Ёшларга оид давлат сиёсатида замонавий ёндашув
  • 05 Июль 2017

Ёшларга оид давлат сиёсатида замонавий ёндашув

Хабарингиз бор, 30 июнь куни халқимиз яна бир тарихий воқеанинг гувоҳи бўлди.  Шу куни пойтахтимиздаги Симпозиумлар саройида “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг навбатдаги қурултойи бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи тузилди. Расмиятчиликдан холи, тамомила очиқ ва самимий руҳда ташкил этилган анжуманда Президентимиз ёшлар билан дилдан суҳбатлашди, уларнинг фикр-мулоҳазалари билан қизиқди. Ўз навбатида, янги тузилган ташкилотнинг ҳар томонлама самарали фаолият юритиши, ёшларнинг чинакам суянчи ва таянчига айланиши учун унинг олдига улкан вазифалар қўйди.

Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги мажлиси “Ўзбекистонда ёшлар сиёсати: долзарб масалаларга замонавий ёндашув” мавзуига бағишланди.

Унда янги ташкил этилган Ўзбекистон ёшлар иттифоқи олдида турган вазифалар, умуман, республикамизда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда давлат ва нодавлат ташкилотларининг роли нималардан иборат эканлигига эътибор қаратилди. 

 

Ташкилот қандай бўлиши керак?

Айни шу савол юзасидан мутасадди раҳбарлар, олимлар, эксперт ва мутахассислар, асосийси, навқирон авлод вакиллари билан қизғин муҳокамалар ўтказилди. Бу борадаги халқаро тажриба ўрганилди. Маълумот ўрнида айтиб ўтиш керакки, дунёдаги ривожланган, демократик мамлакатларда ёшлар ташкилотлари дабдабали, баландпарвоз тадбирлар ўтказиш эмас, балки йигит-қизлар билан бевосита ишлаш, улар билан амалий мулоқот қилиш, ҳаётий муаммоларини ҳал этишга ўз -фаолиятини йўналтиради. 

— Юртимизда Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ташкил этилишидан кўзланган пировард мақсад ҳам йигит-қизларимизнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг турмуш тарзига чуқур кириб бориш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, зарур шарт-шароитлар яратишдан иборат, — дейди мазкур ташкилот раиси Қаҳрамон Қуранбоев. — Бу тузилма аввалгилари сингари бирор ҳудудга тарғибот гуруҳини юбориб, 100 ёки 500 нафар аҳоли билан йиғилиш ўтказиб, “Бўлди, биз мақсадимизга эришдик” қабилида эмас, балки, ўша жойдаги мавжуд муаммоларни ўрганиш, уларни бартараф этиш бўйича алоҳида дастурлар яратишда фаол иштирок этади.  

Ҳозир бизнинг ташкилотга ҳам жисмоний, ҳам юридик шахсларнинг аъзо бўлиб кириши масаласи кўрилмоқда. 

 

Ташаббуслар қуйидан бошланади

Айни пайтда ташкилотнинг ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлари ишлаб чиқилмоқда. Унда асосий эътибор ёшлар масалаларини юқоридан туриб ўрганиш эмас, аксинча уларнинг ичига кириб бориш, янги ғоя ва ташаббуслар эртамиз эгаларининг ўзларидан чиқишига кенг имконият яратишга қаратилади. Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси қошида ташкил этиладиган Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти бу вазифаларни амалга оширишда муҳим ўрин тутади. Мазкур муассаса муаммоларни атрофлича ўрганади, таҳлил қилади ҳамда ҳар бир ҳудуд бўйича керакли услубий қўлланмаларни тақдим этади, тегишли “йўл хариталари”ни ишлаб чиқади. Турли йўналишлар бўйича фаолият юритадиган ёшлар уюшмалари эса ана шу масалаларни ҳал этиш билан шуғулланади. 

Шу кунларда ташкилотнинг мақсад ва вазифалари, логотипини ишлаб чиқиш бўйича саъй-ҳаракатлар бошланган. Унда ҳар бир юртдошимиз ўз фикр-мулоҳазаларини эркин билдириши мумкин.  Таклифлар тегишли гуруҳ томонидан чуқур ўрганилиб, Ёшлар иттифоқи фаолиятида ўз аксини топади.  

 

Таълимга эътибор кучайтирилади 

Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Собитхон Турғуновнинг айтишича, янги тузилган ташкилот авлодлар ўртасида тажриба алмашишда катта мактаб вазифасини ўтайди. Жумладан, мазкур вазирлик тизимида илк бор ёшлар билан ишлаш бўйича вазирнинг ўринбосари лавозими жорий этилиши ҳамда бу лавозимга Президентимиз томонидан тенгдошлари орасида ташкилотчилиги, билими, интилиши билан ўрнак бўлиб келаётган Алишер Саъдуллаевнинг тайинланиши халқ таълими тизимида жуда катта амалий аҳамият касб этади. Жумладан, Ёшлар иттифоқининг умумтаълим мактабларида, мактабгача таълим муассасаларида бошланғич ташкилотлари фаолияти йўлга қўйилади. 

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Нарбаеванинг сўзларига кўра, жойларда ўтказилаётган учрашувларда кенг жамоатчилик, шу жумладан, хотин-қизлар вакиллари Ёшлар иттифоқининг ташкил топганидан беҳад мамнун эканликларини қайд этишаётир.    

— Давлатимиз раҳбари хотин-қизлар масалаларига юртимизнинг турли ҳудудларига ташрифлари давомида алоҳида эътибор қаратаяптилар, — дейди Т. Нарбаева. — Шу пайтгача фаолиятимиз, асосан, бир томонлама бўлиб қолган. Яъни аёллар билан чегараланиб қолганмиз. Қизлар ҳақида сўз юритганда, фақатгина 1999 йилда таъсис этилган Зулфия номидаги Давлат мукофотига номзодларни саралаб олиш,  уларни тақдирлаш, кейинги ҳаётини мониторинг қилиш билан кифояланилган. Айтайлик, мазкур танловда ғолиб бўлган қизларни рағбатлантирамиз-у, аммо бошқалари билан ишлашда сусткашликка йўл қўяяпмиз. Айни пайтда тизимимизда қизлар билан ишлаш бўйича алоҳида бўлим очиш, унга Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосарларидан бирини доимий масъул қилиш юзасидан саъй-ҳаракатлар олиб бораяпмиз. 

 

Ёш раҳбар-кадрларнинг режалари

Симпозиумлар саройида бўлиб ўтган йиғилишдаги муҳим воқеалардан яна бири — билими, зеҳни, иқтидори ва ташаббуслари билан тенгдошларига ўрнак бўлиб келаётган икки нафар ўзбек фарзандининг Президентимиз томонидан давлат идораларидаги масъулиятли вазифаларга тайинланиши бўлди. Бу эса Юртбошимиз маърузасида таъкидланганидек, ёшлар учун “социал лифт” сари ташланган дадил қадамдир. 

Чунончи, халқ таълими вазири ўринбосари Алишер Саъдуллаев иш фаолиятида мактабгача таълим муассасаларига алоҳида эътибор қаратишига урғу берди. 

—  Ёшлар иттифоқи ташкил этилиши йигит-қизларимиз учун том маънода муҳим воқеа бўлди, — дейди у. — Президентимизнинг биз, навқирон авлод вакилларига билдирган ишончини, албатта, фидойи меҳнатимиз, амалий ишларимиз билан оқлаймиз.

Олимжон Тўйчиевни кўпчилик ўзбек тилида сўзлаша оладиган робот муаллифи сифатида билади. Эндиликда у Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлиги бош директорининг ўринбосари сифатида иш бошлади. 

— Мамлакатимизда ёшлар учун барча имконият бор, — дейди О. Тўйчиев. — Бироқ айрим ёшларимиз ўқишни тугатганидан сўнг “Эплай олармикинман?”, “Қаерга ишга жойлашсам экан?”, “Қанча маош бераркин?” каби саволлар атрофида ўралашиб қолишади. Аслида эса улар янги иш ўрни яратиш, янгилик қилиш ҳақида бош қотириши керак. Бунинг учун ёшлар орасида фан ва технологияларни оммалаштириш зарур. Бинобарин, юртимизда мазкур соҳа ривожи учун барча шароит яратилган, ёшлар салоҳияти ҳам етарли. 

Учрашув давомида хорижий давлатларнинг мамлакатимиздаги элчилари ёшларга қаратилаётган эътиборнинг самаралари ҳақида ўз фикрларини билдирдилар. Шунингдек, олий таълим тизимида талабалар билимини ошириш бўйича янгича ёндашувлар, “Ёшлар” телерадиоканалининг ўз аудиториясига мос ва хос равишда фаолият юритиши тўғрисида мулоҳазалар айтилди. 

Омонулла ФАЙЗИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn