Масъулият, жавобгарлик ҳисси ва натижа
  • 10 Июль 2017

Масъулият, жавобгарлик ҳисси ва натижа

“Тиббиёт муассасаларида малакали шифокорлар етишмайди”, “Ер участкасини олишда қийинчиликларга учраяпман”, “Тадбиркор бўлмоқчиман, аммо кредит ололмаяпман”, “Коллежни тамомлаган фарзандим ишга киролмаяпти”, “Ичимлик суви таъминотидаги узилишлар қачон барҳам топади?”...

Бугун халқ орасида бўлиб, одамлар билан бевосита мулоқот қилаётган парламент аъзолари аҳолини қийнаётган шу каби масалаларга кўпроқ дуч келмоқда. Айтиш мумкинки, уларнинг аксарияти ўз жойида ижобий ечим топаяпти. Парламент ва депутатлик назоратининг мазкур таъсирчан механизми ҳаётимизда учрайдиган айрим муаммо ҳамда камчиликларни бартараф этиш, бу бўйича зарур таклифларни ўрганиш, шунингдек, мазкур масалаларга мутасадди раҳбарлар эътиборини қаратишда муҳим восита бўлиб хизмат қилаётганини тасдиқламоқда.    

Чунончи, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзоларининг Қашқадарё вилояти, Китоб тумани аҳолиси билан учрашувлари қизғин руҳда ўтди. 

Бугун 245 минг нафар аҳоли истиқомат қилаётган ҳудудда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги ҳамда тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ижтимоий соҳадаги муҳим ўзгаришлар ҳам туман ҳаётида яққол акс этаяпти. Жойларда кўп хонадонли ва намунавий лойиҳадаги уй-жойлар, ижтимоий соҳа объектлари барпо этилаётир. Шунингдек, туманда 12 та қишлоқ фуқаролар йиғини, 11 шаҳар маҳалласи, 92 та умумтаълим мактаби, 5 та қишлоқ врачлик пункти, ҚВПлар ўрнида ташкил этилган 7 та қишлоқ оилавий поликлиникаси, 4 та тез тиббий ёрдам шохобчаси фаолият кўрсатмоқда.

— Мулоқотларда парламент аъзолари билан биргаликда вилоят ҳамда туман Кенгашлари депутатлари ҳам фаол иштирок этаётир, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Абдуғани Умиров. — Учрашувларнинг -дастлабки кунларидаёқ 1,5 минг аҳоли қамраб олинди. Ўрганиш жараёнида таълим муассасаларида ўқитувчилар етишмаслиги, қишлоқ ҳудудларида олий маълумотли шифокор кадрлар камлиги, соғлиқни сақлаш муассасаларининг айримлари таъмирталаблиги, тадбиркорликни ривожлантириш, кредит ажратиш борасида ҳали-ҳануз камчиликлар мавжудлигига эътибор қаратилди. Мулоқотларда тегишли мутасадди ташкилотлар раҳбарларининг бевосита қатнашгани, айтиш мумкинки, сув, газ, коммунал тўловлар, йўл қурилиши каби ижтимоий масалаларга оид муаммоларни жойида ҳал этишга имкон яратмоқда. Учрашувларда тиббиёт соҳасидаги ўзгаришлар, олиб борилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш, мақбуллаштирилган тиббиёт муассасалари фаолиятини тушунтиришга ҳаракат қилаяпмиз. Ҳозирги вақтда айрим ҚВПлар оилавий поликлиникаларга, айримлари тез тиббий ёрдам муассасаларига айлантирилаётганини, оилавий поликлиникалар қошида тез тиббий ёрдам шохобчалари ташкил этилаётганини аҳоли қўллаб-қувватламоқда.

Туманда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси самарали фаолият кўрсатаётгани парламент аъзолари томонидан эътироф этилди. Қабулхона раиси Абдушукур Омоновнинг таъкидлашича, бугунги кунга қадар Халқ қабулхонасига 1 минг 180 та мурожаат келиб тушган ва шуларнинг 949 тасига ҳуқуқий маслаҳатлар берилган. Мурожаатларнинг асосий қисмини уй-жой қурилиши ҳамда ер участкаси масалалари ташкил қилади. Шунингдек, ишга жойлаштириш, пенсия таъминоти масалалари бўйича ҳам фуқаролардан кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда. Уларга ўз вақтида эътибор қаратилиб, тегишли мутасадди раҳбарларнинг жалб этилаётгани муаммоларнинг ўз вақтида бартараф бўлишини таъминламоқда. 

* * *

Зарафшон шаҳри — саҳро бағридаги мўъжиза. Бугун мазкур шаҳарда Навоий кон-металлургия комбинати тизимидаги Марказий кон бошқармаси кончилари, уларга кўмакдош инфратизим идоралари, ижтимоий соҳа ходимлари истиқомат қилиб, мавжуд имкониятлардан фойдаланган ҳолда, мамлакат иқтисодиёти барқарорлигини таъминлаш, халқаро нуфузини юксалтириш, биз барпо этаётган янги ҳаёт ва жамият асосларини мустаҳкамлаш учун хизмат қилмоқдалар. Қисқача -айтганда, Зарафшон — одамлари меҳнатидан ҳаловат, заҳматидан ҳикмат топган шаҳар. Бироқ мазкур ҳудуд ҳам турли муаммолардан холи эмас. 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда Сенати аъзоларининг Навоий вилояти, Зарафшон шаҳридаги ўн учта маҳалла фуқаролар йиғинидаги аҳоли билан мулоқотлари айни мақсадларни назарда тутиб, Қизилқумнинг қоқ марказида яшаётган аҳолининг ташвиш ва эҳтиёжлари атрофлича ўрганилмоқда. 

Шаҳарнинг Мурунтов қўрғони собиқ тузум даврида унга асос солган номдош коннинг шундоқ ёнгинасида, муваққат макон сифатида бунёд этилган. Қўрғон инфратузилмаси ҳам шунга мос бўлиб, тоза ичимлик суви масаласи мазкур гўшада аҳолини кўпдан буён ташвишга солиб келаётган муаммолардан биридир.

— Ичимлик сувини ташиб ичардик, — дейди Мурунтов қўрғонида яшовчи Айгерим Бекбауова. — Мурожаатимиз қаноатлантирилиб, ҳозирча сув жадвал асосида транспорт ёрдамида етказиб берилмоқда. Келгусида эса узлуксиз таъминотни йўлга қўйиш белгиланди.

Қўрғон аҳли парламент аъзолари билан бўлган учрашувда куз-қиш мавсумига тайёргарлик, ички йўллар таъмирланиши каби бир қатор масалаларни депутатлар эътиборига ҳавола этдилар. 

— Шаҳарнинг барча маҳалласида очиқ мулоқотлар ўтказдик, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ўткир Турсунов. — Ушбу учрашувларда фуқароларнинг 80 га яқин мурожаатлари рўйхатга олиниб, 71 масала вилоят ва шаҳар ҳокимлиги доирасида ўз ечимини топди. 

Зарафшонда аҳоли бандлиги ташвишли масала эмас. Бироқ шаҳарда сервис ҳамда хизмат кўрсатиш соҳаси, айниқса, оилавий тадбиркорликни йўлга қўйишда фойдаланилмаган кўплаб имкониятлар мавжуд.

— Учрашувларимизда шаҳарда фаолият юритаётган тижорат банклари ҳамда шаҳар солиқ инспекцияси ходимлари иштирок этиб, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагидаги фуқароларга амалий ёрдам кўрсатилди, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Зафар Султонов. — Бундан ташқари, ўрганишлар жараёнида 400 га яқин хонадонларда бўлиб, аҳолини ўйлантираётган масалаларнинг туб илдизлари таҳлил этилди.

Суҳбат асносида фуқароларни ташвишга солаётган транспорт хизмати, маиший техникаларга кафолат муддатидаги хизматни ҳудудга яқинлаштириш каби қатор масалалар кўтарилиб, уларга атрофлича жавоб қайтарилди. 

Парламент аъзоларининг жойларда аҳоли билан мулоқотлари давом этмоқда. 

Аҳад МУҲАММАДИЕВ,

Темур ЭШБОЕВ,

«Халқ сўзи» мухбирлари.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn