Улкан эътибор, ғамхўрлик ва рағбат
  • 10 Июль 2017

Улкан эътибор, ғамхўрлик ва рағбат

ёшларимизни янада шижоат кўрсатишга, улуғвор ислоҳотларга  камарбаста бўлишга ундайди

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойидаги нутқи халқимиз, айниқса, навқирон авлод вакиллари томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди.

Негаки, унда қўйилган вазифалар, билдирилган ҳар бир фикр-мулоҳаза мамлакатимиз истиқболи билан чамбарчас боғлиқдир. Хусусан, ёшларни қўллаб-қувватлаш, оилада фарзанд тарбиясига жиддий эътибор қаратиш, бепарволик ва лоқайдликка берилмаслик, аксинча ҳар бир хатти-ҳаракатимиз билан юрт равнақига хизмат қилишимизга оид мушоҳадалар қалбимизни тўлқинлантирди, десак, асло муболаға эмас. Буни айрим юртдошларимизнинг қуйидаги дил сўзларидан ҳам англаш мумкин.

 

Ҳикматилла АБДУЛЛАЕВ, Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги “Обод турмуш” маҳалла фуқаролар йиғини раиси:

— Бугунги ёшларимизга чин дилдан ҳавас қилса арзийди. Қаранг, улар давлатимиз томонидан шунчалик қўллаб-қувватланаяптики, энди енг шимариб, меҳр билан меҳнат қиладиган давр келди. Бу нутқда нафақат ёшларимиз, балки ҳар биримизнинг эртанги  кунимизга дахлдор фикрлар билдирилди. Мамлакатимиз раҳбарининг сўзларини эшита туриб фарзандларимизнинг ёрқин келажагига мустаҳкам асос яратилганлигига амин бўлдим.

Давлатимиз раҳбари аҳоли, энг аввало, ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини юксалтириш борасида ҳам алоҳида тўхталди. Шу мақсадда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ҳар йили “Энг китобхон мактаб”, “Энг китобхон маҳалла”, “Энг китобхон оила” каби йўналишларда танловлар ўтказиш, якуний босқич ғолибларини тақдирлаш учун қимматбаҳо совғалар, жумладан, юртимизда ишлаб чиқарилган автомобилларни мукофот тариқасида бериш ҳақида гапирдики, бу ҳеч ким кутмаган ажойиб таклиф бўлди. 

Яна бир ҳолатдан жуда ҳайратландим, илгари ёшлар ташкилоти номигагина тилга олинган бўлса, энди уларнинг нуфузи ҳам ошди. Яъни давлатимиз раҳбари ташаббуси билан  Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг вилоят, шаҳар ва туман кенгашлари раисларини рағбатлантириш, ташкилотнинг фаолият самарадорлигини ошириш мақсадида “Асака” банкининг 10 йил муддатгача мўлжалланган, бошланғич тўлови 15 фоизлик имтиёзли кредитлари асосида уларга ўзимизда ишлаб чиқарилган “Матиз” ва “Дамас” автомобилларини шахсий мулк сифатида сотиб олишда қулайлик яратилди. 

Тадбирда яна бир муҳим масала — Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят ва туманларда замонавий “Ёшлар кинотеатрлари”ни барпо этиш ишига бош-қош бўлиши айтилди. Бу жудаям керак. Чунки айрим ҳудудларда аҳолининг дам олиши учун шарт-шароит йўқ. Энди эса бундай ҳолатларга барҳам берилади. Яъни замонавий кинотеатрлар қуриш учун “Ўзсаноатқурилишбанк” томонидан 5 йил муддатга бериладиган имтиёзли кредитлар асосида алоҳида дастур ишлаб чиқиш ва амалга ошириш таклиф этилди. 

Буларнинг барчаси ёшларимизга қанот бағишлаши, уларни янада шижоат билан меҳнат қилишга ундаши, шубҳасиз.  

 

Одилхон ИСМОИЛОВ, Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур тумани бош имом-хатиби:

— Президентимиз нутқида қайд этилган масалалар эртанги кунимиз, келажагимизга дахлдор. Унда болаларимиз тарбияси ҳақида ҳам сўз борди. Таъкидланганидек, бугун дунё қалқиб турибди. Биз яшаётган XXI асрда бу ҳаёт-мамот масаласига айланиб бормоқда. Тарбия мукаммаллиги узлуксизликни талаб этади, бўшлиқ пайдо бўлишига мутлақо йўл қўйиб бўлмайди. Давлатимиз раҳбарининг: “Мана шундай ва бошқа кўплаб таҳдидлар инсоният ҳаётида жиддий муаммоларни келтириб чиқараётгани — айни ҳақиқат ва буни ҳеч ким инкор этолмайди.

Бугунги учрашувимизда ана шу мураккаб вазиятни ҳисобга олган ҳолда, мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати қандай амалга ошириляпти, бу соҳада қандай муаммолар бор, уларни қандай ҳал қилишимиз керак, бу борада ёшлар ташкилотининг ўрни қандай бўлиши лозим, деган масалалар ҳақида атрофлича гаплашиб олсак, ўйлайманки, мақсадга мувофиқ бўлади”, деган самимий мурожаатлари қалбимиздан жой олди.

Умуман, ёшлар билан дўстона мулоқотга айланган ушбу тадбир барчамизда улкан таассуротлар қолдирди. Шу боис маҳаллалар, масжид ва мадрасалар, таълим муассасаларида бўлиб ўтаётган тадбирлар, йигит-қизларимиз билан учрашувларда мазкур мавзунинг аҳамияти хусусида суҳбатлашаяпмиз.  Чунки ҳаммамиз кўриб, билиб, эшитиб турибмизки, ҳозирги кунда дунёда қарама-қаршилик ва зиддиятлар тобора кескин тус олмоқда. Диний экстремизм, терроризм, гиёҳвандлик, одам савдоси, ноқонуний миграция, “оммавий маданият” каби хавф-хатарлар кучайиб, одамзод асрлар давомида амал қилиб келган эътиқодлар, оилавий қадриятларга путур етказмоқда. Бундай вазиятда жондан азиз фарзандларимизни бало-қазолардан ҳимоя қилиш нафақат оиламиз, балки Ватанимиз тараққиётини белгиловчи асосий мезон бўлиб хизмат қилади. 

Шундай экан, Президентимизнинг ушбу нутқидан кундалик ишимизда фойдаланиш, уни муҳим дастуриламал сифатида амалиётга жорий этиш айни муддаодир.

«Халқ сўзи» мухбири

Мақсуд ЖОНИХОНОВ ёзиб олди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn