Нотариал хизматдан аҳоли мамнунми?
  • 10 Июль 2017

Нотариал хизматдан аҳоли мамнунми?

“Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан “Нотариат идоралари халққа хизмат қилиши керак” мавзуида ўтказилган жамоатчилик фикри сўрови натижаларига кўра, унда қатнашганларнинг қарийб 65 фоизи нотариат идоралари хизматидан фойдаланганда ноқонуний хатти-ҳаракатларга гувоҳ бўлганликларини қайд этишган.

Белгиланганидан кўпроқ ҳақ олиши, хизмат кўрсатишдан асоссиз бўйин товлаши, ортиқча ҳужжатлар талаб қилиши ана шулар жумласидандир.

Ўзбекистон Республикаси адлия вазири ўринбосари Анвар Усманов жамоатчилик фикри сўрови натижаларига бағишланган матбуот анжуманида маълум қилишича, бугунги кунда мамлакатимизда 541 давлат нотариат идораси бўлиб, уларда қарийб 750 нафар нотариус фаолият юритади. “Гуруч курмаксиз бўлмайди” деганларидек нотариуслар орасида ҳам қонунга хилоф иш тутаётган шахслар учраб турибди. Бу ҳолатларга вазирлик тизимида муросасиз кураш олиб борилаяпти. Бунда жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари муҳим роль ўйнамоқда. Ҳар бир факт атрофлича ўрганилаётир. Ноқонуний хатти-ҳаракатларни содир этган нотариусларга кескин чоралар кўрилмоқда.

Жумладан, 67 та нотариат идораси ходимларига нисбатан турли даражада интизомий чоралар кўрилди, 5 нафар нотариус лавозимидан озод қилинди. 27 нафар нотариусга нисбатан жиноий иш очилди. “Бу таъсир чоралари тўхтамайди, тизимни тартибга келтирамиз”, деди А. Усманов.

Сўровда аниқланишича, жамоатчилик талаб қилинадиган ҳужжатларни оптималлаштириш, ягона маълумотлар базасини шакллантириш орқали мавжуд муаммоларни ҳал этиш керак, деб ҳисоблайди (70 фоиз). Дарҳақиқат, Адлия вазирлиги вакиллари тан олганидек, навбат кутиш, ортиқча ҳақ олиш, сансалорлик ҳолатлари учраб турибди. Бугунги кунда тизимдаги муаммолар таҳлил қилиниб, вазиятни янада яхшилаш чоралари кўрилаяпти. Маълум бўлишича, жами нотариал ҳаракатларининг 43 фоизи турли ҳужжатларни тасдиқлаш билан боғлиқ. Ўрганишлар шуни кўрсатдики, тахминан 27 та ҳуқуқий ҳужжатда бундай нормалар акс этган. Мазкур қоидалар инвентаризациядан ўтказилиб, уларни кескин қисқартириш бўйича чоралар кўрилмоқда.

Бундан ташқари, нотариал ҳаракатларни амалга оширишда идоралараро электрон ҳамкорлик йўли билан давлат хизматлари кўрсатишни назарда тутувчи “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизими ишга туширилгани соҳада тўпланиб қолган муаммоларни ҳал қилишда муҳим аҳамият касб этади. Чунки қонун ҳужжатларига мувофиқ, кўчмас мулкларнинг олди-сотди, айирбошлаш ҳамда ҳадя қилиш битимларини нотариал тасдиқлашда жисмоний ва юридик шахслар солиқлар, коммунал хизматлар, газ, электр энергиясидан қарздорлик йўқлиги ҳақидаги маълумотномаларни тақдим этиши зарур. Очиғи, ушбу ҳужжатларни йиғиш учун фуқаролар тегишли ташкилотларга бориб, турли оворагарчиликларга дуч келар, беҳуда вақт йўқотарди. Эндиликда солиқлар, коммунал хизматлар ҳамда электр энергияси бўйича қарздорлик йўқлиги, бино ва иншоотларнинг тегишлилиги ҳақидаги маълумотларни фуқаролар томонидан қоғоз кўринишида йиғиш амалиётига чек қўйилади. Бунинг ўрнига нотариуслар мазкур маълумотларни идоралараро электрон ҳамкорлик тизими орқали аниқ вақт режимида мустақил оладилар.

“Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан ўтказилган сўров натижаларига кўра, одамлар нотариал тасдиқлаш масаласи учун бир неча соат ёки кунлаб кутишига тўғри келмоқда (71 фоиз). Бундан ташқари, респондентлар нотариат идораларида таниш-билишларга яхши хизмат кўрсатилиши, ходимлар томонидан мижозларга қўпол муомалада бўлиш муаммоси мавжудлигини қайд этишган. Адлия вазирлиги масъулларининг билдиришича, нотариус хизматидан фойдаланиш учун электрон қабул жорий қилинаяпти. Фуқаро қабулга олдиндан ёзилиш орқали ўзига қулай вақтда юмушини бажариши мумкин бўлади. Бундан ташқари, нотариуслар хулқи, фуқаролар билан ишлаш маданиятини ошириш бўйича амалий ишлар олиб борилаяпти.

Сўровда респондентлар нотариал хизматлар учун тўлов тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш ва шаффофлаштириш, хусусий нотариуслар фаолиятини йўлга қўйиш орқали нотариуслар сонини кўпайтириш керак, деган фикрни ҳам билдиришган. Адлия вазирлиги масъулларининг маълум қилишича, бу борада тегишли таклифлар тайёрланган. Келажакда давлат нотариал идоралари билан бир қаторда, нодавлат нотариат фаолиятини йўлга қўйиш ҳам режалаштирилган. Бу соҳага рақобат муҳитини олиб кириш баробарида, кўрсатиладиган хизматлар сифатини яхшилашга туртки беради.

Шуни маълумот ўрнида қайд этиш керакки, Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастурида нотариат идоралари фаолиятини автоматлаштириш, барча нотариал битимлар ҳисобини марказлашган ҳолда юритиш ҳамда идоралараро электрон ҳамкорликни ҳисобга олиб, аҳоли ва тадбиркорларга нотариат соҳасида интерактив давлат хизматлари кўрсатишни йўлга қўйиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилган. “Тараққиёт стратегияси” маркази ушбу чора-тадбирларнинг ҳаётийлигини таъминлаш, соҳадаги муаммоларни таҳлил қилиш, аҳоли, тадбиркорлик субъектлари, кенг жамоатчиликнинг мазкур соҳага доир фикр-мулоҳазаларини ўрганиш мақсадида ушбу жамоатчилик фикри сўровини ўтказди. Унда барча ҳудуддан жами 1104 нафар фуқаро иштирок этди.

Қобил ХИДИРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn