Саккиз ойлик ўқиш, доимий иш
  • 10 Июль 2017

Саккиз ойлик ўқиш, доимий иш

Самарқанд шаҳридаги Касб-ҳунарга ўқитиш марказининг илк битирувчилари учун “Корейс тили ва маданияти куни” тадбири ўтказилди. Унда Жанубий Корея Халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA)нинг Тошкентдаги офиси директори Им Жонг хоним, Корея технологиялар ва таълим университети профессори Жанг Жонг Де, Кореядан келиб Самарқанддаги ўқув юртларида фаолият юритаётган ўқитувчилар, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги масъул ходимлари, корхона ҳамда ташкилотлардан келган меҳмонлар қатнашди. 

Дастлаб тадбирда Касб-ҳунарга ўқитиш маркази ўқувчиларининг  битирув ишлари бўйича кўргазмаси ташкил қилинди. Унда марказнинг 4 та йўналиши ўқувчиларининг ишларидан намуналар кўрсатилиб, рақамли дастурда бошқарув ускунаси, ҳар хил турдаги сейфлар, автомобиллар, “ақлли уй” макетлари намунаси, масофадан бошқарилувчи робот, видеомонтажлар намунаси ҳамда макетлари намойиш этилди. 

Шундан сўнг маҳаллий ўқитувчилар ва ўқувчилар корейс миллий ўйинларини маҳорат билан ижро этишдики, бу Жанубий кореялик меҳмонлар ва мутахассисларнинг эътирофига сазовор бўлди. 

Меҳмонлар марказ ошхонасига таклиф этилди ва у ерда кореялик ўқитувчилар билан тил маркази ўқувчилари биргаликда тайёрлаган корейс миллий таомлари дастурхонга тортилди. Таомлар кўргазмасидан сўнг Корейс маданияти марказининг очилиш маросими меҳмонларда унутилмас таассурот қолдирди. 

— Корейс маданияти марказида бугунги кунга қадар корейс тили бўйича 89, инглиз тилида 16, япон тилида 8 нафар тинг-ловчи тил ўрганди, — дейди мазкур муассаса директори Исмоил Эргашев. — Қувонарлиси, бу ерда тингловчилар нафақат корейс тилини, балки корейс халқи урф-одатлари, маданиятини ҳам ўрганишади.

Таъкидландики, Касб-ҳунарга ўқитиш марказига ўтган йили сентябрда 378 нафар кишидан ҳужжат қабул қилиниб, уларнинг 240 нафари ўқишга танлаб олинган. Шулардан 216 нафари бугун муассасани битириб, диплом олиб, турли ташкилотларга ишга жойлаштирилаяпти. Вилоятдаги 30 дан ортиқ корхоналар марказ билан шартномалар имзолаган. Марказнинг илк қалдирғочлари ана шу корхоналарга ишга жўнатилмоқда. Масалан, биргина “JV MAN UZBEKISTAN” қўшма корхонасига 33 нафар битирувчи ишга жойлашган.

— Мен Қорақалпоғистоннинг Амударё туманидаги Иқтисодиёт коллежини битирганимдан кейин Самарқанд шаҳридаги Касб-ҳунарга ўқитиш марказида билимимни янада оширдим, иш ўргандим, — дейди Муҳаббат Жўлибоева. — Айни пайтда Қорақалпоғистоннинг Манғит шаҳридаги “Кўна Манғит” МЧЖга ғазначи бўлиб ишга кирдим.

Тадбир якунида меҳмонлар ва ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирокида марказнинг илк битирувчиларига дипломлар ҳамда ишга жойлашуви тўғрисидаги сертификатлар топширилди. 

Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn