Эзгулик тараннуми
  • 11 Июль 2017

Эзгулик тараннуми

Дунёда энг нуфузли халқаро мусиқа фестивали — “Шарқ тароналари” жорий йилда ўн биринчи бор ўтказилади. Кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳри мезбонлик қилиб келаётган мазкур санъат анжуманида 70 дан ортиқ мамлакатлардан вакиллар қатнашиши кутилмоқда.

Шу кунларда унга тайёргарлик кўриш ҳамда ўтказиш бўйича 18 та гуруҳ ташкил этилиб, тадбирга ҳозирлик, иштирокчиларни кутиб олиш ва кузатишгача бўлган турли ташкилий ишлар якунига етказилаяпти. Ишчи гуруҳларга тегишли ёрдам кўрсатиш, керакли ахборотлар билан таъминлаш ҳамда фестивални ўтказиш билан боғлиқ масалаларни  ҳал этиш мақсадида вилоят ҳокимлиги томонидан штаб тузилган.  

Бу йилги мусиқа байрамига тайёргарлик аввалгиларидан анча фарқ қилади. Хусусан,  йўналишли такси ва автобусларга “Шарқ тароналари” рамзи ҳамда ёзувлари жойлаштирилди. Мирзо Улуғбек, Ибн Сино, Бўстонсарой ва Беруний кўчаларининг белгиланган ўттиз жойида турли шакллардаги гулзорлар ташкил этиш ҳам режага киритилган. 

Анъанага кўра, иштирокчилар Самарқанднинг диққатга сазовор манзиллари билан танишишади. Шуни инобатга олган ҳолда, бу йил меҳмонлар ташриф буюрадиган ҳар бир объектда тайёргарлик ишлари жадал давом этмоқда. 

— Фестиваль қатнашчиларини меҳмонхоналарга жойлаштиришда ҳам қайси давлат фуқароси эканлиги, тили ва ҳатто, урф-одатлари алоҳида эътиборга олинади, шунга қараб, хизматлар ташкил қилинади, — дейди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Илҳом Сувонов. — Ҳар бир меҳмонхона ва умумий овқатланиш шохобчасида кечаю кундуз ишлайдиган валюта алмаштириш пунктлари очилади. Шунингдек, жойларда меҳмонларнинг совға харид қилишлари учун махсус дўконлар фаолияти йўлга қўйилмоқда. Дўконлар ҳамда бошқа шохобчаларга бир нечта хорижий тилларни биладиган ходимлар жалб этилади.

Анъанага кўра, турли давлатлар санъаткорлари Самарқанд шаҳрида, Пастдарғом, Пайариқ, Жомбой, Тайлоқ, Ургут ҳамда Оқдарё туманларининг маданият ва истироҳат боғларию болалар мусиқа ҳамда санъат мактабларида ўз концерт дастурларини намойиш этишади. 

Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn