Ушбу тадбир узоқ йиллар давомида юртимизда иқтидорли ёш ижодкорларни кашф этиш, рағбатлантиришга хизмат қилиши баробарида, уларни янги асарлар яратишга илҳомлантириб келди.
— Президентимизнинг жорий йил 27 апрелда Жиззахга ташрифи давомида Зомин семинарини қайта тиклаш бўйича билдирган таклифини вилоят ва юртимиз ижод аҳли кўтаринки кайфият билан кутиб олди, — дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Жиззах вилояти бўлими масъул котиби Меҳрибон Абдураҳмонова. — Негаки, мазкур анжуман юртимиз ёш қалам аҳли интиқ кутадиган, уларни катта синовлардан ўтказадиган чинакам маҳорат майдонига айланиб улгурди.
Жорий йилнинг 5 — 7 июль кунлари бўлиб ўтадиган семинарда юртимизнинг барча ҳудудидан олтмиш нафар ёш ижодкор иштирок этмоқда. Уларга элимизнинг таниқли шоир ва ёзувчилари шеърият, наср, драматургия, болалар адабиёти, адабий танқид, бадиий таржима, бадиий публицистика йўналишларидан сабоқ беришади. Анжуман давомида ижоди юқори баҳоланган ёшларнинг асарлари жамланиб, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда “Ижод” фонди томонидан “Биринчи китобим” лойиҳаси доирасида чоп этилади.
Толибжон ЭРГАШЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.