Унутилган соҳанинг катта имконияти
  • 05 Июль 2017

Унутилган соҳанинг катта имконияти

Тадбиркорлар бизнесда ишнинг катта-кичиги бўлмайди, дейишади. Чиндан ҳам, уддабурон кишилар аксарият ҳолларда одамлар илғамаган ёки эътиборидан четда қолаётган соҳаларда ҳам самарали фаолият юритиб, муваффақиятларга эришадилар.

Бунинг ортидан нафақат ўзи мўмай даромад топади, балки эл-юрт, жамиятга катта наф келтиради. Бунга чорвачиликнинг эчкичилик тармоғида истиқболли лойиҳаларни амалга ошираётган юртдошларимиз қўлга киритаётган ютуқлар яққол мисол бўла олади.

Президентимиз Андижон вилоятига амалга оширган сафари чоғида фаолияти билан яқиндан танишган Олтинкўл туманидаги “Бахт имкон ривож чорваси” кўп тармоқли фермер хўжалиги равнақида, айтиш мумкинки, эчкичиликнинг алоҳида ўрни бор. Бу ерда айни чоғда қорамоллардан ташқари, Германиядан келтирилган 300 бош наслли эчки боқилиб, улардан ўртача 3-3,5 литр шифобахш сут соғиб олинмоқда. Жорий йил охирига қадар хориждан яна 700 бош наслли эчки олиб келиш орқали янги тармоқ йўлга қўйилиши мўлжаллангани қувонарлидир.

Давлатимиз раҳбари тармоқни тараққий топтириш масаласига алоҳида тўхталиб, жумладан, шундай деди: “Чорвачилик сердаромад соҳа ҳисобланади, буни унутмайлик. Шифобахш бўлган эчки сутига нафақат юртимизда, балки чет элда ҳам талаб юқори. Шунинг учун бу соҳани ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш лозим”.

 

Даромади юқори

— Очиғи, одамлар эчкичилик тармоғининг даромадли эканлигини ҳали тўлиқ англаб етганича йўқ, — дейди Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг Чорвачилик ва паррандачиликни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Собир Мавлонов. — Аслида, унинг рентабеллиги ниҳоятда юқори. Мисол учун, харажат бошқа тармоқларга қараганда бир неча баравар кам, маҳсулдорлик эса юқори. Биргина сут йўналишини оладиган бўлсак, наслли эчкилар 3 литрдан 6 литргача сут беради. Бу битта оиланинг сут, қатиққа бўлган эҳтиёжини тўлиқ таъминлайди, деганидир. Шу боис айни пайтда қишлоқ аҳолиси, тадбиркорлар ўртасида кенг тушунтириш ишлари олиб борилаяпти. Самараси эса ҳозирданоқ сезилмоқда. Мазкур тармоққа муносабат ўзгариб, ҳар йили янги эчкичилик хўжаликлари пайдо бўлаётгани, чорва бош сони йил сайин ортаётгани ана шундан далолат беради.

Статистика маълумотларига қараганда, охирги 10 йилда мамлакатимизда  қўй-эчкилар бош сони 1,65 баробар ортиб, 2016 йил якунларига кўра, 19 миллион 749 минг бошни ташкил этди. Шундан қарийб 15,5 миллион боши фермер хўжаликлари тасарруфида бўлса, қолган қисми деҳқон хўжаликлари ҳамда қишлоқ хўжалиги корхоналари ихтиёридадир.

 

Жаҳон бозорида харидоргир

Президентимиз жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида қайси вилоятга ташриф буюрмасин, чорвачилик мавзусига алоҳида тўхталиб, соҳа мутахассислари ва мутасаддилари олдига аниқ вазифалар қўймоқда. Бу эса соҳанинг бошқа тармоқлари сингари эчкичилик истиқболида янги саҳифа очилишига туртки бўлаётир.

Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбарининг ҳали фойдаланилмаган имкониятлар кўплиги, уларни ишга солиб, қўшимча даромад топиш, халқимиз фаровонлигини янада ошириш юзасидан кўрсатган йўл-йўриқларидан келиб чиқиб, юртимизнинг чорвачилик учун қулай ҳудудларида йирик лойиҳалар ҳаётга татбиқ қилинаяпти. Шулардан бири Қўшработ туманида амалга оширилмоқда. 2017 — 2021 йилларга мўлжалланган мазкур лойиҳа доирасида 7,7 миллиард сўмлик инвестиция жалб этилиб, аҳоли, фермер ҳамда деҳқон хўжаликларида эчки ва қўй боқиш ташкил қилинади. Жумладан, Россиядан 10 минг бош наслли эчки олиб келиб кўпайтирилади.

Мутасаддиларнинг айтишича, ҳамкорлик қилиш учун Россия танлангани бежиз эмас. Чунки бу давлат эчкичилик жабҳасида дунёда етакчилардан бири ҳисобланади. Айниқса, эчки тивитидан тўқилаётган рўмол ҳамда шарфлар жаҳонда маълуму машҳур.

 

Юртимиз иқлим шароитига мос

Тажрибадан аёнки, эчкичилик, асосан, сут, жун, тивит йўналишларига ихтисослаштирилади. Ҳозирги пайтда сутчиликда Европа давлатлари, Россия, Шимолий Кавказ, Қрим, Ўрта Осиё мамлакатлари илғорлар сафида бўлса, жун йўналишида Туркия, АҚШ, Африка, Австралия пешқадам. Тивит олиш борасида эса Тибет ва Россияга етадигани йўқ. Шу маънода, Ўзбекистонда улардан қай бири истиқболли ҳисобланади?

Соҳа мутахассисларининг фикрига қараганда, юртимизнинг иқлим шароити сут ҳамда жун йўналишлари билан бирга, гўшт етиштиришни ўзлаштириш учун ҳам қулай. Масалан, бундай лойиҳаларни Наманган вилоятининг Чуст, Поп, Косонсой, Самарқанд, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларининг тоғ ҳамда тоғолди, Навоий вилоятининг Нурота, Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманларида амалга ошириш мақсадга мувофиқ.

— Республикамизда бевосита эчкичилик йўналишида жорий йилда 245 та лойиҳа тайёрланиб, босқичма-босқич амалга ошириш чора-тадбирлари кўрилаяпти, — дейди С. Мавлонов. — Сут ва жун етиштиришга мўлжалланган ушбу лойиҳалар доирасида хориждан 20 минг бош маҳсулдор эчки олиб келиниши кўзда тутилган. Шундан 10 мингтаси банкларнинг имтиёзли кредитлари эвазига сотиб олинади. Янги субъектларда ишни самарали ташкил этишда соҳада юқори натижаларни қўлга киритаётган, дейлик, Оҳангарон, Олтинкўл, Тошлоқ туманларидаги эчкичилик хўжаликларининг тажрибасини қўллаш яхши самара беради.

Шу ўринда айтиш жоизки, наслли эчкиларни хориждан олиб келиш билан кифояланиб қолмасдан, уларни ўзимизда кўпайтириш чоралари ҳам кўрилаётир. Бунда республикамизда наслчилик мақомига эга бўлган 8 та хўжалик фаолият юритаётгани айни муддао бўлаётир. Уларда 36 минг 524 бош эчки урчитилмоқда.

 

Соғлом турмуш калити 

Маркетинг таҳлилларига қараганда, ҳозирги кунда жаҳонда бўлгани каби юртимизда ҳам эчки сути, қатиғи, пишлоғига эҳтиёж катта. Баҳоси эса юқори. Мисол учун, қадоқланган бир литр сут пойтахтимиздаги супермаркетларда ўртача 8 — 10 минг сўмдан сотилаяпти. 

Шифокорларнинг билдиришича, эчки сути инсон саломатлиги учун кони фойда. Сабаби, у оқсил, енгил ўзлаштирилувчи ёғларга ўта бой. Бундан ташқари, таркибида мис, рух, марганец, йод, кумуш микроэлементлари, шунингдек, камқонликнинг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга бўлган кобальт моддаси кўп учрайди. Қолаверса, осон ҳазм бўладики, шунинг учун болалар, ошқозон касалликлари билан оғриганларга кўпроқ ичиш тавсия қилинади. Гўшти эса тўйимлилиги жиҳатидан қўйникидан асло қолишмайди.

Орамизда эчки сути ва қатиғини ичган, қуртини тановул қилганлар кўп. Аммо пишлоғини еганлар кам бўлса керак. Сабаби, бу тансиқ неъмат шу пайтгача юртимизда ишлаб чиқарилмас эди. Бунга биринчилардан бўлиб фарғоналик фермер қўл ургани диққатга сазовор.

— Фермер хўжалигимиз 1991 йилда ташкил этилган бўлиб, эчкичилик тармоғини 2012 йилда йўлга қўйганмиз, — дейди Тошлоқ туманидаги “Ўзбегим даласи” фермер хўжалиги раҳбари Равшан Шераев. — Бунинг учун Францияга бориб, шу тармоққа ихтисослаштирилган фермер хўжаликлари тажрибасини ўрганиб, улардан 50 бош наслли эчки сотиб олдик. Бугунги кунда маҳсулдор эчкилар сони 100 тадан ошди. Шундан 40 таси соғин эчкилар. Уларнинг ҳар биридан 3 литрдан сут соғиб олинаяпти. Дастлаб сутни қадоқланган ҳолда, шунингдек, ундан қатиқ ҳамда сузма тайёрлаб сотган бўлсак, яқинда маҳсулотимиз яна биттага кўпайди: пишлоқ ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик.

Қишлоқ мулкдорининг мазкур лойиҳасини рўёбга чиқариши осон кечмади. Чунки саноат усулида пишлоқ тайёрлашни йўлга қўйиш учун замонавий технологик ускуналар, тажрибали мутахассислар талаб этилади. Минитехнологияларни-ку топиш қийинчилик туғдирмади. Аммо мутахассис масаласи... “Қаловини топсанг, қор ҳам ёнади”, дегани рост экан. Фермер ўз ходимини Италияга малака оширгани жўнатиш орқали ушбу муаммонинг ечимини топди.

Айни пайтда “Ўзбегим даласи” бренди остида эчки сутидан пишлоқ тайёрланмоқда. Фермер маҳсулотини нафақат ички бозорга чиқаришни, балки экспортни йўлга қўйишни ҳам мақсад қилгани эса, айниқса, қувонарлидир.

Дарвоқе, Равшан Шераев юртимизда эчкичилик наслини яхшилашга ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда. Гап шундаки, ҳар йили улоқларнинг бир қисмини қизиқувчиларга сотаяпти.

Эчкичилик муҳим даромад манбаи, фаровон ва соғлом турмуш калитидир. Уни қўлга киритиш ҳам, қўлдан бой бериш ҳам ўзимизга боғлиқ.

Саид РАҲМОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn