Юртимизга сайёҳларнинг қизиқиши тобора ортмоқда
  • 11 Июль 2017

Юртимизга сайёҳларнинг қизиқиши тобора ортмоқда

Президентимизнинг 2016 йил 2 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони соҳа ривожида муҳим аҳамият касб этмоқда. Зотан, унда ҳудудларнинг туризм салоҳиятидан тўлиқ ва самарали фойдаланиш, тармоқни бошқаришни тубдан такомиллаштириш борасида белгилаб берилган вазифаларнинг изчил ижроси таъминланаяптики, бунинг натижалари ҳозирданоқ кўзга яққол ташланмоқда. Мисол учун, Қашқадарё вилояти ҳам йирик туризм марказларидан бирига айланаётир.

Дарҳақиқат, табаррук зиёратгоҳларга бой ушбу воҳа бугунги кунда сайёҳлар, тарихчи олимлар ҳамда зиёратчиларнинг ташриф йўналишидан муқим ўрин эгалламоқда. Буюк саркарда Амир Темур туғилган ва яшаган жойлар, аждодларимиз томонидан яратилиб, бизгача етиб келган кўплаб маънавий мерос ҳамда маданий ёдгорликлар сайёҳларни лол қолдираяпти. 

ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси объектлари рўйхатига киритилган Шаҳрисабздаги Оқсарой, Дорут-тиловат, Дорус-саодат, Қарши шаҳридаги Қашқадарё кўприги, Одина, Кўкгумбаз, Ерқўрғон мажмуалари ва бошқа шу каби кўплаб ёдгорликлар жаҳон тарихчи олимлари, тадқиқотчилар ҳамда сайёҳларни ўзига жалб этмоқда. Шу билан бирга, ҳали очилмаган “Ерқўрғон” шаҳристони марказида жойлашган ҳукмдор саройи, Зороастрия даҳмаси, ҳукмдор мақбараси, қалъа девори каби тарихий объектлар ҳам борки, улар юртимизга ташриф буюраётган сайёҳлар қизиқишини янада ошириши аниқ.

Шаҳрисабздаги Оқсарой, Дорут-тиловат мажмуалари, Коба карвонсаройи, Чубин, Абдушукур оғолиқ мадрасалари, Шайх Шамсиддин Кулол мадрасаси, Кўкгумбаз масжидида олиб борилган реставрация ишларининг Ўрта асрларда қўлланилган архитектурага мувофиқлиги алоҳида эътиборга лойиқ. Ушбу ёдгорликларни келажак авлодга безавол етказиш, қадимий Кеш қалъа деворини тиклаш борасидаги ишлар жадал давом эттирилмоқда.

Ҳозирги кунда вилоятда 1311 маданий мерос объекти мавжуд бўлиб, уларнинг 200 тасини архитектура иншооти, 1041 тасини археологик ёдгорлик, 43 тасини монументал ҳайкал ташкил қилади. Бундан  ташқари, Китоб туманидаги Ҳазрати Башир, денгиз сатҳидан 4145 метр баландликда жойлашган Ҳазрати Султон ота, Қамаши туманидаги Лангар ота каби ҳар бири узоқ тарихга эга бўлган диққатга сазовор 27 та зиёратгоҳ ободонлаштирилмоқда. Китоб туманидаги Хўжа илм кони зиёратгоҳида машҳур Нақшбандия тариқати вакиллари мақбаралари жойлашган бўлиб, ҳозирги пайтда унга Жануби-Шарқий Осиё давлатлари томонидан катта қизиқиш билдирилаётир. Зеро, улар воҳа аҳолиси ўтмишини ўзида мужассам этган миллий қадриятлар намунаси, халқимизнинг бебаҳо мулки ҳисобланади. 

Шу боис вилоятда туризмни ривожлантириш, табиий ва тарихий-маданий манзиллар бўйича янги сайёҳлик йўналишларини ишлаб чиқиш, туристик хизматлар сифатини янада юксалтириш борасида бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. 

Хусусан, 2016-2017 йилларда туризм соҳасини ривожлантиришга қаратилган 95 та лойиҳани амалга ошириш белгиланган бўлиб, бунинг учун молиялаштириш манбаларидан 56,8 миллиард сўм маблағ ўзлаштирилаяпти.

Бугунги кунда вилоятда 30 дан ортиқ туристик ташкилотлар ва меҳмонхона хўжаликлари маҳаллий ҳамда чет эллик сайёҳларга хизмат кўрсатаяпти. Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида Шаҳрисабз шаҳрининг тарихий марказида жойлашган 7 та маҳалладаги 200 йиллик тарихга эга 40 га яқин тураржойлар уй-меҳмонхоналарга айлантирилмоқда. Янги замонавий экобоғ ва дам олиш маскани — “Village Eco Park” мажмуаси қурилиши бошлаб юборилди. Мазкур лойиҳа ишга тушиши билан бир вақтнинг ўзида 200 нафар сайёҳ учун хизмат кўрсатиш имконияти яратилади. Лойиҳадан ресторан, кафе, сув ҳавзалари, спорт майдончалари, меҳмонхона ўрин олган. Бу каби тадбирлар вилоятга келувчи сайёҳлар сонининг йил сайин ортишига замин яратади.

Қашқадарё вилояти экотуризм жабҳасида ҳам жуда катта ресурсларга эга. Айни пайтда ҳудуднинг бу борадаги имкониятларидан самарали фойдаланиш мақсадида вилоятнинг тоғ ва тоғолди ҳамда чўл минтақаларида сайёҳларнинг мароқли дам олишини таъминлаш, ушбу масканларга хорижий ва маҳаллий сайёҳларни кенг жалб этиш борасида бир қатор ишлар олиб борилаяпти. Хусусан, спелеотуризм (ғор туризми), тоғ альпинизми, табиатнинг ноёб ёдгорликлари бўйлаб сайр, чўл барханлари ва тўқайлар бўйлаб туяда, отда айланиш, маҳаллий чўпонлар яшаш тарзи билан таништирувчи ўтовларга саёҳатлар ҳамда бошқа кўплаб йўналишларда сайёҳлик хизматлари йўлга қўйилмоқда. Муборак, Миришкор, Яккабоғ, Шаҳрисабз, Китоб туманлари бўйлаб ана шундай экотуристик йўналишлар аллақачон иш бошлади. Муборак чўлларини оралаб биз учун ноанъанавий бўлган квадроциклларда сафар қилиш, Шаҳрисабзда рафтинг спорт саёҳатларига жуда катта қизиқиш билдирилмоқда. Бундай экосайёҳлик турлари Миришкорнинг Сечанкўл сув ҳавзаси доирасида ҳам йўлга қўйилади.

Юртимиз табиати бетакрор. Тарихи асрларга бориб тақалувчи иншоотларимизнинг маҳобатию гўзаллигини таърифлашга эса тил ожиз. Шу боис бундай манзаралардан завқ олиш иштиёқидаги кишилар сони йил сайин ортиб бормоқда. Бу борада сайёҳларга барча қулайлик яратиб берилаётгани туризм саноати ривожида муҳим омил бўлаётир.

Отабек ОЛИМЖОНОВ, 

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг Қашқадарё вилояти ваколатли вакили.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn