«Набирамга бир китоб»
  • 07 Июль 2017

«Набирамга бир китоб»

Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманида жойлашган Маънавият ва маърифат марказида ўзига хос тадбир уюштирилди. Гап шундаки, мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларга ўз ҳиссасини қўшишни хоҳлаган, “Жаҳолатга қарши маърифат” шиори остидаги тадбирларда фаол иштирок этаётган бир гуруҳ нуроний отахону онахонлар “Набирамга бир китоб” акциясини ўтказиш ташаббуси билан чиқишди.

Тадбир доирасида халқ ўйинлари, спорт мусобақалари ташкил қилинди. Энг катта майдонни китоб ярмаркаси эгаллади. Арзонлаштирилган ўн мингдан ортиқ бадиий ҳамда маърифий асарлар қўйилган расталар одамлар билан гавжум бўлди. Кам таъминланган оилаларнинг фарзандларига уларни қизиқтирган мавзулардаги китоблар улашилди.

— Акцияда қатнашиб, набирамга табиатга оид рангли-суратли китобдан икки дона олиб бердим, — дейди Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий  фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармасининг Ўрта Чирчиқ тумани бўлинмаси раиси Зикриё Йўлдошев. — Ярмаркага келтирилган асарлар ранг-баранглиги, мавзу доирасининг кенглиги билан ажралиб турибди. Бу бебаҳо бойликдан фарзанд ва набираларимизнинг қанча кўп баҳраманд бўлишига интилсак, шунчалик эзгуликка кенг йўл очган бўламиз. 

Вилоятда 300  мингга яқин нуронийлар яшайди. Тадбир жараёнида уларнинг ҳар бири мазкур акцияда фаол қатнашиш, йил давомида камида 2 нафар набирасига китоб совға қилиш ҳамда вилоят ҳудудидаги китоб дўконлари ва кутубхоналарга ёшларни жалб этишга кўмаклашишни ўзларига вазифа сифатида белгилаб олдилар.

Раҳматилла ШЕРАЛИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn