муносиб ҳисса қўшган маърифатпарвар  Исҳоқхон Ибрат авлодларининг узоқ йиллик  орзуси мустақиллик шарофати билан ушалди. Юртбошимизнинг 2016 йил  2 ноябрдаги сайловолди учрашувидаги таклифи асосида Тўрақўрғонда Исҳоқхон Ибрат номидаги ёдгорлик мажмуаси барпо этилмоқда. Бу маскандан ўрин оладиган кўркам хиёбон, музей, тиллар мактаби, ўойибназар Қози мадрасаси ва бошқа иншоотлар ушбу зотнинг халқимиз учун қилган улкан хизматларини мамлакат миқёсида ўқиб-ўрганиш, меросининг тарғиботи билан шуғулланиш, авлодларга етказишда алоҳида ўрин тутади. 

Вилоятимизга ташрифини Тўрақўрғондан бошлаган Президентимиз ушбу мажмуа қурилишининг бориши билан яқиндан танишиб, бу ерда бир қатор қўшимча тадбирларни амалга ошириш, жумладан, Ибрат номидаги босмахона қуриш, бўлажак тиллар мактаби фаолиятига замонавий ахборот технологияларини жорий этиш, ўқитиш ишларига пойтахтдаги тилшунос мутахассисларни ҳам жалб қилиш юзасидан кўрсатмалар берди. Буларнинг барчасидан нафақат биз, Ибрат авлодлари, балки бутун наманганликлар миннатдормиз.

Илҳомжон АБДУЛЛАЕВ, Чуст туманидаги “Мамажон ота Абдуллаев” фермер хўжалиги раҳбари:

— Излаган одам имконият топади, фойдали ғоялари билан тараққиётни жадаллаштиришга ҳисса қўшади. Вилоятимизда даромадли ва шифобахш ковул ўсимлиги етиштириш йўлга қўйилиши деҳқонларимизнинг топқирлиги ҳосиласи. Барги, меваси ва томир пўсти табобатда кенг қўлланиладиган бу ўсимликни парваришлаш учун бўлиқ ер шарт эмас. Шунга қарамай, ундан йилига 4 марта ҳосил олса бўлади. Юртбошимиз наманганликларнинг мазкур йўналишдаги ишларини қўллаб-қувватлаб, ковулзорларни кўпайтириш, унинг экспорти механизмини ишлаб чиқиш бўйича ассоциация ташкил этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берганлиги бизни руҳлантириб юборди.

Жорий йилда ҳудуддаги уч минг гектардан зиёд майдонга ковул экиш режалаштирилган. Бу ишга жалб этилган фермер хўжаликлари, тадбиркорлик субъектлари ҳозирданоқ ишга киришдилар. Бундай ғоялар маъқулланиши одамларни ташаббус кўрсатиб ишлаш ва ўз бизнес ғоялари билан жамиятга ҳам, ўзига ҳам наф келтиришга чорлаши, шубҳасиз.

«Халқ сўзи» мухбири 

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ

ёзиб олди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn