Эзгуликка аталган ҳисса
  • 05 Июль 2017

Эзгуликка аталган ҳисса

Солиқларни вақтида тўлаш — ҳар бир юртдошимиз учун ҳам қарз, ҳам фарз.

Тошкент вилоятининг Зангиота туманида истиқомат қилувчи саксон ёшли Жўрабой ота барча ишни тартиб-интизом билан бажаришга одатланган. Шунданми, фарзанду набираларига ҳам ҳар қандай тўловларни пайсалга солмай вақтида тўлаб боришни уқтиради.

...Куни кеча одатига кўра, ўғлига мол-мулк ва ер солиқларини тўлаб қўйишни тайинлади. Фарзандининг “Ота, ҳали вақт бор, кейинроқ тўласак ҳам бўлади”, деган гапига қатъий қилиб: “Йўқ, болам, тўловларни ўз вақтида амалга ошириш зарур, ахир улардан маҳаллий бюджетга тушаётган маблағ туфайли биз, пенсионерлар пенсиямизни олаяпмиз, қолаверса, атрофимиздаги барча ўзгаришу ободликнинг бош манбаи ҳам мана шу солиқларга боғлиқ”, деб жавоб қайтарди.

Дарҳақиқат, жисмоний шахслар томонидан ҳар йили ўз эгалигидаги кўчмас мулк ва ер участкаси учун солиқ тўлаб борилиши қонунчилигимизда ўз ифодасини топган. Тўғри, белгиланган тартибга кўра, бу тоифадаги тўловларни 15 октябрга қадар амалга ошириш мумкин. Аммо Жўрабой ота айтмоқчи, солиқларни вақтида тўлаб қўйганнинг кўнгли хотиржам бўлади.

Хўш, мол-мулк ва ер солиқлари қандай ҳисобланади, улар қанча миқдорда бўлиши лозим, бу турдаги солиқларни кимлар тўлаши керак?

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 272 ва 287-моддаларига асосан, ўз эгалигида солиқ солинадиган мол-мулкка ёки ер участкасига эга жисмоний шахслар мол-мулк ва ер солиғи тўловчилари ҳисобланади.

Солиқ тўловчиларга тегишли кўчмас мулк — уй-жой, квартира, дала-ҳовли, гараж ва бошқа иморатлар, иншоотлар, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ажратилган ер участкалари солиқ объекти ҳисобланади.

Уларга оид солиқларни ҳисоблаш ва тўлов хабарномаларини солиқ тўловчиларга тақдим этиш, тўланганлигини назорат қилиш давлат солиқ органлари томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳар йили қабул қилинадиган Давлат бюджети параметрлари тўғрисидаги қарорига мувофиқ, жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк ва ер солиқлари ставкалари белгиланади.

Жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ иморатлар, бинолар ва иншоотлар учун ҳар йили 1 январь ҳолатига кўра, кадастр идоралари тақдим этадиган мулкнинг инвентаризация қийматига асосан ҳисоблаб чиқарилади. Солиқ солиш объектининг баҳоси мавжуд бўлмаган тақдирда, солиқ ундириш учун Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида 20 328,0 минг сўм, бошқа шаҳарлар ва қишлоқ жойларда 8 833,0 минг сўм миқдорида мол-мулкнинг шартли қиймати қабул қилинади.

Амалдаги қонунчиликда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож айрим тоифалари учун мол-мулк ва ер солиқларини тўлашда имтиёзлар кўзда тутилган. Шунингдек, фуқароларга мазкур солиқларни бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти ҳам яратилган.

Энг асосийси, ушбу тўланган солиқлар маҳаллий бюджетга тушади ва ўзимиз яшаб турган шаҳар, туман, маҳаллани иқтисодий ривожлантириш, ободонлаштириш, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжларини қондиришга сарфланади. Шундай экан, фуқаролик бурчимизни ўз вақтида адо этайлик!

Давлат солиқ қўмитаси 

Ахборот хизмати.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn