Ёрқин таассуротлар фасли
  • 05 Июль 2017

Ёрқин таассуротлар фасли

Йилнинг уч фасли зийнатини бир вақтга жамлаган сўлим гўшалар Навоий вилоятида жуда кўп. Бетакрор Сармиш, Фозилмон тоғларига туташ Сентоб, Оқтов этакларидаги Олтинсой, Зарафшон бўйидаги адирликлар шулардан бўлиб, ушбу манзилларда кечган ҳар бир дақиқа кишига олам-олам ҳузур бағишлайди. Айниқса, бундай гўшаларда болалар учун оромгоҳлар фаолияти йўлга қўйилиши уларнинг ҳар томонлама ривожланишида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Жорий йил ёзги таътил даврида ҳам ушбу ҳудудларда ўн иккита ёзги болалар соғломлаштириш оромгоҳи ташкил қилинди. Мавсум давомида улар салкам 16287 нафар ўғил-қизни ўз бағрига олади.

— Айни пайтда юртимизнинг барча ҳудудидаги оромгоҳларда болажонлар мириқиб дам олиб, ёзги таътил завқини мароқ билан ҳис этишаяпти, — дейди вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси Назира Тоғаева. — Вилоятимизда жорий йил 37 та оромгоҳ (25 таси кундузги) фаолияти йўлга қўйилди. Ўғил-қизларимизнинг мароқли ҳордиқ чиқариши ва бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун барча шарт-шароит яратилди. 580 нафар педагог, 56 нафар тиббиёт ходими, 56 нафар спорт ва сузиш бўйича йўриқчи, 72 нафар кутубхоначи, 36 нафар мусиқа раҳбари ҳамда 444 нафар техник ходим мавсумни уюшқоқлик билан ташкил қилиш учун жалб этилди. Шунингдек, вилоят ўрта махсус таълим бошқармаси ва шаҳар ҳамда туман ҳокимликлари ҳамкорлигида коллеж ўқувчиларини ишлаб чиқариш амалиётига қабул қиладиган ўнта корхона ва ташкилотда меҳнат ҳамда дам олиш оромгоҳлари ташкил этилди.

Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасининг Кармана тумани ҳудудидаги “Ишонч” соғломлаштириш мажмуаси бир мавсумда 400 нафар болажонни ўз бағрига олиш имкониятига эга. Айни дамда бу ерда мактаб ўқувчилари таътилни мароқли ўтказишаяпти.

— Оромгоҳимиз ўтган йили тўлиқ таъмирланиб, юз ўринли ётоқхона ва ошхона янгидан қурилди, — дейди вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими мудири Норимхол Нурманова. — Қолаверса, таъмирлаш жараёнида барча жиҳоз янгиланди. Бундан ташқари, болаларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида маънавият хонаси ҳамда кутубхона замон талаблари асосида қайта жиҳозланди. Оромгоҳларда кўчма кутубхоналар фаолияти йўлга қўйилиб, ўқувчилар ўртасида бир қатор кўрик-танлов ва викториналар ўтказилмоқда.

Айтиш жоизки, оромгоҳда болаларнинг мазмунли дам олиши баробарида, иқтидору имкониятларини намоён этишлари, бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун турли мусобақалар уюштирилиб, муваффақиятга эришаётган йигит-қизлар муносиб рағбатлантирилаяпти.

— Бу йилги ёзги таътил мавсумида ҳар бир боланинг келажакда етук мутахассис бўлиб шаклланишига хизмат қиладиган лойиҳаларни амалга оширмоқдамиз, — дейди оромгоҳ етакчиларидан бири, Навоий давлат педагогика институти талабаси Шаҳбоз Сайидхонов. — Масалан, “Вақт қадрига ет!”, “Имкониятдан тўғри фойдалан!”, “Тайм-менежмент” каби мавзулардаги семинар-тренинглар дам олувчиларга завқу шавқ улашаяпти.

Вилоятнинг Сармиш дараси этакларидаги “Шабода” оромгоҳида, асосан, “Қизилқумцемент” акциядорлик жамияти жамоаси аъзоларининг фарзандлари ҳордиқ чиқармоқда. Ушбу масканда жорий мавсум давомида 1200 нафар болани соғломлаштириш режалаштирилган бўлиб, уларнинг 100 нафарини Навоий шаҳридаги Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари ташкил этади.

Сўз “Ҳеч ким меҳр эътибордан четда қолмайди!” тамойили хусусида кетаркан, ёзги таътил давомида вилоятдаги оромгоҳларда эҳтиёжманд оилаларнинг 500 нафарга яқин фарзандлари дам олишига ҳам имконият яратиб берилганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Улар Навоий кон-металлургия комбинатининг “Зарафшон”, “Электркимёзаводи” АЖнинг “Камалак”, Қизилтепа туманидаги “Нимкон” ва “Дўстлик”, Кармана туманидаги “Ишонч” оромгоҳларида таътилни мазмунли ўтказмоқдалар.

Ёзнинг жазирама кунларида сув ҳавзаларининг қадри бўлакча. Шу боис барча оромгоҳда бассейнлар янгидан жиҳозланиб, турли мусобақа ва оромгоҳлараро турнирлар ташкил этилмоқда. Шунингдек, спортнинг интеллектуал турларини танлаганлар учун интернет орқали бошқа дам олиш масканларидаги болалар билан шахмат-шашка каби қатор ўйинлар виртуал кўринишда йўлга қўйилди. Энг муҳими, оромгоҳлардаги барча қулайлик болалар истаги асосида -яратилгани эътиборга молик.

Темур ЭШБОЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn